Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода бир оиланинг беш аъзоси ис гази сабаб вафот этди

Бухорода бир оиланинг беш аъзоси ис гази сабаб вафот этди

Бухоро вилояти Жондор туманида бир оиланинг барча аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, жорий йилнинг 5 декабрь куни соат 15:25ларда Жондор туманидаги «Охших» маҳалла фуқаролар йиғини, Охших қишлоғида яшовчи 1986 йилда туғилган Н.У.нинг хонадонида тунда содир бўлган ёнғин натижасида келиб чиққан ис газидан ўткир заҳарланган хонадон соҳиби Н.У. ва унинг турмуш ўртоғи 1988 йилда туғилган Н.Т. ҳамда фарзандлари 2011 йилда туғилган Н.О., 2015 йилда туғилган М.О. ва 2020 йилда туғилган С.О.лар вафот этган.

Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Миржон Файзуллоевнинг маълум қилишича, оила уйни иситишда электр печкадан фойдаланган. Бундан ташқари,  хонадон сув иситиш батареялари (отопление)га уланган бўлган.

«Бирламчи тахминга кўра,  хонадонда электр печнинг носозлиги туфайли чақнаш юзага келиб, учқун кўрпаларга сачраган. Бир нечта пахтали кўрпаларнинг тутаб ёниши оқибатида фожеа юзага келган. Тергов-суриштирув ҳамда экспертиза жараёнларида ҳолат тўғрисида батафсил маълумот берамиз», – дейди Миржон Файзуллоев.

Ушбу ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг