Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АКТ вазири Беларусь юқори технологиялар парки делегацияси билан учрашди

АКТ вазири Беларусь юқори технологиялар парки делегацияси билан учрашди

Фото: «Xabar.uz»

Кеча, 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Беларусь юқори технологиялар парки делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда АКТ вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 31 июль — 1 август кунлари Беларусь давлатига амалга оширган ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаб ўтишди.

АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ушбу ташриф натижасида бугунги кунда икки мамлакат ўртасида рақамли технологиялар соҳасида сезиларли натижаларга эришилганини қайд этди. Жумладан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети таркибида Ўзбек-Беларусь қўшма ахборот технологиялари факультети ташкил этилиб, унга 2019-2020 йилги ўқув мавсумига 505 нафар талаба қабул қилинди.

Беларусь Республикаси алоқа ва ахборотлаштириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўртасида АКТ соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

Ҳамкорлик доирасида Беларуснинг етакчи компаниялари билан дастурий маҳсулотлар соҳасида қатор натижаларга ва муҳим келишувларга эришилгани қайд этилди.

Фото: «Xabar.uz»

Беларусь юқори технологиялар парки директори Всеволод Янчевский Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳаси ривожига қаратилаётган катта эътибор ва интилишни алоҳида таъкидлаб, бунинг меваси узоқ куттирмаслигини, айниқса, илмга чанқоқ ёшларга эга мамлакат қисқа вақт ичида АКТ соҳасида катта ютуқларга эришиш салоҳиятига эга эканини айтиб ўтди. Шунингдек, у икки мамлакатни бирлаштириб турувчи омилларни санаркан, юқори технологиялар парки ҳамкорликка доим очиқлигини,  Беларусь компанияларида Ўзбекистон бозорига қизиқиш тобора ошиб бораётганини қайд этди.

Учрашув давомида икки томонлама манфаатли истиқболли йўналишлар, жумладан, IT-Парк фаолиятининг иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий масалаларида тажриба алмашиш, венчур фондларини ташкил қилиш, дастурий маҳсулотлар йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Меҳмонларга Ўзбекистондаги биринчи дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки – IT-Парк ҳақида ҳам маълумот берилиб, у Беларусь юқори технологиялар парки билан тенг даражада имтиёзларга эга эканлиги билдирилди.

Якунда томонлар муваффақиятли ҳамкорлик учун барча имконият ва шароитлар мавжудлигини эътироф этишди.

Маълумот ўрнида:

Беларусь юқори технологиялар парки 2005 йилда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга қулай муҳит яратиш, шу орқали мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида ташкил этилган. 2014 йилда унга қатор имтиёзлар берилиб, фаолият йўналишлари кенгайтирилган.

Бугунги кунда «Беларусь» ЮТП дастурлаш, ахборот технологиялари, иқтисодиёт тармоқлари учун инновацион ечимлар, консалтинг ва бошқа йўналишларда етакчи марказлардан бирига айланган. Бу ерда ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотларнинг 90 фоиздан зиёди экспорт қилинмоқда, 67 мамлакат компаниялари уларнинг буюртмачилари ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг