Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Адлия вазирлиги журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарлик белгиламоқчи

Адлия вазирлиги журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарлик белгиламоқчи

Бугун, 28 июнь куни Адлия вазирлиги томонидан «Медиа-саводхонлик ва fake-news» мавзусида  журналистлар учун семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев, Қонунчилик палатаси қўмита раиси Илҳом Абдуллаев, журналистлар, блогерлар, соҳа мутахассислари иштирок этишди. Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди. 

Ахборот тарқатиш ҳуқуқи ва масъулияти, ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик масалалари муҳокама қилинган семинарда куни кеча қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида тилга олинган вазифалар ҳам эътибор марказида бўлди.

Хусусан, қарорда айтилган «икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маълумот тақдим этмаганлик ёки нотўғри маълумот тақдим этганлик, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни белгилаш тўғрисида таклифлар киритсин» деган банд юзасидан семинарга йиғилганларнинг мулоҳазалари тингланди.

Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев ушбу масала юзасидан қуйидагича баёнот берди: «Президент қарорига асосан Адлия вазирлиги томонидан журналистларга маълумот тақдим этмаслик ёки нотўғри маълумот тақдим этиш, шунингдек, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва журналистларга босим ўтказганлиги учун давлат органларининг жавобгарлиги масаласини қонунчиликка киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунда, биз биринчи навбатда, профессионал қатлам, яъни журналист ва блогерлардан тегишли таклифларни кутиб қоламиз».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг