Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Бир ёқадан чиқмаётган бошлар

Бир ёқадан чиқмаётган бошлар

Фото: «uznews.uz»

ОТМ сайтларида абитуриентларга керакли барча маълумотлар ҳам йўқлиги ҳақидаги постим кўпчиликка ёқмагани аниқ. «Ишимиз кўп пайтда энди сайтимизни ҳам янгилашимиз керакми» деган эътирозлардан ҳам билса бўлади буни.

Шу абитуриентлар Сизларнинг эртанги талабангиз, уларнинг ҳисобидан маош оласиз, улар бир умрлик шогирдингизга айланади, 4 йил Сизнинг таълимингизни олишади. Демак, бундан Сиз кўпроқ манфаатдорсиз, ДТМ ёки бошқалар эмас.

Афсуски бизда давлат таълимга шу даражада кўп аралашганки, аксарият ОТМларга ким талаба бўлиб келиши унча қизиқмас, квота тўлса бўлди. У жой кимлар билан тўлади, ақллилар биланми ёки таваккалчилар билан, бу унча ўйлантирмайди. Чунки ҳар қанақа даражадаги абитуриент ўқишга кирса ҳам, 4 йилда амаллаб битириб кетади (бу энг оғриқли жойимиз).

Бизда селекция деган ишлар МУТЛАҚО йўқ, чунки ректорда ўзи истаган билимли ёшни ўз ОТМига қабул қилиш ваколати йўқ. Қишлоқларда қанчадан қанча билимли ёшларимиз бор, шуларнинг иқтидорини аниқлаб, уларни тезда ўз талабасига айлантириш орзуси бизда бўлмаган. Чунки тизим бунга йўл бермайди.

Ғарбда чекка ҳудуддаги мактабларда бирорта иқтидорли ўқувчи чиқиб қолганини эшитишса, дарров турли таълим муассасалари вакиллари етиб келади ва ўзига олиб кетишни истайди. Маҳаллий олимпиадалар ёки танловларни синчиклаб кузатиб боришади. Кадр учун жиддий кураш кетади. Чунки билимли битирувчи ОТМнинг юзи, унинг обрўси ва рейтинги демакдир.

Товба, бизда эса абитуриентлар учун сайтларни янгилаб қўяйлик дейилса, шундоқ ҳам ишимиз кўп, ана ДТМ эълон қилсин, дейишади.

ОТМлар тўлақонли мустақил бўлмагунча, олий таълим тизими маъмурий буйруқбозликдан  бозор иқтисодиётига ўтмагунча катта силжиш кутмаслик керак.

Бошқа томондан ДТМга қаратилган эътирозлар ҳам ўринли. Имтиёзлилар ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш қийин ишмаску. Базадаги бор маълумотни экранга чиқариш техник томондан катта машаққат талаб этмайди ахир.

Ёки барча ОТМлар учун битта виджет ясаб берса ҳам бўлади (API берсин демайман, майли). Об-ҳаво сайтларига кирсангиз, исталган шаҳарнинг об-ҳавосини ўз сайтингизга жойлаштирадиган қилиб виджет ясаб олишингиз мумкин. Ёки ўз сайтингизга Марказий банк базасидан валюталар курсини кўрсатувчи панел жойлаш жуда осон иш.

Худди шунақа қилиб ҳар бир ОТМ ўзига керакли маълумотни сайтига йўналтирувчи механизм яратиш шунчалар қийинми? 21-асрнинг 20-йилига яқинлашганимизда сайтларни қўлда янгилаш шармандали эмасми?

Агар ДТМ дастурчиларининг вақти бўлмаса, унда аутсорсинг орқали дастурчиларни ёллашсин, тахминан 5 млн сўмга яратиб беришади. 50 нафар ўтган йили битирган абитуриентларнинг тўлови кетса кетар...

Хуллас, ҳамма бир-бирига ташлайди, бу унинг иши, бу бунинг иши, деб баҳона қилишади. Бир қарасанг, НАПУ ДТМни айблайди, ДТМ ДХАнинг хатолари ҳақида гапиради, ДХА ДТМни айбини қидиради...

Ҳамма бирикадиган, бир ёқадан бош чиқариб ишлайдиган мураккаб бир вазиятда бошбошдоқлик бўлиши кўнгилни хира қиляпти...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг