Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Туретта синдроми ёки ўқитувчи ҳақида фильм. Нега бизнинг киночиларга қалб етишмайди?

Туретта синдроми ёки ўқитувчи ҳақида фильм. Нега бизнинг киночиларга қалб етишмайди?

«Front of the Class» фильмидан лавҳа.

Фото: «DISEARA.RO»

Биз хасталик ҳақида эмас, балки кино ҳақида гаплашмоқчимиз. Киноки, туретта синдромига чалинган ўқитувчи ҳақида (фильм номи — «Front of the Class», 2008). Туретта синдроми асаб билан боғлиқ хасталик. Бунда бемор ортиқча ихтиёрсиз ҳаракатлар қилиб, ғайритабиий овозлар чиқаради. Яъни, «пок-пок», «коп-коп», «тик-тик», ҳатто итнинг вовуллашига ўхшаш.

Афсуски, бу хасталикка чалинган одам театр, кино ва ибодат қилиш мумкин бўлган жойларда ўзини ноқулай ҳис қилади. Ҳатто талабаликка қабул қилинаётганда кутилмаган ғайритабиий товушлари билан бошқаларга халақит бермаслиги учун алоҳида хонада имтиҳон топширишга мажбур. Энди унинг мактабда дарсда ўтиришини тасаввур қилинг-а. Бундай касалликка чалинган болалар синфдошлари олдида кулгуга қолмаслик учун мактабга боришдан бош тортадилар.

Агар шундай муаммоси бор инсоннинг мактабда ўқитувчи бўлиб ишлашига тўғри келиб қолса-чи? Аввало, бу ташхис билан қайси мактаб ўқитувчини ишга олиш мумкин? Ва қайси ўқитувчи овоз чиқариши билан боғлиқ барча муаммоларига кўзни чирт юмиб ишлаши мумкин? Бундай хасталик билан касалланган инсон ўқитувчилик касбини танлаши тўғрими? Танлаганда ҳам йўлида учрайдиган ҳар қандай тўсиқни енгиб ўта оладими? 

Брэд исмли америкалик ўқитувчи ҳақидаги бўлган воқеалар асосида тасвирга олинган кино, аввало, инсоннинг иродасига бағишланган.  

Кинонинг асл мақсади нима эди?

Туретта синдромига болакай етти ёшларида чалинади. Ва мактабга борганида уни болалар мазах қилади. Шунда директор барча ўқувчиларни йиғиб, болани ўртага чиқаради, ғайритабиий овозини ҳаммага эшиттиради. Ва буни болакай атайлаб қилмаётганини, бунинг давоси ҳали топилмаганини ўқувчиларга тушунтиради. Уни мазах қилиш эмас, балки шу мактабда ўзини эркин сезиши учун қўллаб-қуватлашини сўрайди.  Шундан сўнг уни ҳеч ким мазах қилмайди. Ва кино биринчи мақсадига эришади — болакайнинг муаллимлик касбига муҳаббати ўша мактаб директорининг унга бўлган муносабати туфайли туғилади.

Брэд Коэн институтга ўқишга киради. Ўқишни битиргач, иш излаб кирмаган эшиги қолмайди. Аммо суҳбат жараёнида ғайритабиий овозини эшитган мактаб директорлари уни ишга олмайди. Бироқ у мақсади йўлида ортга қайтмайди. Хўш, уни ким руҳлантириб туради? Онаси ҳар доим унга бўш келмаслигини, албатта уддалашини тинимсиз таъкидлайди. Кино иккинчи мақсадига эришди, яъни онанинг фарзанд ҳаётидаги ўрнини очиб берди. Кинонинг учинчи мақсадга эришгани — ишончни ўлдирмасликни ўргатганидир.

Брэд қандай ўқитувчи?

Ахийри йигитни мактабга қабул қилишади ва бир-икки кун синашади. Аввалига болалар унинг устидан кулади, аммо бир кун ўтмасданоқ меҳрибон, қувноқ, изланувчан бу ўқитувчини яхши кўриб қолишади. Ўқитувчи  уларга ҳам бу касаллик эканлигини, зарари йўқлигини тушунтиради. Кино бу эпизод орқали тўртинчи мақсадига эришди. Яъни, болалар туретта синдромига ўхшаш, умуман табиий камчилиги бор одамлардан кулмасликни ўрганади. Кинонинг бешинчи мақсадга эришуви эса нуқсони бор одамларнинг жамиятда фаол бўлишга ҳаққи борлигини томошабинга етказа олганида.

Хўш, боланинг ҳаётида отасининг ўрни қандай бўлган?  Ҳатто мана шу ота-бола эпизоди ҳам чиройи очиб берилган. Дастлаб отаси унинг ўқитувчи бўлишига сира кўзи етмайди. Ҳатто ўзи ишлаётган қурилиш компаниясига ўғлини оддий ишчи қилиб олади. Ана шу ерда Брэд отасига «сиз ҳеч қачон мени қўллаб-қувватламагансиз, ҳатто уялгансиз», деган гапларни айтади.

Аммо бир куни отаси Брэдга имтиҳон топшириш учун алоҳида хона бермаган институт масъуллари билан талашиб-тортишади ва ўғли учун шароит яратиб беришларига эришади. Ота-бола ўртасидаги тушунмовчилик шу тариқа бартараф этилади ва меҳр ғалаба қозонди. Бу кинонинг олтинчи мақсадга эришуви эди.

Энди муҳаббат масаласи. Ахир, кино муҳаббат саҳналарисиз кино эмас-да. Брэд қизлар уни тушунмаслигидан қўрқади, аммо бир куни қарангки, Нэнси исмли соҳибжмол қиз ёқтириб қолади — ғайритабиий товушлари билан. Кино еттинчи мақсадига эришди. Яъни, инсоннинг фақат қалбини севиш мумкинлигини исботлаб берди.

Мактабда Том исмли жуда безори бола бўлади. Аммо ўқитувчи унинг кўнглига йўл топади. Биргина эпизодга эътибор қаратинг. Том мутолаага қизиқмайди, аммо ўқитувчи китобнинг унга бошини ўқиб беради. Том  давомини ўқимайсизми, деб сўраганида ўқитувчи ўзинг ҳозир давомини ўқийсан ва иккаламиз воқеанинг қолганини билиб оламиз, дейди. Мана шу эпизод орқали иккита мақсадга эришилади, бири ўқувчида мутолаага қизиқиш уйғотиш, иккинчиси — ўқитувчи ва ўқувчининг бир қадам яқинлашуви.

Кино шундай тугайдики, Брэд Коэн «Йил ўқитувчиси» номинациясига эришади. У минбарга чиқиб нутқ сўзлашдан олдин қаттиқ ҳаяжонланади: «пок-пок», «коп-коп», деган овозлар чиқаради, бошини ҳар ёнга қимирлатади, ҳаяжони тўхтагач: «бу касаллик менинг дўстим. Мана шундай натижаларга эришишимга шу дўстим ёрдам берди. Ҳеч нарсадан чекинмасликни, ортга қайтмасликни, ўз касбимга қаттиқ меҳр қўйишни ўргатди», дейди. Ҳамма қарсак чалиб юборади.

Кино орқали нималарни ўргандим?

Дунёда шундай хасталик борлиги ва бу қўрқинчли эмаслиги, балки бундай одамлар ҳамма қатори севиши, ҳамма қатори ишлаши, фаол бўлиши мумкинлигини, қолаверса, иродали инсоннинг барибир мақсадига етишишини билиб олдим. Яна ўқитувчи касбининг нечоғлик мароқли ва улуғ касб эканлигини яна бир бор мана шу кино айтиб берди.

Ҳар йили  ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан барча каналларда қайта-қайта Франциянинг «Хорчилар», «Муаллима», Россиянинг «Бировнинг хати», «Душанбагача бир гап бўлар», Американинг «Ўқитувчи», Хитойнинг «Отамнинг излари» каби кинолари намойиш этилади. Масалан, Хитойнинг «Отамнинг излари» киносини олиб кўрайлик. Қишлоққа келган ёш ўқитувчи йигитнинг касбига садоқати ва у муҳаббат қўйган қизнинг вафодорлиги ҳақидаги фильмни қайта-қайта кўрсангизда зерикмайсиз.

Хориж киноларини кўриб шундай хулосага келганман: Бирор соҳа — масалан, шифокор, ўқитувчи, журналист, ўт ўчирувчи, қурувчи ёки деҳқон ҳақида кино олишлари учун сценарий ёзувчи, режиссёр ва актёрлар ҳар қандай соҳани, одамларни, характерни чуқур ўрганишади, уларнинг қалбини чуқур ҳис қилишади.

Муваффақият нимада?  

Афсуски, бизда ана шундай меҳнатдан қочишади. Бу шундай меҳнатки, инсонни тушуниш меҳнати. Гўзалликни ялтироқ нарсалардан қидирмаслик, аксинча ялтироқ бўлмаган нарсалардан, яъни балчиқдан олтин ёмби топиш меҳнати. Ижодкор, аввало ўз асарида инсоннинг гўзал қалби ҳар қандай ҳашамдан, ҳар қандай бойликдан устунлигини кўрсата олсагина муваффақиятга эришади.

Қайсидир ёзувчи ёзганидек, юракдан чиққани юракка етиб боради. Юракка етиб борши учун ҳар қандай ижодга инсон қалб билан ёндошиш керак. Қайсидир машҳур чет эллик кинорежиссёр, «Мен пул топиш учун кино ишламайман, кино ишлаш учун пул топаман», деган экан. Мана, чет эл кино саноатининг муваффақияти нимада?

Бизнинг телеканалларимизда ҳамон қайнона-келин, бой қиз ва камбағал йигит ёки аксинча камбағал қиз ва бой йигит мавзуси. Негадир шундай кинолар кўпайган сари қайноналар жоҳил, ёшлар сабрсиз, муҳаббат ва гўзаллик сохталашиб бормоқда. Ҳа, айтганча ҳалигача бирорта ўқитувчи ҳақида кино ололганимиз йўқ.

Хўш, нега бизда ана шундай кинолар ишлаб чиқилмайди. Чунки ушбу соҳа мутахассисларининг кўпчилиги ўз устида ишламайдилар. Бугуннинг қаҳрамони  фақат завод-фабрика қурган ёки спортда ғолиб бўлган одам эмас. Балки қалб гўзаллиги билан одамларга яхшилик улаша олган инсон аслида. Нимага хорижда инсоннинг табиий нуқсонидан кулиш ёки ўзидан уялиш ҳисси у қадар кучли эмас. Чунки уларнинг ҳар бир нарса моҳиятини чуқур очиб бера оладиган мана шундай кинолари бор. Ахир бизда ҳам иродаси билан қанчадан-қанча муваффақиятларга эришаётганлар камми? Имконияти чекланган ҳамюртларимиз учун ўтказиладиган кўргазмаларга борганимда қўл-оёқлари ўзига бўйсунмайдиган ёшларнинг ясаган буюмлари мени лол қолдиради. Афсуски, уларнинг қай машаққатлар билан санъат асарларини ясашини тасаввур этолмаймиз. Айнан кино бизга ўша тасаввурни беради. Ундай одамларга ҳурмат билан қарашни ўргатади. Нимага шундай инсонлар ҳақида кино олиш мумкин эмас?

Ахир ҳаёт фақат чиройли уйлар, чиройли машиналар, чиройли кийинган қиз-йигитлардан иборат эмас-ку. Тўғри бизда ҳам кичик эпизодик ролларда ана шундай одамлар кўриниб қолади. Аммо шунчалик беўхшов олишадики, имконияти чекланган инсон аянчли таассурот қолдиради ёки руҳий хаста одам кулгули тасаввур уйғотади. Чет эл киноларида эса ундай эмас. Қаҳрамон имконияти чекланган ёки руҳий касал бўладими сизни ўша инсонни тушунишга, ҳатто яхши кўриб қолишга мажбур қилади. Ана шунга инсонийлик фазилатларининг тарбияланиши дейилади.

Киноларимизда муҳаббат қиёфаси йўқ...

Американинг тўйлари бўлганига 30 йилдан ошган эр-хотин ҳақидаги «Муҳаббат қиёфаси» деган кинони кўргандим. Шу кинони кўрган борки, муҳаббатнинг борлигига ишонади.

Аммо биз унчалик ишонгимиз келмайди, чунки ишонтирадиган манба йўқ. Қалбимизни турткилаб очадиган кинолар йўқ. Лекин шундай одамлар орамизда кўп-ку. Улар ҳақида нега кинолар йўқ? Мени ҳар доим бир нарса таъсирлантиради. Қишлоғимизда Мажид исмли отахон кампирини ҳар куни ёз фаслида канда қилмасдан опичлаб, «қуёшнинг чиқишини яхши кўради», деб супага олиб чиқиб қўярди. Агар чет элликлар мана шундай воқеаларнинг гувоҳи бўлганда қандай чиройли кино ишлардия, деб ўйлайман.

Ёки бир қаҳрамоним бор. Турмуш ўртоғини аравада тадбирларга олиб юриш учун тунги сменада ишлайди. Мана сизга муҳаббат ҳақида ажойиб кино. Мана шундай киноларни кўриб ёшлар ўрнак олмайдими? Қалбида мана шундай қаҳрамонлик қилиш туйғуси уйғонмайдими?

Мен баъзи кино ижодкорларни қалбсиз инсонлар деб ўйлайман. Чунки ҳар қандай ижод намунасини яратиш учун инсон фақат катта қалбга эга бўлиши керак. Қалбсиз яратилган нарсалар эса ҳамиша усти ялтироқ, ичи қалтироқ бўлиб қолаверади. Қалбни тариялашнинг йўли — оддий одамлар орасида кўпроқ юриш, уларни ҳис қилиш, энг сара асарларни ўқиш ва чет элнинг ана шундай киноларини қайта-қайта кўриш орқали синчиклаб ўрганишдир. Чунки орамизда кино олишга арзийдиган қаҳрамонлар жуда кўп... Фақат биз уларни кузатмаймиз, ўрганмаймиз, ҳис қилмаймиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг