Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

$101 000 сармоя киритилди. «Astrum»да ўзига хос лойиҳага старт берилди (видео)

Куни кеча Astrum IT академиясида академия ва USAID ўртасида дастурчи аёлларни тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Astrum IT академияси ва USAIDнинг қўшма лойиҳаси қизларнинг IT соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлашга қаратилган.

Тадбирда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.

«Astrum IT академиясининг ташкил этилиши Тошкент вилоятида ёшларнинг таълим олишлари учун ўзига хос лойиҳа бўлган. Чиройли бино қуриш мумкин, уни чиройли қилиб жиҳозлаш мумкин, бироқ бизнинг соҳамизда энг қийин масала яхши ўқитувчини топиш эди. Лекин Astrumда айнан шу муаммо ҳал бўлган. Бу ерда ўқийдиганлар ўз устида ишлаб, ҳақиқий кадрга айланадиган шароит яратилган.

Ҳозир қизларнинг ҳам ўқиб-изланишлари учун ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас. IT соҳасида улар ҳам ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Мисол учун, Aмерика компаниялари билан аутсорсинг қилишда қиз болами, ўғил болами, фарқи йўқ. Муҳими, ўз ишини бажарса бўлгани.

Шу сабабли бугунги кунда 200 нафар аёл-қизларни ITга ўқитиш бўйича лойиҳани амалга оширмоқдамиз», – деди AКТ вазири Ш. Шерматов.

Мазкур лойиҳага USAID – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги $50.000, Аstrum IТ Академияси эса $51.000 сармоя киритди.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад 200 нафар қизга ўқув дастури доирасида ахборот технологиялари ва бошқа йўналишларда таълим беришдан иборат. Лойиҳа 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган мактабни тамомлаган, олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган, кўмакка муҳтож қизларни қўллаб-қувватлайди.

«200 аёл дастурчи» лойиҳасини амалга ошириш механизми 4 босқичдан иборат:

1-босқичда инглиз тили, компютер саводхонлиги ва фрилансер йўналишлари бўйича IT-мутахассисларини тайёрлаш бўйича комплекс ўқув дастури ташкил этилди.

2-босқичда лойиҳа иштирокчилари QWASAR платформаси орқали веб-дастурлашни чуқур ўрганадилар (Front end ва Pre season босқичи).

3-босқичдан муваффақиятли ўтган иштирокчилар асосий курсга ўтказилади ва QWASAR платформаси ёрдамида ўқишни давом эттиради. Уларга ишга жойлашиш ва мустақил фаолиятда ёрдам берилади.

Курснинг якуний 4-босқичи эса лойиҳа натижалари асосида энг иқтидорли ва қобилиятли иштирокчиларни рағбатлантиришни ўз ичига олади.

Лойиҳада иштирок этиш учун номзодлар математика ва информатика фанларидан тест синовларидан ўтадилар. Юқори балл тўплаган қизлар курсларда ўқиши мумкин. Ўқув дастури олти ой давом этади. Машғулотлар ҳафтада уч марта ўтказилади.

Тренинг якунида курсни муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга билимларини тасдиқловчи сертификат берилади. Уларга иш топишда ҳам ёрдам берилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг