Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ёшлар иттифоқи фан олимпиадаси» ташкил этилади

«Ёшлар иттифоқи фан олимпиадаси» ташкил этилади

Хабар берганимиздек, Сурхондарё вилоятидаги “Халқаро ёшлар оромгоҳи”да Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида “Аъло таътил” лойиҳаси давом этмоқда. 3-10 январь кунлари бўлиб ўтадиган дам олиш ва ижод оромгоҳида барча ҳудудлардан келган 192 нафар аълочи ўқувчи ҳордиқ чиқармоқда.

Бугун лойиҳа иштирокчилари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев билан учрашдилар. Қуронбоев ўқувчиларнинг дам олиш шароити, ижодий лойиҳалари ва таклиф-ташаббуслари билан танишди.

— 1000 нафарга яқин ўқувчи орасидан саралаб олинган болажонларнинг билим олишга, янги ташаббусларга бўлган интилиши бизни янги лойиҳаларни амалга оширишга ундайди, — деди Қаҳрамон Қуронбоев. — Ёшлар етакчиси сифатида сиз ўқувчилар билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги ва ёшларни қийнаётган ҳар қандай масалани ҳал қилишга ўзимни масъул деб биламан. Шу маънода Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган ўқувчининг “Ёшлар иттифоқи фан олимпиадаси”ни ўтказиш таклифини, албатта, амалга оширамиз.

— Жиззах шаҳридаги 19-мактабнинг 4-синфида ўқийман, — дейди Шоҳрузбек Солижонов. — Лойиҳанинг энг кичик иштирокчиларидан бириман. Лойиҳа доирасидаги ижодий ва касбий учрашувлар, спорт мусобақалари ва Термиз шаҳри бўйлаб саёҳат қишки таътилни мароқли ўтказишимизга имкон яратди. Бу йилги таътил хотирамизда узоқ вақт сақланиб қолади, янги йилда янги ютуқларни эгаллаш ва янада яхши ўқишга ундайди.

Учрашув якунида ёшларга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шоҳида Даманова

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг