Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Экологик тоза маҳсулот нима?

Экологик тоза маҳсулот нима?

Экологик тоза маҳсулотнинг илмий синоними органик маҳсулот, деб аталади. Олимлар экологик тоза маҳсулот инсон соғлиғига зарар етказмаслиги, келажак авлод саломатлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги ва юқори ижтимоий-иқтисодий самарага эга бўлишини асослаб беришган. Тадқиқотлар шуни кўрсатганки, экологик тоза маҳсулотлар истеъмол қилинганда одамларнинг ўртача умр кўриш ёшининг ортиши, аҳоли орасида ҳар хил касалликлар тарқалиш даражаси ҳамда болалар ўлимининг камайиши ва бошқа муҳим ижобий кўрсаткичларга эришилган.

Органик маҳсулотлар дейилганда органик сўзи «чекланган» маъносини англатиб, қўшимча минерал ўғитларсиз, заҳарли химикатларсиз ва бошқа техноген таъсирларсиз маҳсулот етиштириш ёки табиий тоза хомашёлардан олинган, замонавий технологиялар асосида етиштирилган маҳсулотлардир.

Бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида органик-экологик тоза маҳсулот етиштириш ва унга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Европа мамлакатларида экологик тоза маҳсулотларга йиллик талабнинг ўсиши Германияда 5–15 фоиз, Дания, Швеция ва Швейцария давлатларида 30–40 фоизга ортган.

Мамлакатимизда ҳали органик қишлоқ хўжалиги ёки органик деҳқончилик тушунчаси тўғрисида маълумотлар етарли эмас. Унинг қонун даражасидаги талаблари ҳам ҳозирча ишлаб чиқилмаган, органик тоза маҳсулот стандартлари ҳамда бундай маҳсулотларни тартибга соладиган ва маркировка қиладиган хуқуқий асослар яратилмаган.

Экологик тоза маҳсулот етиштириладиган ерларда аввало 3 йил давомида тозалаш тадбирлари ўтказилиши талаб этилади. Шундан сўнггина ер текширилиб, органик-экологик тоза маҳсулот етиштириш учун сертификат берилади.

Маҳсулот етиштиришда турли кимёвий воситалар, минерал ўғитлардан фойдаланиш ва генетик модификацияланган экин навларини экиш қатъиян тақиқланади. Бунда асосий агротехник тадбирлар қўл меҳнати эвазига бажарилади. Шундай усулда етиштирилган маҳсулотлар органик ёки экологик тоза маҳсулот номини олади ва таркибида 95 фоизгача органик модда бўлади.

Сиз бозордан сотиб олаётган картошка, пиёз қандай етиштирилгани, кимёвий ўғитлар солинган ёки солинмагани билан қизиққанмисиз?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг