Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

«Шайтанат» китоби, киноси, прототиплари ва... ҳаммаси ҳақида (иккинчи суҳбат)

«Шайтанат» китоби, киноси, прототиплари ва... ҳаммаси ҳақида (иккинчи суҳбат)

Фарзандларига «Асадбек» деб исм қўяётганлар кинодан илҳомланишган.

Фото: «Xabar.uz»

Тоҳир Малик билан 2-суҳбат

Машҳур китобнинг қалам ҳақи – бир қоп пиёз!

Қуйида бошига кулфат дўллари ёғилган Асадбек ҳақида, китоб учун навбатда турган юк автомобиллари, турк бозоридаги ҳайратли нигоҳ, адибнинг китоб сотган ўғли, мафия хусусида ўқийсиз. «Шайтанат»га нисбатан танқидларга муносиб жавоб оласиз. Дарвоқе, интернетдаги ўз номини сир тутган «донишманд» ким?..

Асадбек хусусида сўз юритайлик. Бу қаҳрамон жуда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Салбий образ деганлар ҳам, ижобий дегувчилар ҳам топилди. Сиз ўзингиз эса Асадбекни салбий қаҳрамон дедингиз. Ваҳоланки, асар давомида раҳмдил китобхон уни яхши кўриб қолади.

«Раҳмдил китобхон» эмас, «раҳмдил кинотомошабин» десангиз тўғри бўлади. Чунки китобни ўқиган одам Асадбекни яхши кўриши мумкин эмас. Китобда унинг барча иллатлари берилган. Кинода эса биронта камчилиги йўқ, гўё фаришта! Фарзандларига «Асадбек» деб исм қўяётганлар ҳам кинодан илҳомланишган.

Китобдаги Асадбек, шубҳасиз, салбий одам. Тўғри, унинг айрим мардликлари ҳам бор. Лекин одам ўлдирган ёки ўлдиришга ҳукм этувчини яхши киши дея оламизми? Баъзиларга Асадбек яхши кўринаётгандай туюлиши ҳам мумкиндир. Лекин бу, менимча, алдамчи туйғу. Диққат қилайлик: аслида биз Асадбекни яхши кўрмаймиз, бошига кулфатлар ёғилаётгани учун унга ачинаяпмиз. Бошига нима учун кулфат дўллари ёғилаяпти? Бунга Жалилнинг гапи жавоб бўлади: «Худодан қайтибди!». Ҳали Зайнаб туғилмасидан олдин қизи хўрланган муштипар она уларни қарғаган эди, эслайсизми? «Дунё шайтоннинг дўкони, ундан бир нарса олдингми, шайтон ҳақини ундириб олмагунича тинчимайди». Асадбек шайтоннинг дўконидан кўп нарса олган эди, йиллар ўтиб, қизининг номуси ва бир ўғлининг жони билан ҳақ тўлади. Дунёда ҳеч қандай зулм жазосиз қолмайди. Мен бу сатрларни атай бешинчи китобда такрорладим.

Авваллари ижобий қаҳрамон фаришта каби тасвирланарди. Ҳолбуки, ҳаётда бутунлай яхши одам ҳам, бутунлай ёмон одам ҳам йўқ. Яхшининг оз бўлса-да, ёмон хулқлари, ёмоннинг оз бўлса-да, яхши ишлари бўлиши табиий. Асадбек ва унинг атрофидагилар, юқорида айтганимдай, жиноятчи, зулмкор бўлиб туғилмаган эдилар. Уларни ўтмиш жамиятнинг адолатсизлиги шу ҳолга солди. Асардаги асосий ғоялардан бири ҳам шу. Асадбек гуруҳини ўтмишнинг адолатсиз тузуми туғдирган «аламзадалар тўдаси» десак ҳам бўлади.

Баъзан мендан: «Асадбекдай одамнинг ҳаётда бўлишини хоҳлармидингиз?», – деб сўрашади. Бу саволга жавобим қатъий: йўқ. У қанчалик мард бўлмасин, қанчалик жабрдийда бўлмасин, жамиятимизнинг бундайлардан холи бўлишини истардим. Асадбеклар бизнинг жамиятимизда яшашга ҳақли эмас!

«Шайтанат»нинг дастлабки китоблари чиққанида улгуржи нархда сотиб олиш учун катта-катта юк автомобиллари навбатда тургани ҳақида эшитганмиз. Тадбиркорлар, олибсотарлар роса «соққа» қилишган эмиш. Китобнинг илк адади қанча бўлган? Ва... кўпчилик учун «ўзганинг чўнтаги» қизиқарли: тоғ-тоғ қалам ҳақи олганингиз ростми?

Асар «Шарқ юлдузи»да босилганидан кейин «Ёзувчи» нашриёти китоб чиқаришни нақ икки йил орқага сурди. «Асар яхши, лекин ҳажми катта экан, китоб сотилмаса, нашриёт катта зарар кўради». Баҳонанинг тутуруқсизлигини қаранг! Асар яхши бўлса, китоб сотилмас эканми? Икки йилдан сўнг «Шарқ» нашриётига Бобур Алимов бош муҳаррир бўлиб келди. Бобур – устоз адиб Шуҳрат аканинг ўғли, адабиётшунос олим. «Шайтанат»нинг тақдирини билиб, «бизга беринг» деди. Бош директор Ислом Шоғуломов ҳам таклифни маъқуллади. Қўлёзмани бердим. Китоб тез босмадан чиқди. 75 минг нусхада чиққанини кўриб, очиғини айтсам, чўчидим. Чунки ҳали Ўзбекистон нашриётларида бу даражада кўп китоб босилмаган эди. Кўпи ҳам 60 мингдан ошмас эди.

Ўғлимга тўртта китоб бериб, «Беруний» метро бекатига олиб чиқиб сотиб кўр-чи, биров олармикан дедим. Мақсад пул ишлаш эмас, синаб кўриш эди. Ўғлим савдо бобида ўзимга ўхшаган ношуд, ўртоғи билан бирга чиқиб битта китоб сотиб келди. 15 сўм ўрнига 10 сўмга сотибди.

«Китобни бир милиционер олди. «Тоҳир Маликни яхши кўраман» деб нархини сўрамай, 10 сўм берди. «Амаки, китобнинг нархи 15 сўм» десам, «Тоҳир Маликни яхши кўрганим учун пул бердим, аслида текин олсам ҳаққим бор, мен шу ерларнинг хўжайиниман» деди. Кейин хўжайинлигини исбот қилиш учун ўша ерда сотилаётган қурут-писта, сақичларни бизга текин олиб берди», — деди.

Бу гапни эшитиб, «Агар милиционер китобни пулга олган бўлса, ҳаммаси сотилар экан» деб кўнглим равшанлашди. Чиндан ҳам китоб тез сотилиб, ўша йилиёқ иккинчи нашри ҳам босмадан чиқди. Кейинги китоблар 100 минг нусхадан чиқди. Қайта-қайта нашр қилинди. Ўшандан бери мен «Шарқ»қа қаттиқ боғландим. «Шайтанат»га бошқа нашриётлар ҳам харидор бўлиб, кўпроқ қалам ҳақи ваъда қилсалар-да, «Шарқ»қа бевафолик қилмадим. Бу борада шайтон васвасасига берилмаганим учун Аллоҳга шукурлар қиламан.

Кўпчилик қалам ҳақи билан қизиқади. Каминани катта бойлардан деб ўйлашади. «Тўғри, миллионерман, фақат пул бобида эмас, мухлисларим кўплиги бўйича миллионерман, пул миллионери эртага қашшоқлашиб қолиши мумкин, мухлис миллионери ҳамиша бахтли-саодатли бўлади», — дейман. Бир куни бозорда пиёз олмоқчи бўлиб, савдолашсам, деҳқон ажабланаяпти. «Шайтанат»нинг учинчи китоби чиқибди, олгандирсиз пулни қоплаб», — деди. «Ҳа, олдим, китобнинг пули бир қоп пиёзга етади», —дедим.

Туркияда ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берган эди. Мен бирон шаҳарга борсам, бозор, дўкон оралаб юришни ёқтирмайман. Истанбулда катта бозор бор экан, озгина юриб бошим айланиб кетди. Шунда мезбонларга дедимки, «совға-салом олишим керак, бир киши менга йўлдош бўлиб, керакли жойларнигина кўрсатсин». Турк йўлдошим менинг савдолашаётганимни, арзонроқ нарса олмоқчи бўлаётганимни кўриб ажабланди. Бозордан чиққач, аҳволни билиб, мезбон кулди: «Биз сизни катта адиб, китоблари юз минг нусхалаб чиқади, битта асари етти қисмли, яна биттаси йигирма қисмли кино бўлган» деб таништирган эдик. Бизда бу мавқедаги ёзувчи жуда бой бўлади, бозорда арзон нарса қидирмайди»...

Иккинчи китоб чиққанда тижорат газетаси биринчи саҳифасига «Тоҳир Малик бир миллион сўм гонорар олди» деб хабар ёзибди. Цензура идорасига бир иш билан кирсам, бошлиғи бу ҳақда гапириб, «бунча пул олмаганингизни биз биламиз, шунинг учун хабарни олдириб ташладим», — деди. «Бекор қилибсиз. Хабар чиққанида ўша миллионни ундириб олардим», — дедим. У киши ажабланди, мен тушунтирдим: «Ўғрилар оламида «гапирдингми, жавоб бер» деган қонун бор. Хабар чиқса, шубҳасиз, бир-икки ўғри қизиқиб қолар. Уйимга келар. Ҳеч нарса тополмай, алам қилгач, уларни ўша газета муҳарририга юбораман. Қандай ундириб олишни ўзлари билади».

Мақтанаяпти демангу, қалам ҳақи мен учун муҳим эмас. Ишонасизми, биринчи китобим 1972 йили чиққанидан бери барча китобларнинг бўш шартномаларига имзо чекканман. «Менга шунча миқдорда қалам ҳақи берасизлар» деб савдолашмаганман. «Имкониятингизга қараб бераверасиз» – менинг қатъий амал қиладиган қоидам шу. Қалам ҳақи берилмаган ҳолатлар ҳам бўлади, бунда ҳам индамайман. Чунки Аллоҳ томонидан бу бўш ўрин тўлдирилишига ишонаман.

«Шайтанат»нинг биринчи китоби чиққанида муомалада сўм-купон эди. Шартномани шу сўм-купонда тўлдиришганда қарасам, миллион сўм-купон бўлибди. Айтилса оғиз тўлади, қўлга олинса чўнтак тўлмайди – қадрсиз. Шартнома ишга тушгунча пул ўзгарди, миллий валюта жорий қилинди. Мен доим мухлисларга ҳадя қилиш учун 100-200 та китоб олардим. Бу сафар ҳам одатимга хилоф қилмадим. 200 та китоб олгач, қўлимга янги пулда 45 сўм беришди. Бундан кўнглим мутлақо оғримади. Мен китоб чиққанига хурсанд эдим. Нолимай тўғри қилган эканман. Китоблар қайта-қайта нашр этилиб, қалам ҳақи «томиб» турибди. Ўша йиллари «Сўнгги ўқ» асосида етти қисмли видеофильм ишланди. Саҳналаштирувчи режиссёр қувониб: «Узатадиган қизимга мебель олдим», — деди. Мен биринчи набирамга бешик тўйи қилишга ҳозирланаётган эдим. Видеофильмнинг қалам ҳақига битта болалар каравотини олиб қувондим.

Анваржон, гапларимнинг оҳангидан сезаётгандирсиз, бу афсус эмас. Балки ҳазил тариқасида айтаяпман. Аслида булар кўпчиликка айтиладиган гаплар эмас. Лекин суҳбатимизни ёш ижодкор дўстларимиз ҳам ўқишса, уларга ибрат бўлсин деган ниятда айтдим. Асар ёзаётганда ҳеч қачон қалам ҳақини ўйламанг. Аксинча, асарингиздан халққа етадиган нафни ўйланг. Шунда Аллоҳнинг ўзи баракасини беради.

Тоҳир ака, навбатдаги саволим ножоиз бўлса узр сўрайман: сиз «Шайтанат»даги каби бирор-бир воқеага бевосита гувоҳ бўлганмисиз? Умуман, жиноятчилар, аниқроғи, уларнинг сардорлари билан, маълум сабабга кўра, юзма-юз гаплашганмисиз?

Йўқ, бундай «эътибор» каминага насиб этмаган. Тошкентда машҳур бўлган кишилардан иккитасини яқин танишимнинг тўйида узоқдан кўрганман. Яна бирини маъракада учратиб, икки-уч оғиз суҳбатлашганман. У киши тарихга қизиқар экан, саволларига жавоб берганман. Менинг улар билан «яқинлигим» шулардан иборат. Яна битта машҳур одам бор экан. Бир тўйда улуғ санъаткоримиз Зикир Муҳаммаджонов билан ёнма-ён ўтирган эдим. Бир одам тўйхонага савлат билан кириб келди. Ёнларида зийрак мулозимлари борлигидан унинг кимлиги билан қизиқдим. Зикир ака билан кўришиб ўтишгач, «Ким бу киши?» деб сўрадим. «Танимайсизми?деб ажабланди Зикир ака. – Наҳотки, «Шайтанат»ни ёзган одам танимаса? Ахир Тошкентни ушлаб турган тўртта устуннинг биттаси шу-ку?». Мен устун учта деб юрарканман, тўртталигини ўшанда билдим.

Ўзингиздан қолар гап йўқ: «Шайтанат» асарингиз айримлар томонидан танқидга ҳам учради. Начора, «мевали дарахтга тош отилади» мақоли исботини топиши керак. Энг ачинарлиси, асарни ўқимаганлар ҳам тош отишга уриниб кўришди. «Шайтанат» муҳокамасида ўзингиз ҳам иштирок этишингизга тўғри келганми?

Афсусли жойи ҳам шунда. Тошни орқадан отишади. Ҳамкасбларим ёки адабиётшунос дўстларимиз юзма-юз баҳслашишмайди. Танқидий гапларни китобхонлар билан учрашувларда эшитиб, уларга тушунтиришга уринаман. Шу эътирозлардан айримларини суҳбатимизда эсласам.

Анварнинг ўзини осиши ҳақида бир неча учрашувда «шариат нуқтаи назаридан бу катта гуноҳ-ку?» деган танқидий фикр эшитдим.

Жавобим бундай:

– Ҳа, албатта гуноҳи кабира ҳисобланади. Мен ҳам бу ҳолатни оқламаганман. Асарда «Анвар ўзини ўлдириб тўғри қилди» деган фикр йўқ. Китоб ўқиганда айрим ҳолатларга ғоят зийраклик билан муносабатда бўлиш керак. Асарда ёзувчи Анварнинг бу иши гуноҳ экани ҳақида бир неча жойда ёзган. Кинони кўрган, китобни эса ўқимаган мухлисларимизга албатта бу нарса маълум эмас. Китобда Анвар ўзини жиннихонада осади. Кинода ўзини жиннихона томидан ташлайди. Униси ҳам, буниси ҳам барибир гуноҳ. Лекин кинода муаллифнинг мазкур гуноҳ ишга муносабати йўқ. Шу сабабли томошабин нотўғри хулоса чиқариши мумкин. Шу масалада камина билан баҳслашиш истагида бўлган мухлисларимиз айрим сатрларга эътибор берсалар яхши эди.

Ўз жонига қасд қилишнинг улуғ гуноҳ экани асар бошида, ҳали Анвар тирик эканида айтилган. Унинг жиннихонадаги сўнгги тунини эслайлик: ҳамшира Дилобарга Асқар Қосим шеърларидан ўқиб бериб, «Тақдирим ўхшайди, аммо шеъриятига етишим мушкул. Балки умрим ҳам ўхшар» деганида ҳамшира: «Умрим?.. У одам тирикми?» деган саволига «Йўқ... ўзини осган» деган жавобни эшитиб даҳшатдан титраб кетади ва дейдики: «Ўзини ўлдириш... мардлик эмас... Ўзини ўлдирса... катта гуноҳ бўларкан, жаноза ҳам ўқилмас экан...». Анвар ўрнидан туради. Унга бу ҳақиқат аён, лекин устозини айблашни истамайди. Шу боис ҳозир жувон билан баҳслашишни хоҳламайди...

Анвар фожиасидан сўнг эса бу баён бор: «Собитхон кўрпачага ўтиришга қийналгани сабабли стулга чўкди-да, ширали овозда тиловат қилди. Фотиҳадан сўнг Рисолат кампир одати бўйича «Худонинг иродаси шу экан-да» деб қўйди. Собитхон «Онажон, бу худонинг иродаси эмас, худо бандаларига жонларингга қасд қилинглар деб буюрмаган. Жонга қасд қилиш – шайтон иродасига бўйсунишдир» демоқчи бўлди-ю, илмдан бехабар бу аёлнинг аламли ярасига туз сепмай деб тилини тийди».

5-китобда эса Зоҳид «Кўп масалаларда Анвар билан ҳамфикр бўлди. Фақат... Сўнгги чорасини ақлсизлик деб баҳолади» дейилган. Зайнаб ўзини осмоқчи бўлганида, бу ишнинг гуноҳ экани бир неча жойда такрорлангани бежиз эмас: «Аммо бундай ҳолларда астойдил тавба қилмоғи, ҳаётдан кўз юмар арафасида бир мартагина бўлсин пешонани саждага олиб бормоғи лозимлигини билмайди. Билганида эди, титроқ бармоқлари отаси ташлаб кетган арқондан сиртмоқ ясамоққа уринмаган, Яратганнинг омонатига хиёнат қилмоққа тайёрланмаган бўларди...». «Сўнг сиртмоққа айланган, бир ширин жонни олмоққа шайланган арқонга қўл узатди.

«Ташла буни, қизим... бу нима қилганинг?».

«Ойижон, энди мен чидолмайман…».

«Ундай дема, болам, мени ўйламасанг ҳам худодан қўрқ. Худо кечирмайди бу гуноҳингни...».

«Худо нима учун мени бу азобга солди? Балки менинг ўлимимни худонинг ўзи истаётгандир? Ҳа... хоҳлаяпти... «Ота рози – худо рози» дейишади-ку? Арқонни адам ташлаб кетдилар. Адамлардан хафа эмасман. Тўғри йўлни кўрсатдилар…».

Манзура жавоб бермай, ерга қаради. Агар бу суҳбат Зайнабнинг хаёлида, ғойибда эмас, ҳақиқатда, юзма-юз равишда содир бўлганидами эди, Манзура қизининг айтганларига раддия билдирарди. Манзура гарчи бу масаладаги шариат йўриғини билмаса-да, тангри бандаларига бундай ўлимни раво кўрмаслигини тушунтиришга ҳаракат қиларди.

Ҳозир эса Зайнаб бу масалани англамагани учун ҳам хаёлидаги суҳбатда онасидан жавоб ололмади. Ўз фикрини тўғри деб ҳисоб қилди».

5-китобда бу масалага яна қайтилган, Жаҳонгир осганида ҳам аниқ муносабат билдирилган: «Бир неча сўздан иборат гапни айтишдан кўра ўлимни танлаш унга осон туюлди – ярим тунгача руҳ азобида тўлғониб, ҳовлидаги тут дарахтидан, унинг шохига ўзи ташлаган сиртмоқдан паноҳ топди. Ўз жонига қасд қилгани учун тўнғиз қавмида кетишини, жаноза ўқилмаслигини, қиёматда дўзах азоби кутиб турганини бола бечора билмасди...».

Яна айрим мухлисларимиз китобни ўқиган ёшларнинг жиноят кўчасига кириб кетишидан хавотирланадилар. Уларга бундай жавоб бераман: агар ёшларга салбий таъсир қилганида бу асарни ёзмаган бўлардим. Мен ёшларнинг оқ-қорани ажратиб олишларига ишонаман. Назаримда, ёшларнинг биронтаси Ҳосилбойвачча ёки Кесакполвонга ўхшаб яшаб, улар каби азобли ўлим топишни истамаса керак. Ниятим – жиноят оламига қизиқиб, маҳлиё бўлиб юрганларни бу йўлдан қайтаришга хизмат қилиш. Умуман, у ёки бу китобни ўқиш натижасида жиноят оламига кириб қолган одамни ҳали учратганим йўқ. Лекин «Шайтанат»ни ўқиш натижасида бу разил оламдан чиқиб кетганлар билан учрашганим рост.

Диққат қилинса, «Нафснинг келажаги зулмдир, зулмнинг келажаги эса хорликдир» деган фикр асарнинг шиори дейиш ҳам мумкин. Бу каби асарларни ёзишдан мақсадим шайтанат олами, яъни шайтонларга тобе бўлган жиноят олами билан ёшларни таништириб, уларни бу ярамас йўлдан қайтаришга уринишдир. Бошқача айтганда атрофимизда шундай қабиҳ олам борлигидан одамларни огоҳ этишдир. Бизнинг адабиётимизда ҳали «қонундаги ўғри» деб аталмиш жиноятчилар олами баёни берилмаган эди. Бу оламнинг шиорига эътибор беринг: «Дунёда ўғридан бошқа ҳеч ким инсон тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқига эга эмас!». Мана шундай зулм оламини биз билишимиз керакми? Албатта керак. Фарзандларимизни бу олам таъсиридан ҳимоя қилишимиз учун ҳам керак. Ҳарҳолда мен шундай бўлар деган мақсадда қўлга қалам олган эдим. Агар бирон-бир асар тарбияга хизмат қилмас экан, ёзувчининг уринишлари зое кетибди деб ҳисоблайман. «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади…» деган мақол бор. Шайтонлар оламини ўша қора қозон деб тасаввур қилайлик. Бу қора қозон кўзга кўринмайди. Шундай экан, унга яқинлашиш, қорасини юқтириш хавфи бор. Азиз ёшларимизни бу хавфдан ким огоҳ этиши керак?

Яна бир нарсага диққат қилайлик: ҳали «Шайтанат» ёзилмасидан илгари ҳам ўсмирлар ва ёшлар орасида жиноятчилик мавжуд эди. Ҳар ҳолда мен бу асарни ўқиб, одам ўлдирган жиноятчини учратмадим, илоҳим учратмай! Салбий таъсирга доир саволлар бошқа асарларга нисбатан ҳам, ҳатто телевизорга нисбатан ҳам айтилади. Ўйлайлик: ҳали телевизор ихтиро қилинмай туриб ҳам қотилликлар сероб эди-ку? Инсоният ҳаётидаги биринчи қотиллик – Одам Атонинг ўғиллари Қобил укаси Ҳобилни ўлдиришига ҳам китоб ёки телевизор сабаб эдими?

Синчков китобхонлар «Нима учун асарда қора бўёқлар қуюқ? Айниқса, аёллар образини кўпроқ қора рангларда бергансиз?» деган саволга жавоб олишни исташди. Бу савол ўринли эди. Лекин асардаги «қора бўёқлар» ёзиш жараёнида қуюқлашмаган, яъни камчилик бўлиб кўрилган ҳолат тасодиф эмас. Аввал бошдан ниятим шундай эди. Агар эсласангиз, биринчи китобга ёзилган сўзбошида «Замон берган эркинликдан фойдаланиб, турмушимизнинг қора кўчаларига киришга жазм этдим. Ёзганларимни ўқиб, чор-атроф зимистон экан-ку деб ваҳимага берилманг. Ёруғ кунда барча нарсаларни кўриб турамиз. Қоронғида эса кўрмаймиз. Урилиб, сурилиб, қоқилиб юрамиз. Алқисса, ёруғ куннинг қадрига етмоқ учун қоронғиликни ҳам кўриш лозим эмасми?», — деганман.

Асардаги бўёқлар кимгадир қуюқ, кимгадир эса хира туюлиши мумкин. Бу ўринда у ёки бу одамнинг ҳаётни қай даражада англаши, воқеаларга муносабати ҳам муҳим. Масалан, Зайнабнинг тақдири бировни ҳаяжонга солса, бошқа бир китобхон «бунақа гиёҳванд аёлларни ўзим ҳам кўрганман» деб бефарқ қараши мумкин. Дунёда неча миллиард одам яшаса, шуларнинг бармоқ излари бир-бирига ўхшамайди. Демак, шунча миллиард бармоқ излари мавжуд. Шунга кўра, айтиш мумкинки, одамларнинг феъл-атвори, ҳис-туйғулари, дунёни англамак зеҳнлари ҳам бир-бирига ўхшамайди.

«Шайтанат»да, бошқа асарларда ҳам ҳавас қилиш мумкин бўлган аёллар кам тасвирланганининг сабаби бор. Камина, такрор айтаман, шайтонлар бошқарадиган оламни, қора бўёқларни қаламга олганман. Бу оламда яхши аёлларнинг кўп бўлиши мумкинми? Очиғи, мен ёмонларни тасвирлаганимда юрагимда оғриқ турарди. Буларни ёзмасликни истардим. Лекин на илож? Ибрат маъносида ҳам ёзиш керак эди. Шунинг натижасида айрим мухлисларимиз «Асарингизни ўқиган одам сизни қаҳри қаттиқ инсон деб ўйлайди» деган айбномани ҳам елкамга илиб қўйишди. Ҳолбуки, бу янглиш хулоса. Ўзингиз биласиз, мен қаҳри қаттиқ, бешафқат эмасман. Ҳаётнинг ўзи бешафқат. Менинг вазифам ўша бешафқатликнинг баёнини қоғозга кўчириш, холос. Зайнабнинг руҳий азобларини қоғозга кўчираётганимда қалб оғриғидан қийналганман.

Кўпчиликни Асадбекнинг ўлиш ёки ўлмаслиги қизиқтиради. Ёки Жамшид билан Зайнабнинг муносабатлари ўйлантиради. Аксар китобхонлар Асадбекнинг тирик қолишини хоҳлади. Андижондаги учрашувда бир муаллим синглимиз: «Мен Асадбекни яхши кўриб қолганман, илтимос, уни ўлдирманг» деди. Мен ҳазиллашиб: «Яхши кўришингизни эрингиз биладими?», — деб сўрадим. Синглимиз: «Ҳа, билади. Асадбекни у киши ҳам яхши кўради», — деди. Бу масалада айтишим лозимки, Асадбек одам сифатида китобда тирик қолиши мумкиндир. Аммо жиноят оламининг сардорларидан бири сифатида ҳаётимизда қолиши мумкинми? Бу масалада рамзий маъно излашимизга тўғри келди. Тўртинчи китобнинг сўнгги сатрларига шу маънолар жамланмоқчи бўлинди. Ёки Зайнабнинг тақдирини олайлик: агар у, айтайлик, Глория ёки Наташа бўлганида мажруҳ эрини ташлаб, суйгани билан қовушмоғи мумкин эди. Лекин кимнинг қизи бўлишидан қатъи назар, у ўзбек аёли! Ўзбек аёллари эса камдан-кам ҳолларда эрларидан юз ўгирадилар. Эрга кўнгиллари бўлмаса ҳам уларни оғир аҳволда ташлаб қўймайдилар. Агар мен Зайнабни китобхонлар истагига кўра Жамшид билан қовуштириб қўйсам, ўзбек аёлларининг беқиёс фазилатларига хиёнат қилган бўлардим.

Баъзан укаларимиз «Нима учун Зайнабнинг уйи қўриқланмайди?» деб сўрашади. Биз чет эл мафияси ҳақидаги фильмларни кўравериб, уларнинг уйлари ҳамиша қўриқланади деб ўйлаб қолганмиз. Хориждаги жиноий гуруҳлар билан биздагиларнинг анча фарқи бор. Майкл Корлеоне мафиясига ўхшаган тўдалар саксонинчи йилларда бизда йўқ эди. Гуруҳлар орасидаги «уруш»лар ҳам етилмаганди. Шунинг учун ҳам уларни катта куч билан қўриқлашга ҳожат йўқ эди. Шундай бўлса-да, бу саволга тўртинчи ва бешинчи китобда жавоб беришга ҳожат сезилди. Кинофильмда Асадбекнинг ва бошқаларнинг уйлари ғоят серҳашам кўринишда. Ҳолбуки, воқеа содир бўлган йиллари бунақа сароймонанд уйлар йўқ эди. Ҳосилбойвачча отилган бассейнлар ҳам йўқ эди.

Яна жиддий танқидлар масаласига қайтсак, танқидни яхши кўрадиган одам бўлмаса керак. Лекин танқид икки хил бўлади. Агар холис бўлса, ундан юз ўгириш нодонликдир. Агар танқид ичиқоралик, ҳасад меваси бўлса, ундан қўрққулик. Ҳазрат Умар камчилигини айтмайдиган дўстдан фойда камлиги ҳақида ибратли гап айтган. Шунга кўра ҳар бир одам танқидга чидамли бўлса ўзига фойда. Холис танқид учун миннатдор бўлиш жоиз. Танқид замирига хусумат жойлашган бўлса, бу танқидчига инсоф тилашдан ўзга чорамиз йўқ.

Мен танқиддан бирданига лов этиб ёнмайман. Диққат билан эшитаман. Агар танқид нотўғри бўлса, кўп ҳам аччиқланмайман. Чунки ҳар бир одам ҳар бир масалада ўзининг танқидий фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Баъзи хато фикрга асосланган танқид беғараз бўлиши ҳам мумкинки, улардан мутлақо ранжимаслик керак. У ёки бу асарни барча бир хил севишга мажбур эмас. Асаримни барча бир хил севсин, эъзозласин деб талаб қилувчи ёки умид қилувчи ёзувчи нодондир. Агар танқид тўғри бўлса, мен кўпроқ ўзимдан ранжийман. Танқидчидан эмас, ўзимдан хафа бўламан. «Шу оддий нарсага ақлинг етмадими?» деб ўзимни ўзим койийман. Эътиборсизлигим туфайли шу камчиликка йўл қўйганим мени кўп қийнайди. Маълум фурсат ўтгандан кейин ёзганларимни ўқиб, ўзим кўпроқ хатолар топаман. Бешинчи китобни ёзиш жараёнида аввалги тўртала китобни қайта ўқиб, таҳрир қилдим. Хатолар, чалкашликларга дуч келганда юрагим ачиди.

Бизнинг танқидчилигимизда кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Сиз айтгандек, баъзи дўстларимиз асарни ўқимай туриб танқид тошларини отадилар. Ёшлигимда бир ёзувчи таниқли ёзувчининг яхши асарини танқид балчиғига булаб ташлади. Айрим гапларидан сездимки, асарни тўла ўқимаган. Маълум бўлишича, китобнинг бошидаги биттагина жумлани ўқиган экан. Яна маълум бўлишича, китобни эмас, китобнинг муаллифини ёқтирмас экан. Бундай иллат ўзаро суҳбатлар доирасидан чиқиб, катта йиғинлардаги минбардан ҳам жой оларди. Айрим ижодкорлар ўзларидан олдинги нотиқларнинг у ёки бу асарга нисбатан билдирган танқидий фикрларини «териб-териб» олиб, ўзлари ёқтирмаган адибларни «тузлашарди». «Шайтанат»га нисбатан ҳам шундай ҳоллар юз берди. Ҳатто бир дўстимиз «Шайтанат» савияси паст ўқувчиларга мўлжалланган» деб газетада ёзди. Ўқимай туриб шундай дейишларига чидаш мумкиндир, лекин бу танқид менга қаратилмаган, сўзларга диққат қилайлик: «савияси паст» деб китобхон ҳақорат қилинаяпти. Агар «Шайтанат»ни адиб паст савия билан ёзган» деганида ва бу даъвоси мисоллар орқали исбот этилганда унга «раҳмат» дердим ва камчиликларимдан қутулиш чорасини ўйлардим (бу ҳақда учинчи китоб сўнгида ёзган эдим, такрор учун айбситманг).

Танқидларнинг кўпроғи асарни «бисмиллаҳ» билан бошлашимга ва оят-ҳадислардан фойдаланишимга нисбатан бўлди. Танқидчиларнинг фикрига кўра бадиий асар «бисмиллаҳ» билан бошланмаслиги керак экан. Детектив адабиётда оят ва ҳадислар ишлатиш ҳам хато ҳисобланар экан. Мазкур нашрни тайёрлаётганимдан хабар топган бир адабиётшунос олим «диний гапларни чиқариб ташласин» деган насиҳатларини каминага етказди. Хўш, мен бу танқидларга қандай жавоб беришим керак?! Замон ўзгараяпти-ю, аммо дўстларимиз онгидаги атеистик қарашлар қотганича қолаверибди-да! Бу дўстларимизнинг устозлари ўтган асрда ҳазрат Навоий асарларидан Аллоҳга ҳамд айтилган сатрларни олиб ташлаб нашр қилдиришган эди. Шу анъана ҳануз давом этаверадими? Қачонгача? Яна бир дўстимиз «Бешинчи китобни ўқидим, яхши. Фақат битта камчилиги бор: буниси сал динийроқ бўлиб қолибди» деди. Камина дедимки: агар чиндан шундай бўлса, бу камчилик эмас, фазилатдир.

Ўтган йили интернетда номини яширган бир одам «Тоҳир Малик «Шайтанат»ни ёзганидан афсусда» деб ёзибди. Ажаб! Нега афсусланишим керак? Ҳар бир асар ёзувчининг фарзандидек гап. Яхшими-ёмонми, тўлғоқлар билан юзага келади. Бу асарни ёзишга ўн беш йилдан кўпроқ умримни сарф этдим. Икки минг беш юз саҳифа қоғозни қораладим ва уларни ўзим оққа кўчирдим. Ёзув машинкасида оққа кўчирилганда (у пайтлар компьютерим йўқ эди) икки минг бетдан ошди. Миллионларча ҳарфу нуқталарни битталаб терганман. Шу меҳнат мевасидан кечишим керакми? Мен ҳатто савияси пастлиги учун нашр этилмаган, сандиқда чанг босиб ётган асарларимдан ҳам воз кечмайман. Чунки ундаги маромига етмаган қаҳрамонлар билан ҳам узун тунлар бирга бўлганман.

Интернетдаги «донишманд»нинг агар дили покиза бўлса, нияти холис ва хайрли бўлса номини яширармиди? Бу каби гапларни мен танқид эмас, ёзувчининг асабига тегиш учун қилинадиган қитмирлик деб биламан. Агар яна шундай қитмирлар бўлса, уларга дейманки: азизлар, ўзингизни кўп қийнаманг, менинг асабим унча-бунча фитна-ю фисқу фужурларга бузилавермайди. Киши ўзгаларга ёмонлик тилагандан кўра ўзига ҳидоят, иймон, оиласига ҳаловат, ижодкорлар эса ижодларига иймонли илҳом, парвоз ва баракот тилаганлари яхши эмасми?

«Тоҳир Малик гурунглари» китобидан

 Давоми бор

(Учинчи суҳбатда «Шайтанат» фильми, сценарий ёзишни истамаган муаллиф, Ёдгор Саъдиевдан талаб қилинган алимент хусусида билиб оласиз. Нега Жаҳонгир Қосимов режиссёрликдан бош тортди? Ва ҳоказо...)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг