Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Яхши одам ниқоби ортидаги билимсиз одамга айланиб қолмайлик

Яхши одам ниқоби ортидаги билимсиз одамга айланиб қолмайлик

Фото: «Xabar.uz»

Сабру шукр – яхши фазилат. Ҳаётимизда сабр-тоқат, шукр қилишга арзийдиган ҳолатлар жуда кўп: рўзғордаги етишмовчилик, ёстиқдошнинг баъзи камчиликларига кўз юмиш, ишдаги ғурбатларни ўткинчи синов тариқасида қабул қилиш... Танимиз соғ, раият тинч-хотиржамлиги учун шукр келтирамиз. Бошимизга бирор кулфат тушганида бардош билан енгамиз. Бироқ, ҳамма нарсанинг меъёри бўлгани яхши. Ҳамма нарсага шукр ва сабр қилиш ҳаракатсизликка олиб келади... «Сабр-тоқат жуда чиройли амал, аммо узоқ вақт сабр қилиш учун ҳаёт жуда қисқа», деган эди  донишмандлардан бири.

Шубҳасиз, саодатга эришиш учун сабрли бўлмоғимиз, осойишта кунимизга шукр қилмоғимиз лозим. Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асаридаги бир қимматли фикрга эътибор беринг-а: «Уруғни қара. Олдин унинг ҳаммаёғи лойга, чангга беланди. Сўнг у ерга қадалгандан кейин қаттиқ ерни ёриб, қийинчиликларга сабр-тоқат билан чидаб, юзага чиқади. У забардаст дарахт бўлади, мева тугади, қанча-қанча одамларнинг ҳожатини чиқаради. Ҳар қандай ишнинг, ҳар қандай ютуқнинг камчилиги бўлади. Унга сабр-тоқат қилган инсон кейин роҳат фароғатда яшайди». Сабрга берилган жуда чиройли таъриф. Аммо у уруғ: униб чиқиши учун сув қуйилади, ўғит солинади, яъники, ривожланиши учун шу тариқа ёрдам берилади. Ерга қадалган-у аммо сув қуйилмаган, ўғит берилмаган уруғ унмайди, ривожланмайди. Аксинча, қадалган жойида чириб кетиши мумкин.

Инсон ҳам шунақа: фақат сабр  ва шукр қилиб саодатга эришиши қийин. Ҳаракатда – баракат, деган гап ҳам бор-ку. Яъни, ҳаракат қил, бу жараёнда то мақсадга етишгунча сабр қил, ҳаракатга келтираётган ақл-фаросатинг борлигига эса шукр... Чунки, одамларданги ортиқча сабру шукрни суиистеъмол қилувчилар, ўз манфаати йўлида фойдаланадиганлар доим топилган.

Бугун фикрлар, ғоялар бир-бири билан кесишмаётган замонда, одамлар ноҳақликларга, юлғичларга, порахўрларга нафратини айта оладиган даврда яшаяпмиз. Аммо фақатгина нафратни кўрсатиш билан нимагадир эришиш мумкинми? Агар ҳуқуқимизни билмасак, адолатсизликка қарши фаол курашмасак, косамизнинг оқариши қийин. Ҳақиқат йўлини излаш лозимлиги ҳақида атоқли адибимиз Иброҳим Ғафуров «Танланган асарлар»ида шундай ёзади: «Яшаш ва ўз фаолияти учун зарур қонунларнинг меъёрларини  билиш тўғри ва соғлом кун кечиришда заруратга айланиб қолди. Қонунлардан бехабар яшаш кўзни маҳкам бойлаб, ҳозирги замоннинг серҳаракат кўчаларида юриш билан баробар... Фақат ўта содда одамларгина: «Э, қонунларнинг ҳаммасини ўрганиб охирига етиб бўлармиди, Худо етказганига қараб шукр қилиб яшайвер-да», деб ўгит қиладир. Ҳолбуки, эндиликда содда одамнинг араваси лойга ботиб ётаверади... Ҳуқуқий маданиятнинг йўқлиги ёки заифлиги тушкунлик, бўшанглик, қўрқоқлик, оғзидаги нонини олдириб қўйишга олиб келади. Бўшанг одамнинг ризқини ваҳшийлар талаб ейдилар. Ваҳшийларнинг талончлигига йўл қўймаслик – мана шу ҳуқуқий маданият...»

Қўйлиқдаги бозорда юкларимни бекатгача олиб борган аравакашни гапга солдим. Кунига 60 минг сўм ишларкан, шунинг тенг ярмини арава ижараси учун бераркан. Тўрт ғилдиракли битта темир араванинг бир кунлик нархи – 30 минг сўм. Бундай аравадан бозорда, эҳ-ҳе, қанча бор. Қайсидир бир уддабурон бир пайтлар 30 минг сўмга сотиб олган араваси кунига 30 минг сўм олиб келяпти. Ноинсофлик ҳам эви билан-да. 

Аравакаш билан суҳбатим ҳали тугамади. «Шунисига ҳам шукр, тинч яшаяпмиз, ҳеч йўғи кунига шунча пул топиш имконияти бор-ку», дейди у турган оғзи очиқ пойабзали билан ер чизиб. 

Шукр қилаётган аравакашга таҳсин айтишим керакми? Йўқ, аммо айтгим келмайди: унинг мана шу тинч мамлакатда бошқачароқ яшашга ҳаққи бор...

Тақдир тақозоси билан хорижда яшаётган бир ватандош шундай ёзади: «Мен учун идеал жамият – бу қонун-қоидаларга асосланган, деярли барча учун тенг жамият эди. Мен уларни Канададан топдим. Бирор марта таниш-билишлар орқали ишимни битирмадим, бировга пора бермадим, келишмадим. Чунки, жамиятнинг ҳар бир бўғини маромида ишламоқда... Тиббиёт, тиш докторларидан ташқари, мутлақо бепул. Учинчи фарзандим шу ерда туғилган. Туғруқхона учун бир тийин ҳам сарфламаганман. Ҳамма керакли нарсалар туғруқхонада бор, ҳеч нарсага сизни югуртиришмайди». У биз учун эртакдай туюладиган бир воқеликни айтади: «Бир ёшли болакай ҳовлига чиқиб кетади. Ва юраги тўхтаб қолган Эрикани дўхтирлар ҳаётга қайтаради. Аммо унинг онаси Лейла ўша ҳудуднинг «ЖЭК» ўрнидаги компанияни эшикни вақтида тузатиб қўймагани учун судга беради. Суд онага юз минг доллардан зиёд пул ундириб беради». 

Бир куни унинг уйида газ исини сезувчи детектор чийиллайди. Уй эгаси  қараса, детектор 2011 йил ишлаб чиқарилган – муддати тугаган экан. Ватандошимиз уни алмаштириш учун фирмага мурожаат қилганида шундай жавоб келади: «2011 йилнинг март ойигача чиқарилган детекторларнинг бир айби бўлган, биз сизга уч кун ичида янги детекторни етказиб берамиз», дейди. Ва 60 долларлик детекторни текинга ташлаб кетишади...

...Яқинда бир хонадондан ис газидан заҳарланган беш нафар (!) гўдакнинг тобутлари чиқди, яна бир оилада қўл бола иситгич сабаб бешикдаги гўдак ёниб кетди. Бу фожеалар ортида қанчадан-қанча оилаларнинг мусибати, фарёди ётибди. Айтишингиз мумкин: ўзлари беэътиборлик қилган, деб. Масалан, Туркияда баллондаги газ тугаса, тегишли жойга телефон қилишаркан, мутахассислар дарҳол келиб, ўзлари текшириб, ўрнатиб  кетишаркан. Биздагига ўхшаб навбат талашиб, жиққа-мушт бўлиш йўқ, аравага ортиб ўз билганича қўйиб олмас экан... 

Бир пайтлар арава тортиб юрган, айни пайтда хорижда боғбон бўлиб ишлаётган яна бир аравакашнинг гапи ҳеч эсимдан чиқмайди. «Юрган эканмизда арава тортганимизга ҳам шукр қилиб. Бошқача ҳаёт ҳам бор экан. Бу ерда ҳатто ҳамширалар оладиган маошига чет элма чет эл саёҳатга чиқишади». 

Четга чиққан аравакашнинг ҳаётга қарашлари ўзгарди. Аммо орамизда афсуски, ўзининг қишлоғидан нарига чиқмаган, чироқ, газ бўлмаса ҳам шукр қилиб яшаётган, ҳаёт шу экан-да, деб ўтиб кетаётган ҳамюртларимиз жуда кўп. 

Топган пулларимизни фақат тўйларга сарфлаймиз, деган иддаоли гапларни яқин-яқингача мен ҳам қўллаб-қувватлардим. Аммо ўзбекнинг тўйдан бошқа яна нима кўнгил очар нарсаси бор?! «Юрган дарё ўтирган бўйра», дейишади. Бу гапда катта ҳикмат бор. Албатта, дард-у фикри пул топиш учун четга кетганлар учун ҳаёт бир хил. Сайру саёҳат ҳақида ўйлаш, ўзга халқлар урф-одатларига қизиқиш йўқ уларда. Чунки улар мусофир юртда фақат оиласи учун пул топишни ўйлайди. Мен худди Туркиядаги ҳамшира чет элга саёҳатларга чиқиш даражасида оладиган мояна ҳақидаги  орзуим ҳақида айтмоқчиман. Лекин бу орзу, холос. Ҳатто ўзим неча йиллардан бери Хоразм ва Бухоро каби юртимиз шаҳарларини кўриш орзусидаман, аммо...  Кўпчилик  худди шундай.

Тинч яшаётганимиз учун шукр қилишимиз лозим. Аммо қарашларимизни ўзгартиришимиз, меҳнатимизни оёқ ости қилаётган корчалонлар билан курашишни, ҳақиқатни сўрашни ўрганишимиз керак. 

Яқинда Фарғонада сафарда бўлдим. Очиқ кўнгилли халқимиз борлигини яна бир бор кашф қилдим. Мухбир эканлигингизни эшитиб,  нажот кутади, уларга ёрдам беришингизни хоҳлайди. Аммо улар сизга ёрдам беролмайди. Бир боғчага бориб қолдим. Атрофи бирам кўримсиз, бино вайрона ҳолатда. Мухбир келганидан боғча опаларнинг кўзидаги ҳадик. Жонсараклигини кўриб раҳмингиз келади. Нари борса, 500 минг ҳам маош олмайдиган, қалин кийими билан ишлаётган боғча опалардан «нима камчиликлар бор боғчаларингизда?», десангиз, довдираганча, қунишганча «ҳаммаси яхши», деб жавоб беради. Очиғи, шундай жойларга боришдан юрагим безиллайди. Одамларнинг кўзидаги жонсаракликни, ҳадикни кўриб, бир донишманд айтганидек, «юзингдаги сўраниш хорлигини кўришга менинг кучим етмайди». Боғчадаги тарбиячининг ёки касалхонадаги оддий ҳамширанинг нима айби бўлиши мумкин? Мени хафа қиладиган нарса оддий ходимларнинг бирлашиб адолатсиз, очкўз раҳбарга қарши курашмаслиги, курашолмаса-да, ёрдам бермоқчи бўлганларга камчиликларни рўй-рост айтмаслиги, янаям ачинарлиси, худди бутун бошли боғчани талаган одамдек ҳадиксираш билан қараши... 

Тўғри, қишлоқларда яхши яшаётган одамлар ҳам кўп. Аммо менинг кўзимга барибир уларни дард эзиб ташлагандек. Бир тадбиркор солиқчилар билан қандай олишганини айтиб беради: «Жонимга тегиб кетганидан уларга қараб болта кўтаришгача бордим. Шундан кейин тинч қўйишди», дейди. Йўлда келаётганимда такси ҳайдовчиси «Қўқон бозоридаги автотураргоҳнинг эгаси ҳеч қандай шароитсиз ҳар бир таксидан 5000 сўмдан олади. Бир кунда юзлаб машина чиқиб кетади бу ердан», дейди.  Яна ўша гап: қайсидир такси ҳайдовчиси минг машаққат билан, турли жарималарни тўлаб, уйига арзимаган пул билан кириб боради, автотураргоҳ бошлиғи эса ўтирган жойида бир кунда камида миллион сўмга эга чиқади...

Мен халқимизнинг ўз қишлоғидан чиқмай шукр қилганча ўтиб кетишини эмас, ўзга юртларга саёҳатларга чиқққанида шукр қилишини истайман. Қишлоқ одамларининг сабр-тоқатига яраша газ, чироқ билан таъминланишини истайман. Мен халқимизни бундан яхшироқ ҳаётга муносиб эканликларини ТУШУНИБ етишини, ана ундан кейин «шукр, мана шундай кунларни кўрдик», дейишини истайман. Уруш вақтида тинчликни истайсиз, тинчлик учун курашасиз. Тинчлик замонида бу неъмат учун шукр қиласиз. Аммо бу камлик қилади. Тинчлик ҳукм сураяптими, демак, яхши ҳаёт, яхши кунлар учун йўл бор. Тинчлик нимага керак? Яхши яшаш учун-да. Озод ва мустақил юртда мен яхши яшашим, бундан кўпроғига муносибман, дея яшаш керак эмасми? Ана ўшанда айтган шукроналигимиз самимий чиқади.

Биласизми, одам депрессия, яъни тушкунликка қачон тушади? Болалиги яхши ўтмаса. Жуда кўп нарсаларга сабр қилиб, ҳаммасини ичига ютса... Мен жамиятни болалиги ёмон ўтган одамга ўхшатаман – мана энди катта бўлганида ҳамма салбий ҳиссиётлари  юзага чиқаётган – депрессияни бошидан кечираётган инсонга. Бундан чиқиш учун эса ҳамма бирдан ҳаракат қилиши, яъни барча ёмон ҳиссиётлар – порахўрлар, мунофиқлар, адолатсизлик учун бирга курашмоғи шарт. Масалан, ўзга миллат вакили бирор идорага бориб, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилса «закунни яхши билади», деймиз ва ишини иложи борича битириб беришга ҳаракат қиламиз. Агар миллатдошимиз ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб борса, «шаллақи», «ёзғувчи» деймиз... Ва бундай «маломатга» қолмаслик учун кўпда ўз ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилишга истиҳола қиламиз. Ёмон одам номини олмаслик учун яхши одам ниқоби ортидаги билимсиз одамга айланиб қолиш керак эмас. 

Психологияда бир гап бор. Узоқ сабр қилиш бефарқликни, лоқайдликни келтириб чиқаради. Тўғри-да, инсон сабр қилаверади, сабр қилаверади, кутаверади, лекин ўйлаганига сира етишмайди, кейин мияда, кўнгилда ҳаммасига қўл силташ, бефарқлик юзага келади. Демак, фақат сабр қилиш, кутиш билан инсон ва жамият ҳам ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. 

Фарзандларимизга сабр-тоқатга ундашдан олдин бахтли бўлишга, йўл излашга ўргатишимиз керак. Нимага фақат қизларимизни ёшлигидан сабр тоқатли бўлишга ўргатамиз? Нимага қизларни ёшлигидан бировнинг боласига зуғум қилмайдиган қайнона эмас, инсон қилиб вояга етказиш ҳақида ўйламаймиз? Ўғилга келажакда хотинини бахтли қилиш йўлида сабр қилишга ўргатмаймиз? Оиланинг бахти учун фақат бошқа оиладан келган аёл ўз сабрини қурбон қилиб курашадими? Аслида бу бошқа мавзу. Аммо бугун яхши жамият қуриш учун – ЖАМИЯТ деган оила қуриш учун оиладаги фақат келин, жамиятдаги фақат халқ сабр, шукр қилиш керак эмас. Оиладаги қайнона,  эр, жамиятдаги масъул раҳбарлар ҳам ўзини тузатиши, тарбиялаши лозим. Оилага келган келин йиллар давомида ҳам зуғумга, ҳам йўқчиликка сабр қилиб ҳеч нарсага эришмаганидек, халқ ҳам худди шундай. Яшаш учун сабр-тоқат эмас, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш, ҳақиқатга эришмагунча курашиш лозим. 

Халқимиз меҳнаткаш, халқимиз сабрли, халқимиз шукр қилишни яхши кўради. Ана шундай андишали халқни алдашга, ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилишга, уларнинг сабрини, шукрини суиистеъмол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Халқда бир мақол бор: «Сабр таги сариқ олтин» ва яна бир ибора: «Сабр косамни тўлдирманг...» .

Сабр тагидан сариқ олтин чиқмаса, коса тўлиб-тошиб кетиши ҳам мумкин, шуни унутмасак, бас!

Шу топда бир мультфилм қаҳрамони Винни Пухнинг қўшиғи ёдга тушади – «Кимнинг қўлида пуфаги бўлса у бахтиёр...» Ҳаво шари эса шундай ўйлайди: «Мени шишираётганда менга ҳаёт беришди», афсуски, ёрилганда билдики, уни шунчаки шишириб қўйишган экан. Сабр-тоқат пуфагини қачонгача кўтарамиз, ахир унинг ичида ҳаводан бошқа ҳеч нарса йўқ...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг