Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«400-800 евро атрофидаги ойлик ўртача маош ҳисобланади» – Сербияда ишлаётган ўзбек йигити билан суҳбат

«400-800 евро атрофидаги ойлик ўртача маош ҳисобланади» – Сербияда ишлаётган ўзбек йигити билан суҳбат

«Xabar.uz» чет элдаги ҳамюртларимиз билан интервюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Шоҳрух Қодиров Фарғона вилоятида туғилган. Ҳозир Сербияда куръер сифатида ишлаб келади. Сербияга кетишдан олдин бир муддат Дубайда ишлаган.

Шу билан бирга у Хитойнинг Нанкин почта ва телекоммуникация университетида ҳам таҳсил олмоқда.

У билан суҳбатимиз Дубай ҳамда Сербиядаги ҳаёт, ўртача ойликлар, харажатлар ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Ҳозир Сербияда курьер сифатида ишлаяпман

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилганман. Оилада 2 та аниқроғи, мен катта фарзандман ва синглим бор. Дадам Россия Федерациясида қурилишда ишлайди. Онам маҳалла фуқаролар йиғини идорасида хизмат қилади.

Марғилон шаҳар 11-мактабда ва сўнгра Фарғона компьютер технологиялари коллежини битирганман. Ҳозирда Хитой Халқ Республикасидаги Нанкин почта ва телекоммуникация университетида айнан шу соҳа бўйича бакалавр босқичида грант асосида таҳсил оламан. Пандемия туфайли чегаралар ёпиқ бўлиб 1-курсни онлайн ўқиб тамомладик.

Ҳозир Сербияда курьер сифатида ишлаяпман. Бундан олдин Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида кафеда кассир бўлиб ярим йилдан ортиқ вақт ишладим.

Саёҳат қилиш ва хориж давлатларни кўришни жуда хоҳлардим

Дубайга ишлашга кетишимга туртки бўлган биринчи нарса ўқишимга йўллар ёпиқлиги ва ҳали бери очилмаслиги бўлган. Ундан ташқари инглиз тилини яхши ўрганганим учун бутун дунё бўйлаб саёҳат қилиш ва хориж давлатларини кўришни жуда хоҳлардим. Шунинг учун ўқишимга йўллар очилишини кутиб вақт йўқотиб ўтирмасдан чет элдаги ҳаёт тажрибасига тезроқ эришиш мақсадида сафарга отландим.

6 ойдан ортиқ Дубай шаҳрида меҳнат қилдим. Лекин ходимлар ётоқхонаси Шаржа шаҳрида эди. Шу тариқа бир вақтнинг ўзида 2 хил шаҳардаги ҳаёт тарзини бошдан кечирдим. Ундан ташқари энди борган пайтим иш қидираётганимда Ажман шаҳрида ҳам бўлиб келишга улгурдим.

Мени назаримда шаҳар структураси бўйича Дубай ва Абу Даби қолган Амирликларга қараганда анча илгарилаб кетган.

Қаттиқ карантин қоидалари туфайли Абу Дабига киришга алоҳида таълаблар бор эди у ерга боришга улгурмагандим ҳали. Айнан Дубайни ўзи ҳақида гапирсам, очиғи шаҳар менга жуда ёқди.

Аммо мамлакат иқлимини ҳам гапириб ўтиш керак. Қиш мавсумида у ерда об-ҳаво жуда маромида илиқ бўлади, лекин ёзга келиб жуда исиб кетади. Яна диққатга сазовор нарсалари булар масжидлар жуда кўплиги, йўллар равон, ҳамма қонунга амал қилади. Полицияни кўчада деярли кўрмайсиз. Ҳар хил миллат вакиллари жуда кўп, айниқса ҳиндлар, покистонликлар, филиппинликлар ва албатта ўзбеклар ҳам етарлича.

500 – 1000 АҚШ доллар атрофида сарф қилиши мумкин

Дубайдаги хорижликларни иши ҳақида гапирсам, шаҳар туризм зонаси бўлганлиги учун энг кўп ишлар ҳам туризм ва савдо соҳаларида. Савдо марказлари, меҳмонхоналар, ресторанларда жуда кўп хорижликлар ишлаятганини кўриш мумкин. Уларни орасида ўзимизнинг ватандошлар етарлича топилади.

Ойлик маошларга келсак, айнан туризм соҳасида ойликлар кўпчилик кутганчалик баланд эмас, лекин иш жойига қараб «чой чақа» жуда яхши бўлади. Шуларни жамлаган ҳолда ўртача ойлик даромад 1000 АҚШ долларга яқин, баъзан ундан ҳам юқори ёки унинг ярми бўлиши ҳам мумкин.

Харажатлар тўғрисида гапирадиган бўлсам, одатда иш берувчи жуда кўп ҳолларда барча нарсаларни таъминлаб беради, масалан ётоқхона, 3 маҳал овқат, ишга олиб бориб келадиган транспорт ва форма, шуларнинг ҳисобига деярли харажатлар бўлмайди. Лекин аслида у ерда яшаш қиммат, шунчаки чеккадан борган одам ўзининг юриш туришига қараб ўртача ойига 500 – 1000 АҚШ доллар атрофида сарф қилиши мумкин.

Сербия мен учун жуда қизиқ туйилди

 Дубайдан Сербияга келишимга бир нечта сабаблар бор. Биринчи ўринда юқорида айтганимдек саёҳатга бўлган иштиёқ, гарчи Сербия Европа Иттифоқига кирмаса ҳам Европа мамлакати деган номи бор. Бу орқали қолган қитъа давлатларига осон бориш имкони мавжуд. Насиб қилса, албатта, яна бир нечта қўшни давлатларга саёҳат қилиб келиш ниятим бор.

Иккинчи сабаб айнан Сербиянинг ўзи. Бу бизнинг халқимиз учун анчагина нотаниш давлат. Яъни ўзбекистонликлар Сербия ҳақида кўп ҳам билишавермайди. Шахсан ўзим ҳам олдин бу давлат ҳақида деярли маълумотга эга бўлмаганман. Умуман Сербияда яшаш мен учун жуда қизиқ туйилди.

Ҳозиргача Сербия ҳақида таассуротларим яхши. Серблар жуда очиқ кўнгил, ёрдамга ҳар доим тайёр, меҳрибон халқ экан. Пойтахт Белград ўзининг 100 йил олдин қурилган биноларини қандай бўлса, шундай сақлаб қолган. Табиатга бўлган меҳр одамларда ўзгача эканлигига гувоҳ бўляпман. Мисол учун жуда кўп жойларда парклар бор ва кўчаларда дарахтлар кўп. Шу билан бирга одамларнинг шаҳар экологиясини асраб қолишга интилишидан ҳайратландим.

Сербларнинг ўзларига ҳам янгилик бўлди

Ўйлашимча, ўзга миллат вакилларининг элтув ишларини амалга ошириши сербларнинг ўзларига ҳам янгилик бўлди. Уларга хизмат кўрсатганимизда хайратланаётганини сезиб турамиз. Лекин буни деярли барча илиқ қабул қиляпти.

Бу ерда ресторан, кафелар жуда кўплиги учун чет элликлар асосан шу соҳаларда иш топиши осонроқ бўлса керак. Ойликлар ўта баланд эмас. Тахминан 400-800 евро атрофидаги ойлик ўртача маош ҳисобланади, чунки бу ерда яшаш нархи деярли Ўзбекистондаги шароит билан бир хил, баъзи нарсалар ҳатто арзонроқ. Ойлик харажатларни ҳам деярли Ўзбекистон билан бир хил қилиб қиёслашингиз мумкин.

Аммо бу 2 ярим миллион сўм 5 кишилик оилага етади, деб бўлмайди.

FAANG компанияларида ишлаш мақсадим бор

Келажакда режаларим кўп. Авваламбор Хитой халқаро талабаларга ўз эшикларини яна очишини кутяпман. Барибир бориб ўқишимни у ерда битирмоқчиман.

Ундан сўнг магистратурани Скандинавия ёки инглиз давлатларидан бирортасида ўқишни режа қилганман.

Шу билан бир вақтда ўзимнинг IT соҳам бўйича етарли тажриба тўплаб FAANG (Facebook, Apple, Amazon, Netflix и Google) компанияларида ишлаш ва онлайн бизнесни йўлга қўйиш мақсадим бор.

Қолаверса янада кўпроқ давлатларга саёҳат қилиб ўз дунё қарашимни кенгайтирмоқчиман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг