Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Вилоят ҳокими Президент тайинлайдиган вазирларни ҳақорат қилиб турса-я...

Вилоят ҳокими Президент тайинлайдиган вазирларни ҳақорат қилиб турса-я...

Очиғи вилоят ҳокимларининг оғзи шалоқ экан, дейилса унча ҳайрон бўлмаймиз. Қўл остидагиларни жуда кўп раҳбарлар шунақа сўкади, дея кўникиб ҳам кетдик ҳатто минг афсуски.

Лекин вилоят ҳокими вазир даражасидаги мансабдорларни ҳақоратлаши биринчи бор жамоатчиликка маълум бўлмоқда.

Ким кимни ҳақорат қилди?

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 9 июнь куни вилоят ҳокимлигида ўтказган йиғилиш аудиофайли ОАВга чиқиб кетди. Унда вилоят ҳокими бир қанча мансабдорларни очиқчасига ҳақорат қилганини кўриш мумкин.

Масалан, вилоят ҳокими «Сизга қанча электр керак бўлади?» деб савол берган «электр вазирига» нисбатан «тупойми у?» дея муносабат билдирган. Бунда катта эҳтимол билан Энергетика вазири Алишер Султонов назарда тутилган. Вилоят ҳокими қанча электр кераклигини ҳисоблаб берганини айта туриб, «шунга ақли етмаяпти бу фаросати йўқларнинг» дейди.

Шунингдек, Андижон вилояти ҳокими Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновни ҳам жиддий ҳақорат қилган. Хусусан, дастлаб вазирга нисбатан «вазирчанг», «ифлос», «шакал», «маймун», «карранда» деган сўзларни ишлатган.

Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига қарата «анави маразинг, вазирчанг, ифлос, кеча менга кеволиб, кетимга пахта қўйиб, ўзи Андижондан чиққан» деган гапларни айтган.

Шундан сўнг жаҳл билан дейди: «Лекин эшитиб ол: бугун ҳокимият менинг қўлимда! Жонингни суғуриб оламан сен ифлосларни!»

Бу ҳоким вазирларни ҳақорат қиладиган даражадаги ҳокимиятни қаердан олди экан, қизиқ?

Ўзи муаммо нимада?

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тепадаги баёнотини ўқидингиз. Унда айтилишича вилоят ҳокимлиги 26,4 млрд. сўмлик (3,1 млн АҚШ доллари) маблағни 3 та нарса (шприц, система ва тиббий қўлқоп) сотиб олишга йўналтирган. Ваҳоланки, бу пулга дори воситалари ва бошқа зарур тиббий буюмлар ҳам олиниши керак бўлган, лекин бундай қилинмаган.

Пулларнинг бу каби нотўғри тақсимланиши натижасида Андижон аҳолисининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжи 44,5 фоизга («Актовегин» дори воситасига бўлган эҳтиёж ҳатто 5 фоизга) таъминланган холос. Аммо қўлқоп 265 фоизга, система 103 фоизга ҳамда шприц 500 фоизга эҳтиёждан ортиқ сотиб олинган.

Тасаввур қиляпсизми, аҳолининг дорига эҳтиёжи бўлган бир пайтда, керак бўлмаса ҳам шприц ва қўлқоп сотиб олинаверган. Кимдир шошилинч тиббий ёрдам чақирса, бир чемадон шприц ва қўлқоп билан келишади, лекин ёнида дориси йўқ.

Энг қизиғи вилоят ҳокимлиги 3,1 млн долларлик бу маҳсулотларни қонун талабларини бажармасдан, ҳеч қандай тендер ўтказмасдан сотиб олган экан, ундан ҳам ёмони олинган воситаларга 47та ҳолатда сертификат бериш рад этилган, бошқача айтганда сифатсиз тиббий буюмлар сотиб олинган, - демоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Соғлиқни сақлаш вазири шу ҳақида вилоят ҳокимига хат ёзгани учун «маймун»дан олиб, «шакал»га солиняпти.

Икки кеманинг бошини ушлаганлар

Халқ таълими вазири сифатида Шерзод Шерматов энди иш бошлаган кезлари бор кучи билан халқ таълими тизимини ҳокимлар чангалидан қутқариб, тўғридан-тўғри вазирликка бўйсунадиган қилишга сарфлади ва буни уддалади, дейиш мумкин. Чунки мажбурий меҳнат ва бошқа яна кўплаб беъмани қарорларнинг илдизи тан оламизми, йўқми, узоқ йиллар айнан маҳаллий ҳокимларга бориб тақалар эди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мажлисда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига қарата бир гапни айтди: «икки томонга ўйнаяпсан, сен ифлос».

Ҳа, ростдан ҳудудлардаги ташкилотларнинг иккитадан раҳбари бор. Ҳам ҳудуд бўйича ҳокимнинг қош-қовоғига қарайди, ҳам юқори турувчи ташкилот сифатида вазирлигига бўйсунишга мажбур. Доно халқимиз эса билиб айтган: «чўпон кўп бўлса, қўй ҳаром ўлади».

Айрим ҳокимлар ўша ҳудудни ўз шахсий томорқасидай қабул қилмоқда ва қўл остидагиларининг барчасини қулдай кўради. Истаганда ҳақорат қилади, истаганда калтаклайди. Аслида эса у оддий хизматчи, халқ хизматчиси холос. Унга ўша мансаб бир умрга мерос қилиб берилмаганини унутмаслиги керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг