Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўқувчининг онаси: «Тарбия учун фақат мен масъул эмасман...»

Ўқувчининг онаси: «Тарбия учун фақат мен масъул эмасман...»

Айни кунларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши, вилоят Ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилоят Миллий гвардияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши ва Жиззах Давлат педагогика институтининг психолог ўқитувчилари ҳамкорлигида жойларда “Барчаси ўз қўлингда” тарғибот декадаси бўлиб ўтмоқда. Декада доирасида профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганлар билан психологик суҳбатлар, тунги рейдлар, давомад рейдлари ўтказилмоқда.

Декаданинг биринчи манзили Бахмал ҳамда Дўстлик туманлари бўлди. Бахмал туманида 79 та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, уларда 32 минг 224 нафар, 10 та касб-ҳунар коллежида 2 минг 735 нафар ўқувчи ёшлар таҳсил олади.

Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган рейдлар давомида 1- ва 3-умумий ўрта таълим мактабларида умумий ўқувчиларнинг 1 фоизи сабабсиз дарсда қатнашмаётгани, Бахмал қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида 25 фоиз ўқувчи-ёшлар дарс машғулотларида иштирок этмаётгани. Шунингдек, туман марказида жойлашган якка тадбиркор Ж.Асадов ва М.Пўлатовларга тегишли бўлган компьютер хизматлари шохобчаларида 3 нафар вояга етмаган ёш бемақсад ўтирганлиги аниқланди.

— Ёшларнинг интернет кафелар ва бошқа турли кўнгилочар жойларда вақтини бекорчи ўйинларга сарфлаётгани кўп кузатилмоқда, ваҳолангки, таълим муассасаларида дарс машғулотларидан сўнг бепул тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши бўлим бошлиғи Тўлқин Аҳмедов. — Декадада ушбу тўгараклар фаолияти бугунги ўқувчини қониқтирадими, нега айрим ёшлар мактаб тўгараклари эмас, кўчадаги “тўгараклар”га ошиқмоқда, деган саволларга жавоб топишга ҳаракат қиляпмиз. Ўқувчи-ёшларни таълим муассасасига, тўгаракларга жалб этишда мактаб маъмурияти, ёшлар етакчиси ва психолог масъулиятини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқдик.   

Декада ишчи гуруҳи ёшлар иттифоқининг таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлари учун Бахмал Ижтимоий-иқтисодий ва педагогика касб-ҳунар коллежида Экстремизм, терроризм, ақидапарастлик, мутаассиблик, прозелетизм, миссионерлик тушунчалари ҳамда Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш бўйича ўқув семинар ташкил этди. Дўстлик туманидаги Баркамол авлод болалар ижодиёт марказида таълим муассасаларидаги психологик ўқитувчилар учун мастер класс ўтказилди.

Малакали психологлар Дўстлик туманидаги 9 нафар профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат ўтказиб, аниқланган ҳолатлар бўйича таълим муассаси психологларига улар билан доимий ишлашлари учун тегишли кўрсатмалар берди.

Баркамол авлод болалар ижодиёт марказида Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганлар учун бепул тиббий кўрик ҳам ўтказилди. Ўтказилган тиббий кўрик таҳлиллиари бўйича тегишли тиббиёт марказларига ва мутахассисларига йўлланмалар берилди.

— Тарбия учун фақт мен масьул эмасман, ўқитувчи ҳам боланинг тарбиясига қарасин-да, — дейди Дўстлик тиббиёт коллежи ўқувчиси А.Ҳакимовнинг онаси. —  Мен боламни эрта тонгдан коллежга жўнатаман, унинг тарбиясига болам фақат уйда бўлган пайтдагина мен масъулман. Ўқитувчи нима иш қилади ўзи...

Фарзанд тарбиясига бефарқ қараётган онага ҳам туман ички ишлар бўлими, Миллий гвардия ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Декада доирасида Бахмал ва Дўстлик туманлари ёшларини бир ерга жамлаш, уларга кўтаринки кайфият улашиш, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, маҳаллалардаги ишсиз ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида “Street workout” спорт мусобақалари ташкил этилди. Туманлар марказида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликларни олдини олишга қаратилган чиқишлар ва саҳна кўринишлари намойиши ва галаконцерт тақдим этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг