Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Рухсатнома сайтида тасдиқ код сўраяпти, қаердан оламан? Абитуриентлар саволларига жавоб берилди

Рухсатнома сайтида тасдиқ код сўраяпти, қаердан оламан? Абитуриентлар саволларига жавоб берилди

Фото: sputnik.az

Ҳуқуқшунос-блогер Хушнуд Худойбердиев абитуриентларнинг айрим саволларига жавоб бериб ўтди. Қуйида улар билан танишиб ўтишингиз мумкин.

Тест синови топшириш жойини нотўғри киритиб қўйишган экан, ўзгартирсам бўладими?
ЖАВОБ: Йўқ, энди буни ўзгартириб бўлмайди. Ҳар бир оператор маълумотларни киритгандан кейин ундаги маълумотларнинг тўғрилигини текшириш учун абитуриентнинг ўзига берган. Абитуриент ўзи текшириб, тўғрилигини тасдиқлаб имзо қўйган. Демакки, ўша пайтда яхшилаб, беэътибор бўлмасдан қараш керак эди. Операторлар 1 кунда юзлаб инсонларнинг маълумотини киритган. Сиз эса фақат ўзингизники текширгансиз, шу сабабли бу хатоликда Сизнинг айбингиз салмоғи кўпроқ.

Энди ариза ва рухсатномангизда қайси ҳудуд кўрсатилган бўлса, белгиланган кунда тест синовларини топшириш учун ўша ҳудудга боришга мажбурсиз.

Танлаган йўналишларни ўзгартириш мумкинми?
ЖАВОБ: Йўқ, эндиликда анкетангиздаги ҳеч қайси маълумотингизни ўзгартириб бўлмайди.

Паспорт рақамим рухсатномада 6 та рақам билан нотўғри ёзилибди, энди нима қилса бўлади, бу муаммо бўлмайдими?
ЖАВОБ: Агар паспорт рақами 0 (ноль) билан бошланган бўлса, унда рухсатномада ўша ноль тушиб қолган кўринишда чиқмоқда. Масалан, паспорт серияси ва рақами AA0123456 бўлса, рухсатномада AA123456 бўлиб чиқяпти. Бу техник носозлик холос, хавотирга ўрин йўқ. Ушбу ҳолат тестга киришда муаммо туғдирмайди.

Рухсатнома сайтда паспорт серия ва рақамимни киритсам, «паспорт нотўғри» деган жавоб чиқяпти, нима қилсам бўлади?
ЖАВОБ: Бунда 2 та ҳолат бўлиши мумкин:

1) паспорт сериясини албатта лотин ёзувида киритиш керак. Масалан, АА бўлса, кирилчада ёзилган АА ҳарфларини база қабул қилмайди. Шунинг учун клавиатурани лотин (инглиз) ёзувига ўтказиб олинг;

2) юқорида айтилганидек, агар паспортингиз рақами 0 (ноль)дан бошланган бўлса, унда ўша нолни ташлаб кетиб, 6 та рақам ёзиб кўринг. Масалан, AA0123456 бўлса, рухсатнома чоп этиш базасига AA123456 деб киритинг.

ДТМдан илтимос, рухсатнома чоп этиш саҳифасига шу каби изоҳларни киритиб қўйиш керак. Бундан бехабар абитуриентлар қийналмаслиги учун.

Ижодий имтиҳонлар топширадиганларнинг рухсатномаси нима учун базадан чиқмаяпти?
ЖАВОБ: Тест синовларига кирмасдан фақат ижодий имтиҳон асосида ўқишга қабул қилинадиганлар учун ruxsatnoma.dtm.uz сайтидан рухсатнома чиқмайди. Чунки бу рухсатнома фақат тест синовларига кириш учун берилади. Ижодий имтиҳон топширадиганлар имтиҳонга кириш учун рухсатномани ўзлари ҳужжат топширган ОТМдан олишади.

Рухсатномада нима учун имтиёзларим кўринмаяпти?
ЖАВОБ: Рухсатномада имтиёзлар кўринмайди, унда абитуриент қачон, қаерда тест синовларида иштирок этиши, таълим шакли, таълим тили, танлаган йўналишлари ва тест топширадиган фанлари акс этади. Aбитуриентнинг қўшимча маълумотларини шахсий кабинетдан кўриш мумкин.

Рухсатномани оқ-қора чоп этса ҳам бўладими ёки рангли чиқариш керакми?
ЖАВОБ: Оқ-қора чиқарсангиз ҳам бўлаверади, рангли чиқариш шарт эмас. Асосийси рухсатноманинг юқори ўнг бурчагидаги QR-кодга шикаст етмаслиги керак (букласа бўлади).

Тестга кириш учун қандай ҳужжат олиб бориш керак?
ЖАВОБ: тест синовларига кириш учун паспорт ва рухсатнома бўлса кифоя.

Рухсатнома сайтида тасдиқ коди сўраяпти, уни қаердан оламан?
ЖАВОБ: тасдиқ коди деган жойга, кўк рангда чиқиб турган турли ҳарфларни киритишингиз керак бўлади (пастдаги суратга қаранг). Ҳарфлар лотин ёзувида киритилишига эътибор қилинг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг