Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ис гази билан боғлиқ фожиаларга нима сабаб бўлмоқда?

Ис гази билан боғлиқ фожиаларга нима сабаб бўлмоқда?

Шу кунларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида бир оиланинг 4 нафар фарзанди ис газидан заҳарланиб воқеа жойида вафот этгани ҳақидаги хабар юракларимизни ларзага келтирди. Бундай фожиани ҳеч кимнинг бошига солмасин. Бахтсиз ҳодиса ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда, кейинги пайтларда бундай воқеалар кўпайгани, бу ҳолатларга ҳукумат етарли даражада эътибор қаратмаётгани ҳақида гапирилмоқда.

Маълумотларга кўра, шу йилнинг ўтган 10 ойида газ асбоб-ускуналаридан нотўғри фойдаланиш ҳамда чақнаш ва ёнғин натижасида газ-ҳаво аралашмаси билан боғлиқ 21 та ҳолатда 51 киши жароҳатланган ва 15 киши вафот этган. Маиший газ баллонлар билан боғлиқ 10 та ҳолатда 10 киши жабрланган, 7 киши вафот этган. Ис гази билан боғлиқ 32 ҳолатда 53 нафар одам жароҳатланган, 35 киши вафот этган. Бу борада энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида бўлиб, из газидан 11 киши вафот этган.

Бу қанча оиланинг бошига кутилмаган ташвиш, мусибат олиб келганини тасаввур қилиш қийин.

Хўш буларга нималар сабаб бўлмоқда?

Ўрганишлар, таҳлиллар кўрсатмоқдаки, бунга асосан фуқароларнинг қўлбола иситиш печлари, газ чиқиб кетиши мумкин бўлган носоз ёки резина шилангли газ ускуналаридан совуққонлик билан фойдаланиши сабаб бўлмоқда.

Баъзи бир хонадон эгалари газ хўжалиги корхоналари ходимларини хонадонларига киритмаслик ҳолатлари учрамоқда. Натижада фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган газ жўмраклари ва ускуналаридан газ сизиб чиқиши кузатилмоқда ва энг аянчлиси бу оғир оқибатларга олиб келмоқда. Охири ўлим билан тугамоқда, катта-катта миқдорда моддий зарар етказилмоқда.

Аҳоли хонадонларида ностандарт сув иситиш қозонлари, сертификати бўлмаган иситиш печлари ўрнатиб, улардан ясама дудбуронлар орқали фойдаланиши, газ плиталари духовкасини хоналарни иситиш мақсадида ёқиб қўйиши, газ асбобларини газ тармоқларига резина шланглар орқали улаб олиши натижасида газдан бўғилиш, заҳарланиш, ёнғин ва портлаш каби бахтсиз ҳодисалар сони кўпайиб бормоқда.

Уларнинг олдини олиш, аҳоли хонадонларини хавфсиз иситиш, маиший эҳтиёжлар учун табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланиш қоидаларини аҳолига кенг миқёсда тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида жорий йилнинг 1 ноябрида Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини ўрганиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир таклифлар тайёрлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди. Аҳоли турар жойларидаги иситиш қозонлари ва печларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши ҳолатини тизимли ўрганиш ҳамда мавжуд муаммо ва носозликларнинг бартараф этилишини таъминлаш бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилди.

“Ўзтрансгаз” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, “Ўздавнефтгазинспекция” давлат инспекциясига Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда аҳоли хонадонларининг ички газ тармоқлари ҳамда газда ишловчи қурилма ва ускуналарнинг техник тафтишдан ўтказилишини ва уларга профилактика хизмати кўрсатилишини таъминлаш вазифалари топширилди.

Энди кўп квартирали уйларда газ плиталари (бошқа газ приборлари мавжуд бўлмаганда) икки йилда бир марта, турар жойлардаги газ плиталари, иситиш, сув иситиш приборлари бир йилда бир марта техник тафтишдан ўтказилади, ҳар йили иситиш мавсумидан олдин уларга профилактик хизматлар кўрсатилади. Турар жойлардаги дудбуронлар ва вентиляция каналлари ҳар йили иситиш мавсумидан олдин текширилиб, уларнинг созлиги тегишли далолатномалар билан қайд этилади.

Эътибор берилса, табиий газ, ис гази билан заҳарланиш аксарият ҳолатларда носоз ёки стандарт талабларига жавоб бермайдиган  ускуналардан фойдаланиш оқибатида келиб чиқмоқда. Шу сабабли қарорда давлат солиқ қўмитасига қўлбола ясалган ностандарт иситиш мосламаларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг бозорлар ва турли савдо шохобчаларида сотилишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриш вазифаси топширилди.

Ҳукумат томонидан тегишли чора-тадбирлар кўриляпти. Майли қайсидир идора вакиллар ўз вазифасини виждонан бажараётгандир, кимлардир ўз масъулиятини ҳис қилмаётгандир. Аммо ўзимизчи, ўзимиз ўз хавфсизлигимизни таъминлаш, келиб чиқиши мумкин бўлган турли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун тегишли зарур чораларни кўряпмизми? Айрим уйларга меҳмон бўлиб борганда газнинг ҳидини сезасан. Хонадон эгаси ойлаб газ плитани таъмирлатиб қўйишга ҳафсала қилмайди. Худо кўрсатмасин бир касофат бўлса бунинг учун жавобгарликни ким зиммасига олади?

Оддий ҳаётий ҳақиқат шуки, ҳукумат ва тегишли идоралар томонидан аҳоли хавфсизлиги ҳамда тинчлигини таъминлаш учун ҳар қанча ҳаракат қилинмасин, фуқароларнинг ўзи бу борада тегишли тушунчаларга эга бўлмаса ва хавфсизлик чора-тадбирларига яқиндан ёрдам бермаса бундай мудҳиш ҳодисаларнинг олдини олиш осон бўлмайди.

Гулноза Бобоева

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг