Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Хўрозқанд чет элники деса ёхуд Ўзбекистонда Қозоғистон университетлари филиали борми? 

Хўрозқанд чет элники деса ёхуд Ўзбекистонда Қозоғистон университетлари филиали борми? 

Фото:«Total.kz»

Сўнгги кунларда хорижий ОТМларда, айниқса қўшни Қозоғистондаги ОТМларда ўқиш ҳақида кўплаб саволлар берилмоқда. Шуларни жамлаб, умумий жавоб бераман.

Қозоғистоннинг ҳеч қайси ОТМнинг Ўзбекистонда филиали йўқ! Сурхондарёда ҳам, Тошкентда ҳам, Бухорода ҳам. Умуман ҳеч қаерда Қозоғистон ОТМининг филиали рўйхатдан ўтмаган. Агар кимлардир биз филиалимиз деган бўлса, улар фирибгарлар.

Ўзбекистонда ҳужжат қабул қилаётган барча фирмалар шунчаки тадбиркорлар холос. Уларнинг мақсади фойда олиш, қанча кўп мижоз олиб борса, шунча даромад олишади. Масалан, Сиз ҳам битта фирма очиб шу иш билан шуғулланишингиз мумкин.

Уларнинг иш услуби кўп ҳам мураккаб эмас. Ўзига чақирувчи эълонлар беришади, мижозларни (абитуриентлар) тўплаб, ҳужжатларини хориждаги ОТМга топширади ва яна айрим кичик техник, консультатив ишларни бажаради. Шу хизматлар учун 500 минг сўмдан 5 млн сўмгача алоҳида ҳақ олишмоқда. Яъни бу пул фирманинг даромади. ОТМга яна алоҳида контракт ҳам тўлаш керак. Балки хориждаги ОТМлар ҳам уларга ҳар мижоздан нечадир фоиз ҳақ ҳам чиқариб берар, аниқ билмадим.

Масофавий таълимнинг дипломи Ўзбекистонда нострификация қилинмайди. Агар мақсадингиз диплом олиш бўлса, унда масофавий таълимни танлаб хомтама бўлманг. Агар мақсад шунчаки билим олиш бўлса, унда ўзингиз биласиз.

Кундузги, сиртқи, кечки таълимнинг дипломларини нострификация қилиш ҳам жуда осон кечмайди. Бунинг учун имтиҳондан ўтишга тўғри келади.

Кўпчилик қўшни мамлакатлардаги ОТМларнинг имтиҳонсиз қабул қилишига иштиёқманд бўлмоқда. Осонгина талаба бўлиб олсак кифоя, кейинги йили бир амаллаб ўқишни Ўзбекистонга кўчириб оламиз, дея ўйлашмоқда. Бу Сиз ўйлаганчалик осон иш эмас.

Биринчидан, ҳозирда хорижда сиртқи, кечки ва масофавий таълимда ўқиётганларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчириш имконияти йўқ. Фақат кундузгига рухсат бор.

Иккинчидан, кундузги таълимдагилар ҳам алоҳида тест ва синовлардан ўтиб, кейин кўчира олишади. Агар етарли балл тўплай олмаса, жуда катта миқдорда супер-контракт тўлашига тўғри келади. Шунча даҳмаза керакми Сизга?

Хулоса: юқоридаги гаплар билан бутунлай хорижга ўқишга кетиш керак эмас, демоқчимасман. Қанийди, ёшларимиз хорижда кўпроқ ўқишса, ТОП-1000 га кирадиган жаҳон университетларида сабоқ олишса, дунё кўришса, бу фақат ва фақат жамият ривожи учун фойда бўларди.

Аммо гап таълим сифати ўзимизникидан деярли фарқ қилмайдиган, балки биздан ҳам ёмонроқ бўлган ОТМлар ҳақида бормоқда.

Айримлар ҳатто ўқишга кетаётган ОТМ номини ҳам билмайди. Сўрасам, тайинли жавоб бера олишмайди. Одамлардаги асосий мақсад билим олиш эмас, шунчаки диплом олиш ёки бир амаллаб ўқишини Ўзбекистонга кўчириш бўлмоқда. Бундан эса уддабурон тадбиркорлар жуда унумли фойдаланишмоқда.

Масалан, Қозоғистонда ҳам QS халқаро рейтингида ТОП-1000 га кирадиган 10 та ОТМ бор:

1. Форобий номидаги Қозоқ миллий университети (207-ўрин)
2. Евроосиё миллий университети - ENU (418)
3. Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети – SKSU (491)
4. Абай номидаги Қозоқ миллий педагогика университети (561-570)
5. Сатбаев университети (561-570)
6. Қозоқ миллий аграр университети – KazNAU (651-700)
7. Қозоқ-Британ техника университети (751-800)
8. Қарағанда давлат университети (801-1000)
9. Қарағанда давлат техника университети (801-1000)
10. Халқаро муносабатлар ва жаҳон тиллари университети (801-1000)

Мана шу ОТМларда ўқимоқчи бўлсангиз, бу ниятингизни қўллаб-қувватлайман. Уларда таълим сифати бизникилардан анча баланд.

Аммо номини ҳеч ким эшитмаган, Сизга осонгина диплом беришни ваъда қилаётган жойларга борманг. Имтиҳонсиз қабул қилишларига учманг, бизда ҳам ўқишга кириш унча қийин бўлмай қолди, 80-90 балл билан бюджетга киришяпти ҳатто.

Бу шунчаки дўстона маслаҳатим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг