Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Яхши хабар: контракт тўлови учун ўтказиладиган иш ҳақига солиқ имтиёзи сақлаб қолинди

Яхши хабар: контракт тўлови учун ўтказиладиган иш ҳақига солиқ имтиёзи сақлаб қолинди

Фото: «Xabar.uz»

Янада яхши хабар: имтиёз қисмига энди турмуш ўртоқлар ҳам қўшилди.

Ёдингиздами, анча аввал янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида талабаларнинг контрактларига ўтказиладиган иш ҳақига оид имтиёзни бутунлай бекор қилиш таклиф этилаётгани ҳақида ёзгандим.

Лекин Президент томонидан имзоланган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида ушбу имтиёз сақлаб қолинибди. Қолаверса, имтиёз аввалгидан ҳам кенгайиб, энди турмуш ўртоғининг (эр ёки хотин) контракти учун ўтказилган иш ҳақидан ҳам даромад солиғи олинмайдиган бўлибди.

Ўзи қандай имтиёз бор эди?

Аввалги Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-бандига биноан, фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган суммалари даромад солиғидан озод қилинар эди.

Бу нима дегани?

Масалан, ота ўз фарзандининг контракти учун иш ҳақининг бир қисмини, айтайлик 1 млн сўмини тўғридан-тўғри институт ҳисобига ўтказади дейлик. Бунинг учун институтдан шартнома (ҳисоб-рақам) олиб, ташкилот бухгалтериясига ариза бериб қўйиш керак эди. Бундай вазиятда агар ота 3 млн сўм ойлик олса, демак фарзандининг контракти учун ўтказган 1 млн сўмдан даромад солиғи ушланмас, фақат қолган 2 млн сўмдан солиқ олинарди.

Бу ерда асосий жиҳат шунда эдики, фақат ўзининг ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандининг контракти учунгина шундай имтиёз бериларди. Турмуш ўртоғи, ака-укаси, келини ёки бошқа қариндошларининг контракти учун иш ҳақидан ўтказилса ҳеч қандай имтиёз қўлланмасди.

Энди нима бўлди?

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандига биноан, Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш  (ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун йўналтириладиган солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ солинмайди.

Демак, қуйидаги 3 тоифанинг контракти учун ўтказилган иш ҳақларидан даромад солиғи ушланмайди:

1) фуқаро ўзининг контрактига ўтказса;

2) 26 ёшга тўлмаган фарзандининг контрактига ўтказса;

3) эрининг (хотинининг) контрактига ўтказса.

Талабалар ва уларнинг ота-оналари енгил нафас олишлари мумкин. Талабаларнинг турмуш ўртоқлари эса хурсанд бўлишга ҳақли.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг