Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш харажатлари қанча вақтда ўзини оқлайди?

Қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш харажатлари қанча вақтда ўзини оқлайди?

Томчилатиб суғориш технологиясининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги самарадорлиги нафақат сувни тежаш, балки ҳосилдорликни ҳам ошириши айтилади.

Ушбу технологиянинг сабзавот етиштириш бизнесини тубдан ўзгартириб юбориши ҳақида таниқли агроэксперт ва етакчи мутахассис Эркин Усмонхўжаев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Экспертнинг сўзларига кўра, томчилатиб суғориш тизими замонавий сабзавотчиликда муваффақият калитидир, фақат уни тўғри қўллай билиш лозим. Зеро, ўрта ва кичик деҳқон/фермер хўжаликлари ҳам ушбу технология ёрдамида сабзавот етиштириб юқори даромад олишга эришиши мумкин.

«Тўғри, ҳар қандай замонавий технологияни жорий этиш дастлабки сармояни талаб қилади ва томчилатиб суғориш ҳам бундан мустасно эмас. Сабзавот экинлари далаларида томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ва уни ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар бир неча омилларга боғлиқ.  Даланинг умумий майдони, экин тури ва қатор ораларидаги масофа, ер ландшафтлари, тупроқ тури ва бошқалар шулар жумласидандир.  Дастлабки сармоя миқдори ушбу параметрларга, томчилатиб суғориш тизимининг талабларига ва лойиҳанинг нечоғли мураккаблигига қараб катта фарқ қилиши мумкин», – дейди мутахассис.

Эксперт, шунингдек, бундай тизимни ўрнатишда дастлабки сармояга эга бўлмаганлар учун ҳам ечим кўрсатади. Унинг айтишича, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли давлат дастури мавжуд. Ушбу дастурга мувофиқ, сув тежовчи технологияларни жорий этаётган фермер хўжаликларига бундай тизимларни ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш (субсидия), 5 йил муддатли имтиёзли кредитлар ва солиқ имтиёзлари тақдим этилади. 

«Ушбу инвестицияларнинг ўзини оқлаш муддати масаласига келсак, ўзимнинг тажриба ва кузатувларимга асосланиб, қуйидагиларни айтишим мумкин: эртаки сабзавот етиштириш мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун дастлабки сармоя атиги 1 мавсумда ўзини оқлайди.

Бу ҳолатда сабзавот экинларининг ариқдан суғориш усулида етиштирилган сабзавотларга нисбатан анча эрта пишиши муҳим роль ўйнайди.  Юқорида айтганимдек, маҳсулотни 7-10 кун эртароқ бозорга чиқариб, анча қиммат нархда сотиш ҳисобига томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш учун дастлабки сармояни атиги 1 мавсумда қоплашингиз мумкин», – дейди Э.Усмонхўжаев.

Қайд этилишича, агар бозорга эрта чиқариш унчалик муҳим омил бўлмаган сабзавотларни ҳисобга олинса, бунда маҳсулотнинг ҳосилдорлиги ва сифати муҳим аҳамиятга эга. Бу вазиятда томчилатиб суғориш тизимини ўрнатишга сарфланган дастлабки сармоя ҳосилдорлик ошиши ва маҳсулотнинг юқори сифати, шунингдек, маҳсулот партиясидаги нуқсонли товарлар улуши кескин камайиши ҳисобига 2-3 мавсумда ўзини оқлайди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг