Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Камалак юлдузлари» болалар ижодиёти фестивалининг Жиззах вилоят босқичи бўлиб ўтди

«Камалак юлдузлари» болалар ижодиёти фестивалининг Жиззах вилоят босқичи бўлиб ўтди

Республика “Камалак” болалар ташкилоти ташаббуси билан ташкил этиб келинаётган “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали мамлакат миқёсида янги истеъдодларни кашф этиб, улар истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилиб келмоқда. Санъат ва адабиётнинг барча йўналишиларини ўзида қамраб олган фестивальнинг дастлабки иштирокчилари бугун Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлди.

19 декабрь куни бўлиб ўтган фестивалнинг Жиззах вилоят босқичида ҳам ёш истеъдод эгалари ўз имконият ва маҳоратини намоён этди.

— Вилоятда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар сони 171 минг 563 нафарни ташкил этади, шундан 171 минг 377 нафари “Камалак” болалар ташкилотига аъзо бўлган, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, вилоят “Камалак” болалар ташкилоти раиси Шоҳида Даманова. — Ташкилот иқтидорли болаларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва маҳоратларини намоён қилишлари учун имконият яратиш, ёш авлоднинг маънавий оламини бойитиш борасида турли лойиҳаларни ўтказиб келмоқда. Болажонларнинг йил давомида интиқиб кутган лойиҳаси “Камалак” юлдузлари фестивали болаларнинг санъат ва гўзалликка интилишини кучайтириш, миллий санъат анъаналари ва йўналишларини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва давом эттиришга хизмат қилмоқда.

Фестиваль классика, вокал, халқ чолғулари, рақс, тасвирий ва амалий санъат, наср ва назм йўналишларида ўтказилди. Иштирокчилар учта ёш тоифасида, яъни 6-8, 9-11 ҳамда 12-14 ёш тоифасида баҳоланди.

— Фестивалнинг F йўналиши йўналишида иштирок этиб, ғолиб бўлдим, — дейди Жиззах шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Феруза Санақулова. — Олти ёшимдан буён шеър ёзишни машқ қиламан. Шаҳар ва вилоят миқёсидаги кўплаб танловларда иштирок этиб, ғолиб бўлганман. “Камалак” юлдузлари” фестивалини эса ҳар йили орзиқиб кутиб, иштирок этаман. Чунки бу танловда имкониятларимиз ҳақиқий баҳосини топади: шу ернинг ўзида шеър ёки ҳикоя ёзиб, ҳакамлар ҳайъатига топширилади. Бу йилги танловда ҳам алоҳида мавзу берилиб, шу мавзуда ижодий ишларимиз сараланди. “Ватан” мавзусида ёзган шеърим муносиб баҳоланиб, ғолибликни қўлга киритганимдан хурсандман.

Мирзачўл туманининг “Юлдузчалар” фольклор дастаси фестивальнинг D — рақс йўналишида ғолибликни қўлга киритди. Даста 17 нафар иштирокчини бирлаштирган бўлиб, 2 йилдан бери фаолият олиб боради.

— Фольклор дастамиз иштирокчилари тумандаги “Янгидала” қишлоғининг истеъдодли қизларидан ташкил топган, — дейди дастанинг бадиий раҳбари Ҳамида Сафарова. — Ўтган йили ҳам “Камалак юлдузлари” фестивалида ғолиб бўлган эди, бу йил ҳам “Сурхонча” рақс билан иштирок этиб, биринчи ўринни эгалладик. Дастамиз тумандаги барча тадбирларда иштирок этади. Қишлоғимиздаги янги бунёд этилган маданият марказида доимий концерт дастурларини намойиш қилиб келмоқда.

Маълумот учун, “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг туман-шаҳар босқичларида 4000 нафарга яқин ўқувчи қатнашиш истагини билдириб, уларнинг 315 нафари фестивальнинг вилоят босқичида иштирок этди. 6 йўналишда 24 нафар энг истеъдодли ўғил-қизлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши ҳамда вилоят “Камалак” болалар ташкилоти томонидан рағбатлантирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг