Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент марказида ноёб шаҳарча қурилди (фото)

Тошкент марказида ноёб шаҳарча қурилди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 30 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўздан кечиргани ҳақида хабар бергандик.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳридаги «Наврўз» боғига ҳам ташриф буюрди.

Ушбу лойиҳа бўйича 2017 йил 7 августда Президент қарори қабул қилинган, унга мувофиқ «Наврўз боғи» масъулияти чекланган жамият тузилиб, зарур молиявий ва ташкилий ишлар белгиланган эди. 

Шавкат Мирзиёев ўтган йили февралда бу ерга келиб, боғнинг мазмун-моҳиятини бойитиш бўйича тавсиялар берганди.

Шу асосда бунёд этилган ушбу дам олиш масканида халқимиз маданияти, миллий қадриятлари чуқур ифодасини топган. 2,5 гектар майдон этнографик шаҳарчага айлантирилган. Қорақалпоғистон ва барча вилоятлар номлари билан аталадиган кўчалар ва қадимий услубда уйлар бунёд этилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос анъаналари, ҳунармандчилиги, турмуш тарзи акс эттирилган.

Пахса деворли ҳовлилар, айвонлар, чойхона ва устахоналар тимсолида қадимий маҳаллаларимиз қайта тикланган. Бу ёшларнинг халқимиз тарихи ва миллий маданиятимиз ҳақидаги билимларини бойитиб, ватанпарварлик туйғуларини кучайтиради, хорижлик сайёҳлар учун диққатга сазовор маскан бўлади.

— Ўзликни англаш нуқтаи назаридан бу жойнинг аҳамияти катта. Бу ерда миллий қадриятларимиз, тарихимиз яққол кўринади. Ўз тарихини чуқур билган халқ ғурурли, қудратли, бадавлат бўлади, — деди Президент.

Давлатимиз раҳбари бу боғ фақат Наврўз кунлари эмас, йил давомида гавжум бўлиши, бу ерга келганлар маданий ҳордиқ билан бирга маънавий озуқа ҳам олиши кераклигини таъкидлади.

Ушбу ўзига хос шаҳарча марказида Наврўз байрами тантаналарини ўтказишга мўлжалланган амфитеатр барпо этилган. Боғ охиридаги анҳор устида 88 метрлик кўприк қурилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг