Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2021 йили аукционларда энг қимматга сотилган нарсалар (инфографика)

2021 йили аукционларда энг қимматга сотилган нарсалар (инфографика)

Инфографика: Visual Capitalist

Ўтган 2021 йил жаҳон аукционларидаги бир қатор шов-шувли савдолар тарихий рекордларни ўрнатди. Visual Capitalist тайёрлаган инфографикага 2021 йилда турли кимошди савдоларида энг қимматга сотилган 12 нарса киритилди.

Пабло Пикассо. «Дераза олдида ўтирган аёл». 1932 йил.
Фото: PA Images / Alamy via Legion Media

2021 йилги кимошдиларда энг қимматга Пабло Пикассонинг «Дераза олдида ўтирган аёл» асари сотилди. 1932 йилга мансуб ушбу картинада рассомнинг севгилиси Мария-Тереза Валтер тасвирланган (уни таниб олиш учун албатта Пикассо мухлиси бўлиш талаб этилади:)). Мана шу асар Christie’s аукционида 103,4 млн долларга сотилган.

Солиштириш учун: 2017 йили Леонардо да Винчининг «Дунё халоскори» асарини Саудия Арабистони ворис шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ал-Сауд кимошдида 450 млн долларга харид қилган.

2021 йилги кимошдиларнинг иккинчи қиммат хариди учун Sotheby’s аукционида 43,2 млн доллар тўланди. АҚШ конституциясининг биринчи босма нусхаларидан бирини сотиб олиш учун миллиардер ва сармоядор Кеннет Гриффин ҳамда 17 мингдан ортиқ аъзоси бор ConstitutionDAO криптоинвесторлар гуруҳи ўртасида кураш кечди. Якунда кўҳна конституция Гриффиннинг мулкига айланди.

Christie’s аукционида 29,3 млн долларга сотилган 15,81 каратли пуштиранг олмос — «Сакура» — учинчи ўринда.

1995 йилда чиқарилган, атиги 390 километр юрган McLaren F1А ноёб машинаси Gooding & Company аукциоанида 20,5 млн долларга кетди. Бунақа машинадан атиги 106 дона ишлаб чиқарилган, шулардан биттасини Илон Маск 2000 йилда катта тезликда бошқараётиб абжағини чиқарган.

АҚШнинг 20 долларлик олтин тангаси.
Фото: Sotheby's/Getty Images

АҚШнинг 20 доллар номиналидаги (қўшбургут) олтин тангаси 18,9 млн долларга баҳоланди. Ушбу тангалар 1933 йилга қадар зарб этилган, АҚШ олтин стандартидан воз кечганидан сўнг, тангалар муомаладан чиқарилиб, қайта эритилган. Ҳозир дунё бўйича шундай тангадан 13 донаси сақланиб қолган, 2021 йилги Sotheby’s кимошди савдоларида сотилгани — шу пайтгача энг қиммати ва рекордчиси бўлди.

Шериф Пэт Гарретт машҳур жиноятчи Билли Кидни отиб ўлдирган «Колт» револвери Bonhams аукционида 6 млн долларга сотилди. Кимошди савдолари тарихида ҳали ҳеч бир ўт очиш қуроли бунчалик қимматга кетган эмас.

Инфографикадаги қолган нарсалар:

  • $5,3 млн — Grande et Petite Sonnerie соати
  • $1,6 млн — таниқли дизайнер Рон Арад зангламас пўлатдан ясаган софа
  • $1,5 млн — Майкл Жорданнинг бир жуфт Nike кроссовкаси
  • $1 млн — 56,87 каратли зумрад қадалган маржон
  • $702 минг — 4,5 млрд ёшли Фукан метеорити
  • $155 минг — Hermès Black Togo Birkin 35 сумкаси.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг