Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Ўзбек ўқитувчиси Японияда

Ўзбек ўқитувчиси Японияда

Фото: Xabar.uz

— Ойижон, биз нечанчи автобусда кетамиз?

— 29нчи автобусда.

— Бу 22нчи, демак, бизнинг автобус эмас экан.

Маҳбуба 3 ёшли ўғлининг рақамларнинг қаердан билишига ҳайратланди.

— Сен бу сонларни каердан биласан?

— Сенсей (тарбиячи, устоз) бизга боғчада ўргатади...

— Мен уч ёшли ўғлимнинг барча рақамларни билиб олганига жуда ҳайратланганман, — дейди бугун Японияда яшаётган ҳамюртимиз Маҳбуба Камолова. — Японияга илк келган пайтларимда тили, дини, маданияти ва яшаш муҳити биздан кескин фарқ қилган давлатнинг пасту баландига мослашиб, кўникиб кетишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлган. Дастлаб япон маданияти, таомларини қизиқиш билан ўргана бошладим. Анчагина дўстлар орттирдим.

— Япон тилини қандай ўргандингиз?

— Биласизми, бу ерда жуда кўп ишлар кўнгиллилар орқали амалга оширилади. Яъни, ҳеч қандай манфаатсиз. Дастлаб мен ҳам япон тилини волонтёрлик курсларига қатнаб ўргандим. Тил ўрганишга бўлган иштиёқим жуда баланд эди, шунинг учун тез ўзлаштирдим. Ўрганганларимни амалиётда қўллаб, 3-4 ой деганда мулоқот қила оладиган бўлдим. Кейинроқ эса Aiwa Language Institute Japanese Language Courseни тамомладим. 2014 йилда Fukuoka халқаро алмашинув марказига танлов асосида ўзбекистонлик халқаро ўқитувчи сифатида қабул қилиндим...

Ҳа, Наманганнинг Тўрақўрғон туманидаги Мозоркўҳна қишлоғида ўсиб улғайган Маҳбуба асли илмга чанқоқ, изланишдан тўхтамайдиган ёшлардан эди. Дастлаб Андижон давлат университетининг биология факултетини тугатди кейин...

— 2005-2007 йиллар физиология йўналишида магистратурада ўқиш давомида Андижон тиллар педагогика институти қошидаги академик лицейда биология фанидан дарс бердим, 2007 йилдан Тошкент Тиббиёт академияси қошидаги академик лицейда, 2009 йилдан эса 1-Республика тиббиёт коллежида фаолият олиб бордим. 2010 йилдан буён оиламиз билан Японияда яшаб келмоқдамиз. Турмуш ўртоғим Соҳибжон Абдуллаев Япониянинг Fukuoka шаҳрида ўрта мактабда инглиз тилидан таълим бериш билан бирга, Японияда инглиз тили ўқитувчилари учун чет тилларини интерактив усулда ўқитиш бўйича ўқув тренинг машғулотларини олиб боради.

—  Сиз ишлаётган марказнинг асосий вазифалари нималардан иборат?

— Япон халқининг бошқа мамлакатлар билан маданий, маърифий, ижтимоий алоқаларини йўлга қўйиш, Японияда яшовчи хорижликларни маънавий қўллаб-қувватлаш. Шунингдек, ҳеч бир давлат билан чегарадош бўлмаган япон халқини бошқа халқлар ҳаёт тарзи, маданияти, тили, тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари билан таништиришдан иборат. Мен бу фаолиятим орқали бошланғич, ўрта мактабларда, лицей ва олийгоҳларда, шу билан бирга, маҳаллий аҳолини ўзида жамлайдиган маданият уйларида Ўзбекистонимизни япон халқига таништириб бораман.

— Ҳар бир миллатнинг ўзига хос маданияти бўлади. Ва бу бошқа миллат учун қизиқарли ва ҳайратланарли туюлса керак.

— Албатта тақдимотларимда Буюк ипак йўлида жойлашган, бой ўтмишга эга ватанимизнинг тарихий обидалари, Самарқанд, Бухоро, Хива каби кўҳна шаҳарларимиз ҳақида алоҳида тўхталаман. Тошкентимиз таровати, метроларимиз, фаввораларимизу кўнгилочар истироҳат боғларимиз ҳам эътиборимдан четда қолмайди. Дарсларимда албатта ўзим туғилиб ўсган гўзал водийимизнинг жозибадор табиати, сархил меваларини жўшиб гапириб бераман. Яна японлар учун урушдан сўнг япон асирлари иштирокида барпо қилинган Алишер Навоий опера театри мавзуси ҳам жуда мушоҳадали мавзулардан ҳисобланади. Уларга яна меҳмондўст халқимиз, миллий либосларимиз, кулолчилик намуналаримиз, тандирдан янги узилган нонларимизу миллий таомларимиз ҳам жуда қизиқарли мавзулардан дея оламан. Миллий таомларимиздан ош, сомса, манти кабиларни тайёрлашни ўргатаман. Японлар учун бу ҳам янгилик албатта. Мактаблардаги тақдимотларимда эса Ўзбекистон таълим тизими, дарсларимиз ҳақида сўзлайман. Буюк бобокалонларимиз Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломалар юртидан эканимдан фахрланишимни эътироф этаман.

Фото: Xabar.uz

— Кейинги пайтларда юртимизга сайёҳларни жалб қилувчи жуда чиройли видеороликлар сони ортиб бормоқда, шулардан ҳам фойдаланасизми?

— Дарвоқе, шундай видеороликларни намойиш қилиш орқали японларда Ватанимиз ҳақида кенг, ижобий тасаввур ҳосил бўлишини кўриб қувонасан киши. Миллий рақсларимиз акс этган видеотасвирлар ёрдамида уларга рақс ҳам ўргатаман. Жозибадор рақисларимиз уларни ҳайратга солади. Мактабдаги амалий дарсларимга, бешик ҳам олиб бораман баъзида. Қўғирчоқ ёрдамида ўзбегимнинг азалий қадриятларидан бўлган алла садолари остида болани бешикка белашни амалиётда кўрсатиб берганимда, улар бошқача қизиқиш билан томоша қилишади...

Албатта бу саъй-ҳаракатларимиз натижасида Ўзбекистонга қизиқиб, ташриф буюрган япон сайёҳлари ҳам талайгина. Уларнинг айримлари саёҳат олдидан мендан ўзбек тилини ўргатишини илтимос қилишганида бажонидил рози бўламан.

Уларга энг зарур сўзлашув ибораларини ўргатаман. Японлар ичида ўзбек тили, маданияти, тарихини ўрганмоқчи бўлганлар жуда кўп. Бунинг учун луғатларимизни янада бойитишимиз керак, деб ўйлайман.

— Суҳбатимиз бошида боғчаларга алоҳида урғу бергандик. Япон боғчалари ҳақида гапириб берсангиз.

— Бу ерда ҳашаматли боғчаларни кам учратасиз. Ҳатто болалар учун битта хона ҳам ухлайдиган, ҳам овқатланадиган, ҳам ўйнайдиган, ҳам машғулотлар ўтадиган хона ҳисобланади. Дарс ўтишдан олдин барча йиғилган столларни очади, ухлашдан олдин ерга йиғилган кўрпаларни тўшайди, яъни буларнинг барчаси меҳнат, аммо улар ҳар кунги ушбу меҳнатдан сира қочмайди. Мана шундай шароитда ҳам болаларга сифатли билим беришади. Яъни, у ерда болалар аълочи ёки билими пастроқ болага ажратилмайди. Тарбиячилару ўқитувчилар ҳар бир бола билиши керак бўлган нарсани қайта-қайта тушунтириб ўргатишдан оғринмайди.

— Инсон борган жойига жуда кўникувчан бўлади. Сизни ажаблантирган ва кундалик одатингизга айланган жиҳатларга ҳам тўхталсангиз.

— Японлар узоқ яшаш сирини соғлом турмуш тарзига амал қилишда деб ҳисоблашади. Улар кундалик истеъмол қиладиган маҳсулотларининг хилма-хиллигига, калориясига эътибор қаратишади. Қандай калориядаги овқатни ейиши кераклигини аниқлаб берадиган аппаратлари бор. Масалан, бизда тўй-ҳашамларга катта эътибор берилади, миллатимизни кўпроқ қизиқтирадиган нарсалар ҳам шулар. Бу ерда тўй-маъракаларга қаттиқ ружу қўйишмаган. Аммо буларнинг ҳам ўзига яраша қизиқишлари мавжуд. Улар кўпроқ саёҳатларга чиқишади. Яна буларнинг “уфро”си бор. Бу дегани, ҳар бир инсон кундалик одатга айлантирган (иссиғи чиқмаган бўлса бўлди), чақалоғидан тортиб кексасигача 15-20 дақиқа иссиқ ванна қабул қилишади. Кейин булар ечган кийимини қайтиб кийишмайди. Кир машинага ташланади, балки шу кийим эрталаб кийилгандир, топ-тозадир, бунинг аҳамияти йўқ. Мени яна ҳайратлантиргани — ҳамма жойнинг тозалиги. Йўлаклар, кўчалар... У ерда махсус тозалайдиган хизматчилар йўқ. Масалан, ҳожатхоналар жуда озода, ҳаддан ортиқ тоза. Энг қизиғи, фаррошлари йўқ. Бу ерда ҳамма кўнгилли бўлиб тозалайди. Яъни, жамоат жойларини тозалаш уят иш эмас. Юрт тозалиги учун ҳамма виждонан ҳаракат қилади. Ҳуллас, ўрганишга арзийдиган одатлар.

— Режаларингиз...

— Келгусидаги мақсадимиз — турмуш ўртоғим билан қачонлардир ватанимга қайтиб, япон тизимига мос хусусий мактаблар очиш. Японларнинг салоҳиятини, меҳнаткашлигини миллийлигимизга омухталаштириб, болаларга ёшлигиданоқ сингдириш. Ҳозирча эса имкониятдан фойдаланиб турмуш ўртоғим билан япон халқига миллийлигимизни, қадриятларимизни тарғиб қиляпмиз. Хорижликларнинг юртимизга қизиқиши ортаётгани эса катта ютуғимиз, деб ҳисоблайман. Ўғилларим Беҳзодбек, Сардорбек, Азизбекнинг мана шу мамлакатда билим олаётгани ва келгусида шу билимларини ота юрти Ўзбекистон учун “сармоя” сифатида киритиши менга бошқача ҳузур бағишлайди...

Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига ҳисса қўшаётган Маҳбубадек ёшларимиз кўплиги эса бизни ҳам қувонтиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг