Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Зерикдингизми? Карантин вақтида айрим маслаҳатлар

Зерикдингизми? Карантин вақтида айрим маслаҳатлар

Коронавирус пандемияси туфайли жаҳондаги кўплаб давлатларда карантин жорий қилинди. Ҳукумат вакиллари аҳолидан карантин қоидаларига қатъий риоя қилишни сўрашмоқда. Бу саргузашт севар одамлар учун зерикиш ва қийинчилик туғдираётгандек туйилиши мумкин. Аммо, уйда қолиш чиндан мушкул иш дегани эмас.

Дунёнинг қаерида истиқомат қилишингиздан қатъи назар, сизга уйда қолиш бўйича маслаҳат беришаётган бўлса, бунга ҳалол равишда риоя қилинг. Чунки, бугунги вазият ҳақиқатда сиз ва сиз орқали атрофингиздаги инсонлар саломатлиги учун жиддий хавф туғдурмоқда.

Эҳтимол, ҳозир хорижга сафар уюштириш, янги одамлар билан танишиш, ҳатто кўчада сайр қилиш, дўстлар билан учрашиш имконияти бўлмаётгандир. Бироқ, бу ўтаётган вақтингизда мўъжизалар кашф этишингизга ҳалақит бермайди.

Шундай қилиб, Erasmus карантин даврида зерикиш билан қандай курашиш борасида баъзи маслаҳатлари билан ўртоқлашади.

Тўғри, Erasmus одатда одамлар билан мулоқот қилиш, кучли коммуникация алоқаларини қўллаб-қувватлайди. Шундай бўлса-да, сиз ётоқхонада ёки умумий квартирада яшаётган бўлсангиз ҳам, уйда қолиш орқали турли соҳа маданияти билан танишишнинг ажойиб усуллари мавжуд.

Овқат пиширинг (ўрганинг)

Ким ошпазлик маҳорати билан уй шароитида тайёрланган мазали таомдан завқланмайди?

Демак, сиз италян дўстингиздан «Spaghetti Carbonara» қандай тайёрланишини ўрганиш вақтингиз келди. Ёки сиз уларга «Croque Monsier» нафақат оддий нонушта менюлари учун эмас, балки музлатгичингиздаги бор нарсалардан осонгина овқат қилишингиз мумкинлигини ўргатиш имконияти ҳамдир.

Сўнгги йилларда, гастрономия туризми анча ривожланди. Гарчи айни пайтда гастротуризм қила олмасангиз ҳам, ҳеч бўлмаганда яхши ва ўзингиз учун янги бўлган таомлар танаввулидан лаззатланинг. Ошхонадан фойдаланиш ва пишириш маҳоратига эга бўлинг.

Қўшиқ ва рақс

Бошқа маданиятлар билан боғлиқ баъзи қизиқарли нарсалар бу уларнинг қўшиқлари ва рақсларидир. У анъанавий ёки анъанавий бўлмаслиги ҳам мумкин.

Хуллас, диванни силжитинг ва яшаш хонангизда рақс майдончаси учун жой ажратинг. Тан олинг, сиз доимо «Sirtaki»ни қандай қилиб тўғри ижро этишни ёки эҳтимол «yodel»ни ўрганиш иштиёқингиз бўлган. Агар булар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмасангиз, интернетни ёқинг ва улар сизга манзур бўлиши аниқ. Умуман олганда, мусиқа жуда кўп муаммоларни ҳал қилиши мумкин. Унутмангки, қўшиқ ва рақс карантин кунларида сиз учун яхши ҳамроҳ вазифасини бажара олади. Шундай экан, севимли қўшиқларингиз ва рақс ижроларингиздан завқланинг.

Кинофильм марафонлари

Ҳа, эҳтимол сиз қизиқарли кинофильмларни аллақачон кўриб бўлганман дерсиз. Хавотир олманг. Халқаро дўстларингиздан ўзларининг севимли фильмлари ёки сериалларини сиз билан баҳам кўриши ва кинофильлм марафонлари ташкил қилинишини сўрашингиз мумкин. Яна бир яхши ғоя – сериалларни томоша қилиш. Худди Гарри Поттернинг барча қисмларини томоша қилиш учун дам олиш кунлари керак бўлганидек. Бир неча попкорн ва адёлни олингда фильмлар уммонига шўнғинг.

Уй ўйинлари ташкил қилинг

Барча талабалар уйларида камида битта стол ўйинлари ёки карталар бўлиши керак. Улардан фойдаланинг. Қизиқарли ўйинлар ва хотира машқларини ташкил қилинг.

Агар сиз ёлғиз яшасангиз ва атарофингиздагилар билан камроқ алоқада бўлишингиз зарур ҳисобланса, бунинг чораси бор. Изоляция кунларини қандай ўтказиш бўйича ҳам баъзи маслаҳатлар билан қуйида танишиб чиқинг:

Виртуал музей ва Пазллар

Парижга саёҳатингиз бекор қилинди. Афсус, бунинг оғир эканлигини биз ҳам ҳис қиляпмиз. Аммо сиз музейларга онлайн ташриф буюришингизни билармидингиз? Le Louvre, Guggenheim, Британия ва шу каби бошқа бир қатор музейларда мана шундай имконият мавжуд. Хуллас, интернетни ёқинг ва ушбу музейларнинг виртуал оламидан баҳраманд бўлинг. Виртуал музейлар ҳам худди ўзингизни ўша музейда бўлганингиздек таассурот уйғота олади.

Яна бир ажойиб ғоя – сиз боришни истаган шаҳарларингиз акс этган пазлларни сотиб олиш. Агар сиз уйда кўп кун туришингиз шарт бўлса, ўнлаб пазлларни тиклаш орқали вақтингизни чоғ ўтказишингиз мумкин.

Китоб мутолааси

Китоблар ўқинг. Уйда қолиш хотирангизни яхшилаш, дунёқарашингизни бойитиш учун яхши нарсалар қилиш имконидир. Ахир, бунинг учун китобдан яхшироқ нима ҳам бор?

Мабодо, уйингиздаги барча китобларни ўқиб тугатган бўлсангиз китоб дўконига боришнинг ҳожати йўқ. Коронавируснинг тарқалиши пайтида perlego.com ўз кутубхоноасидан бепул фойдаланиш имкониятини бермоқда. Бу ердан сиз 300,000 та электрон дарсликлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз. Шундай экан, ўқиш даврида берилган топшириқлар ва тезисларни якунлай олмаслик учун УЗРли сабабга эга эмассиз.

Янги тилни ўзлаштиринг

Қайта тушунтиришга ҳожат йўқ. Ҳозирги кунда интернетдан тил ўрганишнинг кўплаб усуллари мавжуд. Шу вақтга қадар сиз улардан фаол фойдалана олмагансиз.

Шундай қилиб, онлайн дарсларни қидириб топинг, тил дастурларини юклаб олинг ёки ҳаттоки бунга Erasmus талабасини жалб қилган ҳолда, ўзаро тил дарсларини алмашиб фаол мулоқот олиб боринг.

Бундан ташқари, ҳақиқатан сиз учун фойдали бўлган онлайн курслар ва семинарларларда иштирок этишингиз ҳам мумкин.

Уйда машқ қилинг ва соғлом бўлинг

Худди шу нарса жисмоний машқлар учун ҳам таъллуқлидир. Тўғри, уйда машқ қилиш кўча бўйлаб югуриш ёки севимли спорт залингиздаги шароитлар билан бир хил бўлмайди. Лекин, уй шароитида ҳам машқ қилишнинг бошқа усулларини топишингиз мумкин. Бунинг учун спорт мураббийларининг онлайн видео дарсларини қидиринг ва камида 30 кунлик машғулотларга содиқ қолинг. Бу сизга соғлом бўлишдан ташқари, карантин даврида руҳий хотиржамликка ёрдам беради.

Ёдда сақланг! Вақтингизни уйда ўтказиш ҳаётингиздаги энг яхши кунларингиз сифатида хотирада қолиши мумкин. Яъни, буни сиз ҳеч қачон қила олмаган баъзи ишларни қилиш учун беқиёс имконият сифатида кўринг. Ҳеч қачон ўрганмаган кичкина нарсалар билан машғул бўлинг. Масалан, гитара чалиш, расм чизиш, шеър ёки қўшиқ ёзиш, рубик-кубикни ечиш, Легос билан нимадир қуриш, онлайн дарслар ва ҳаказо.

Қолаверса, сиз хонангизни, иш столингизни, шкафингизни тозалашингиз, шахсий компьютерингиздаги файлларни тартибга келтиришингиз, паролларингизни янгилашингиз ва карантиндан кейинги қилинажак ишларингиз режасини тузиб чиқишингиз ҳам ўзингиз учун фойдалидир.

Нима қилсангиз ҳам, хотиржам бўлиш, ўзингизни ва бошқаларни касал бўлишдан ҳимоя қилиш қанчалик муҳим эканлигини унутманг.

Қўлингизни тез-тез ювинг, одамлар билан мулоқотда масофаланишни сақланг.

Нурилло Тўхтасинов таржимаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг