Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Балиқ эмас, қармоқ беринг

Балиқ эмас, қармоқ беринг

«Олийгоҳни битириб поликлиникада аёллар шифокори бўлиб ишлаб юрган давримда 19 ёшли келинчак бепуштлик (1,5 йил) билан даволанди. Ҳомиладорлик даврида ҳам ўзим назорат қилиб турдим. Сентябрь ойида қизча туғилди. Ҳаммаси ҳар доимдагидек эди мен учун.

Орадан 3 ой ўтиб ноябрь охирида қўлида боласи билан яна ёнимга қабулга келди. Озиб-тўзиб кетган, ранглари заъфарон эди. Нигоҳим оёқларига тушганда, пайпоқсизлигини сездим. Ташқари анчагина салқин. У мендан бир оз пул қарз сўраб йиғлаб юборди. Ўрнимдан туриб қучоқлаб олдим, унинг бутун вужуди титрар, боласи очлигини, каша олишга пули йўқлигини айтди.

Ишим охирлагач, йўлдан боланининг озуқасини олишимизни, агар вақти бўлса уйимга олиб бориб, бир оз дам олишини айтдим. Уйим ишхонамга 5-10 дақиқалик йўл эди. Йўл-йўлакай дўконга кирдик, ул-бул харид қилдик. Қизалоқни овқатлантириб, пул топишни ўргатмоқчилигимни айтдим, у ҳайрон эди. Тезгина дўкондан олган масаллиқлардан хамир қилдим. Икки патнисда печенье тайёрлаб, шуни уйи ёнидаги мактаб атрофида сотишини илтимос қилдим ва ҳисоблаб ундан қанча даромад топишини айтдим...

Ҳозирда шу келин бувижон, қўлидаги қизалоғи она — Westministr университетининг охирги курс талабаси, бир оиланинг келини.

Ҳаётимиз бизга ҳар кун, ҳар ҳафта, ҳар ой янги-янги инсонлар билан учрашувларни бир синов, бир мактаб, бир мукофот тариқасида туҳфа қилади».

Шифокор Наргиза Муратова facebook саҳифасида ёзган ушбу воқеани бир аёлнинг ижтимоий тармоқларда «ё жонимга қасд қиламан, ё болаларимни меҳрибонлик уйига топшираман», деган видеомурожаати тарқаган кунлари ўқидим.

Шундай улуғ айём кунлари барча савобталаб инсонлар орқали бу аёл учун бир уйга ва унинг жиҳозларига етгулик маблағ йиғилди. Гарчи уни қўллаб-қувватлаганлар кўп бўлса-да, «бундайлар кўпайиб кетди, ишласа бўлмайдими», «икки марта турмушга чиқиб ажрашган экан, ҳомийлар ёрдам бераркан деб оиласини арзимаган нарсага бузадиганлар кўпайиб кетмасмикан?», «маҳалла тикув машинаси берамиз, ишлаб пул топасиз деса тикиш қўлимдан келмайди, дебди, ахир тайёр тикув машинаси беришса ўзи ишлаб пул топса бўладику», «балиқ эмас, қармоқ бериш керак, эртага яна бошқа эҳтиёжлари учун яна мурожаат қилишдан уялмайдиганлар бор», деб фикр билдирганлар ҳам талайгина эди.

Кейинги пайтларда пандемия туфайли ишсизлик кўпайгани, хориждан қайтиб келган ҳамюртларимиз ҳам уларнинг сафига қўшилгани вазиятни янада мушкуллаштиргани бор гап. Лекин тўрт мучаси соғ бўла туриб ишлашни хоҳламаётган, ҳамон давлатдан ё одамлардан ёрдам кутиб яшаётганларнинг ҳам кўпаяётгани таассуфланарли ҳолат.

—Қуйи Чирчиқ туманида турмуш ўртоғи билан расмий никоҳда, лекин бирга яшамайдиган уч нафар фарзандли аёл бор. Ушбу фуқарога вақтинчалик ижарада яшаб туриши учун жой қилиб берилган. Меҳнатга лаёқатли, вояга етмаган фарзанди борлиги учун ишга жойлаша олмаслигини маълум қилганидан сўнг, фарзанди хусусий боғчага ҳомийлик тўлов асосида топширилган. Лекин боласи боғчага бораётган бўлсада бир неча жойлардан иш таклиф қилишимизга қарамай ишлашни истамайди. Мана ўша аёлга икки йил давомида берилган ёрдам рўйхати билан танишиб чиқинг, — дейди бундай ҳолатларга иш фаолияти жараёнида ҳар куни дуч келадиган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — матбуот котиби Саодат Боймирзаева бир қанча ҳужжатларни тутқазганча...

Ҳужжатлар билан танишамиз. Юқорида мисол келтирилган аёлга берилган ёрдам: «Болалар нафақа пули расмийлаштириб берилди. 2019-2020 йил Ҳайит байрамларида 1 млн сўм пул маблағи ва озиқ-овқат маҳсулоти берилган. Ижара уйнинг томорқаси ҳашар йўли билан ағдарилган ва ҳомийлар томонидан кўчатлар олинган. Коммунал тўловлари тўлаб берилган (газ, свет). Карантин даври мобайнида Агробанк Қуйи Чирчиқ филиали томонидан 3 ой мобайнида пластик карточкасига 1 миллион сўмдан жами 3 миллион сўм пул маблағи ўтказилган.

Янги йил байрами арафасида «Вақф» хайрия фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳомийлар томонидан болалар коляскаси ва иситиш печь олиб берилган. Оиласидаги 4 нафар кишига 220 мингдан жами 880 минг сўм пул маблағи, 3 нафар фарзандига 500 мингдан жами 1 миллион 500 минг сўм берилган. Агробанк Қуйи Чирчиқ филиали томонидан 800 минг, туман электр тармоқлари томонидан 1 миллион сўм хайрия қилинган. Туман ИИБ бошлиғи томонидан фарзандларининг соғлиғини тиклаш учун дори-дармон олиб берилган...»

Биз ушбу ҳужжатни бежизга қандай бўлса, шундайлигича тақдим этмадик боиси, бошқаларда тасаввур уйғонсин — қўл-оёғи бут инсоннинг ери бўла туриб имкониятдан фойдаланмаётгани, ҳаттоки кўчатни ҳомийлар олиб бераётганига эътибор қаратмоқчимиз.

Ҳужжатлар билан танишишда давом этамиз. Қарангки, улар орасида ижтимоий тармоқларда видеомурожаат қилиб кўпчиликнинг раҳмини келтирган видеолавҳаларга муносабатлар ҳам бор экан. Биз мурожаатлар қайси ҳудуддан эканлигини очиқлашни лозим топмадик.

Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган, фуқаронинг оғир турмуш тарзи баён этилган биринчи видеолавҳага муносабат:

Мазкур видеолавҳада фуқаро Зарина Маликова (исм, фамилияси ўзгартирилган) етти киши истиқомат қиладиган оилада ёлғиз боқувчи эканлиги, туман ҳокимлиги ва маҳалла томонидан оилага ҳеч қандай ёрдам берилмаётганлиги баён этилган.

Келтириб ўтилган ҳолат тумани ҳокимлиги ҳамда туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъул ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари иштирокида ўрганиб чиқилди ҳамда мурожаатчи билан юзма-юз суҳбат олиб борилди.

Ўрганишлар асосида қуйидагилар маълум қилинади:

Фуқаро З.Маликованинг бир нафар фарзанди бор. Унинг фарзанди олий маълумотли — мактабда ишлайди. Шунингдек, ушбу хонадонда фуқаро З.Маликованинг синглиси ва унинг қизи, жами 4 киши истиқомат қилади.

Фуқаро 365 минг сўм ёшга доир пенсия олади, шунингдек, «Аёллар дафтари»га киритилган. Унинг синглиси 2-гуруҳ ногирони сифатида 305 минг сўм миқдорида ногиронлик нафақаси олади. Оиланинг 30 сотихли томорқа ери, шунингдек, 2 бош йирик шохли ва 3 бош майда шохли, жами 5 бош қора моли бор. Шунингдек, З.Маликова қассобчилик билан шуғулланадиган ака-укаларига ёрдам бериши ортидан доимий қўшимча даромад манбаига эга.

Фуқаро З.Маликованинг оиласига маҳалла фуқаролар йиғини томонидан пандемия вақтида, шунингдек, ҳозирга қадар мунтазам равишда озиқ-овқат маҳсулотлари бериб келинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6038-сонли Фармонига асосан, оиладаги ҳар жон бошига бир марталик 220 минг сўмдан, жами 880 минг сўм миқдоридаги моддий ёрдам пули берилган. 2019 йил октябрь ойида ушбу оилага кредит эвазига 15 бош товуқ олишга кўмак берилган. Аммо оиланинг кредит тўлаш имконияти бўлмагани сабабли кредит ва унга ҳисобланган банк фоизлари маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тўлиқ тўлаб берилган. Оилага маҳалла томонидан ҳудуддаги тадбиркорларнинг ҳомийлик озиқ-овқат маҳсулотлари мунтазам бериб борилади. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, видеолавҳа тасвирга олинган куни фуқаро З.Маликованинг бошқа маҳаллада яшовчи синглиси фарзандлари билан хонадонга меҳмонга келган. Видеолавҳада намойиш этилган бола ҳам унинг фарзандларидан бири ҳисобланади.

Мурожаатни ўрганиш давомида фуқаро З.Маликовага туман ҳокимлиги томонидан 1.000.000 (бир миллион) сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

Худди шундай вилоятларнинг яна биридан ижтимоий тармоқларда айланган иккинчи видеолавҳага муносабат:

Мазкур хабарда ётоқхонада яшовчи, Салима Камолова (исм фамилияси ўзгартирилган) ҳамда оиласининг ҳозирда оғир турмуш шароитда яшаётганлиги баён этилган.

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда олиб борилган ўрганиш ишлари бўйича қуйидагилар маълум қилинади. Фуқаро бир нафар вояга етмаган фарзанди бор. С. Камолова турмуш ўртоғининг тутқаноқ касаллиги билан касалланганлиги тўғрисидаги хабар ўрнатилган тартибда текширилди ҳамда ҳудуд поликлиника томонидан берилган маълумотномага асосан, турмуш ўртоғи фуқаро Ш.Қосимов (исм фамлияси ўзгартирилган) руҳий ва норкологик касалликлар диспансерида рўйхатда турмаслиги аниқланди. Турмуш ўртоғи Ш.Қосимов Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасидан ўз хоҳишига кўра вазифасидан озод этилган.

Ўрганишлар асосида фуқаро С.Камолованинг уй-жойга муҳтожлиги ҳамда турмуш ўртоғининг ишсиз эканлиги инобатга олиниб «Ёшлар дафтари»га рўйхатга олинган. Айни вақтда бир марталик пул маблағи билан таъминлаш мақсадида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Фуқаро Ш.Қосимовни иш билан таъминлаш мақсадида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан унга фармацевтик воситалар ишлаб чиқариш корхонасига электр устаси (ойлик иш ҳақи 1.200.000 сўмдан 1.800.000 сўмгача, бепул транспорт хизмати мавжуд) сифатида ишга жойлаштириш таклифи берилди. Аммо фуқаро Ш.Қосимов ойлик иш ҳақи кам эканлигини маълум қилди ва таклифни рад этди...

Хуллас бундай ҳужжатлар ҳисобсиз. Ҳақиқий муҳтожлар қолиб қўл-оёғи бут, ишлаш лаёқати бор ҳамюртларимизнинг давлатдан ёрдам сўраши келгусида ёш авлоднинг тайёрга айёр ва боқимандаликни касб қилиб олишига ишора эмасми?

Ҳужжатларда келтирилишича, мен кам таъминланганман деганларнинг қариндошлари бор ёки иш таклиф қилинганишига қарамай рад қилинган ҳолатлари бўлган. Ахир қўлдан берганга қуш тўймас.

Мақоланинг бошида бежизга биз шифокорнинг тажрибасини келтирмадик. Одамларга тайёр балиқни эмас, балиқ тутишни ўргатадиган йўлларни излашимиз керак. Бўлмаса, ҳомийлар бор, улар қайнар хумча экан, деб ўзини ночор кўрсатадиган, ҳалол меҳнат орқали пул топмай кун кўрадиганлар кўпайгандан кўпаяди. Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр, деганларидек осон топилган пулни осонгина сарфлаётганлар ҳам бизнинг ён-атрофимизда яшаётган ҳамюртларимиз... бу энди алоҳида мавзу.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг