Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

8 йил кутилган адолат. Омбудсман аралашувидан сўнг қарор ижроси охирига етказилди

8 йил кутилган адолат. Омбудсман аралашувидан сўнг қарор ижроси охирига етказилди

Фото: «Evgenypetrov.ru»

Ишга тиклашга оид суд қарори ижроси Омбудсман аралашувидан сўнг ижро этилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га унинг матбуот хизмати маълум қилди.

Гап шундаки, Хуршида Джалилова 2000-2012 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида турли лавозимларда ишлаб келган. Бироқ 2012 йилда ўтказилган хизмат текширувида унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансуб эмаслиги хулоса қилиниб ишдан бўшатилган. Шундан сўнг Х.Джалилова 8 йил мобайнида ишга тикланиш бўйича кўплаб давлат идораларига қайта-қайта мурожаат қилади. Узоқ уринишлар натижасида 2020 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текшируви ғайриқонуний деб топилиб, Х.Джалиловани Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси тергов бўлими катта терговчиси лавозимига тикланишни белгилайди.

Ҳамма бало шундаки, Олий суд қарорининг ижроси ўз вақтида таъминланмайди.

Хуршида Джалилованинг мурожаатидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман) ҳолатни ўрганди. Аниқланишича, Олий суд қарори даъвогарнинг Қирғизистон Республикасида фуқаролиги бор ёки йўқлиги аниқланаётгани важи билан ижро қилинмаган.

Масалани ҳал этиш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили қирғизистонлик ҳамкасбига мурожаат қилиб, ҳолатга аниқлик киритди. Сўнг тўпланган маълумотлар асосида Вакил хулосаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирига юборилди.

Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 8 январдаги жавоб хатига мувофиқ, Х.Джалилова бор махсус унвони билан ИИВ кадрлар сафига қўшилиб, орадаги узилиш даврини хизмат муддатига қўшган ҳолда хизматга тикланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг