Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қора рўйхатдаги қаҳрамон. У ҳақда ёзиш тугул, ҳатто номини тилга олиш ҳам хавфли эди...

Қора рўйхатдаги қаҳрамон. У ҳақда ёзиш тугул, ҳатто номини тилга олиш ҳам хавфли эди...

Маърифатпарвар Саидносир Миржалилов, муфтий Садриддинхон Шарифхўжаев ва тошкентлик талаба. Истанбул, 1918 йил.

12 декабрь куни атоқли адабиётшунос, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик Наим Каримов 90 ёшга тўлди. Умрини жадид маърифатпарварлари ҳаётини тадқиқ этишга бағишлаган заҳматкаш олим айни табаррук ёшга тўлган куни «Абдулла Қодирий замондошлари» асари учун биринчи даражали Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Мустамлака даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш йўлида ҳали ҳам ҳормай-толмай қалам тебратиб келаётган устозга сиҳат-саломатлик ва ижодий ғайрат тилаган ҳолда, «Xabar.uz» ўқувчиларига унинг салмоқли тадқиқотини тақдим этмоқдамиз. «Тафаккур» журналининг 2022 йил 3-сонида чоп этилган мақола истиқлол учун кураш тарихида ўчмас из қолдирган миллий қаҳрамонлардан бири муфтий Садриддинхон Шарифхўжаев (1878–1946) ҳақида.

ГУМОН ВА ИМОН

Шўро давлати нафақат ХХ асрнинг 30-50-йилларида, балки ташкил топган илк кезларданоқ миллий республикаларда, жумладан, Ўзбекистонда мустамлакачилик сиёсатини олиб бориб, «аксилинқилобчи», «миллатчи», «босмачи», «зараркунанда» деган айблар билан ўн минглаб ватандошларимизни қириб ташлади. Зулмга қарши бош кўтарган ватанпарвар, эркпарвар ўғлонлар «халқ душмани»га чиқарилди, уларнинг наинки ўзи, оила аъзоларию хизматдошлари ҳам борса-келмас жойларга сургун қилинди. 30-йиллардан бошлаб эса оммавий қатағон шўро сиёсатининг таркибий қисмига айланди. Атоқли рус ёзувчиси Александр Солженицин СССРни «ГУЛАГ архипелаги» деб атагани бежиз эмас.

Тошкентнинг марказий майдонида ўттиз йилдан бери мустақил Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турган бўлса-да, биз шу вақтгача ўз юртини тарк этишга мажбур бўлган ватандошларимиз манглайига босилган «Ватан хоини» деган мудҳиш тамғани олиб ташлашга журъат қилмай келдик...

Буни қарангки, ажаб хушнуд кунлар ҳам келар экан!

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2022 йил 6 январдаги очиқ мажлисида шундай ватандошларимиздан 120 нафарига оқлов ҳукми эълон қилинди. Бу кун озод Ўзбекистон тарихига адолатни тиклаш куни сифатида кирди. Оқланган ватандошларимиз орасида Садриддинхон Шарифхўжаев ва унга яқин беш кишининг ҳам борлиги бизни, қатағон даври тадқиқотчиларини, айниқса, қувонтириб юборди.

Садриддинхон ким бўлган?

Маълумки, совет даврида исм-шарифи НКВДнинг қора рўйхатига тушган кишилар тўғрисида ёзиш, ҳатто бирор даврада улар номини тилга олиш ҳам хавфли эди. Шу боис мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам бу унутилмас шахслар ҳақида матбуотда ёзиб чиқишга бирор тарихчи журъат этмади. Фақат 2008 йилдагина «Ҳидоят» журналида таниқли тарихчи ва адабиётшунос олим Сирожиддин Аҳмедовнинг шундай ватандошларимиздан бири ҳақида «Садриддин муфтий» деган мақоласи чоп қилинди.

Биз мазкур мақола орқали Садриддинхоннинг 1878 йил Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги Мерганча маҳалласида, Муҳаммад Шарифхўжа қози хонадонида дунёга келганидан хабар топдик. «Садриддинхон дастлабки таълимни ўз уйида олган, сўнг рус-тузем мактабида ўқиган, – деб ёзган эди С.Аҳмедов. – Кейин эса Эшонқули додхоҳ мадрасасида таълим олгач, отаси уни Бухорога, Мир Араб мадрасасига юборган. Бухорода узоқ муддат илм олиб қайтган Садриддинхон олдинига қозихонада ишлайди. 1920 йил охиригача мударрислик қи­лади. Муфтий унвонига сазовор бўлади. 1921 йил мартигача шўро халқ судьялари раиси вазифасини бажаради» (Аҳмедов С. Садриддинхон муфтий. «Ҳидоят» журнали, 2008 йил, 7-сон, 28-бет).

Садриддинхон ва даврадошларининг Давлат хавфсизлик хизмати архивидаги ҳужжатлари билан танишиш асносида у ҳақдаги тасаввуримиз янада кенгайди. Оқлов жараёнида унинг «жиноий иши» билан танишган кишилардан бири, «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи директори Бахтиёр Ҳасановнинг ёзишича, Садриддинхон 1916 йилдаёқ – уламолик тўнини ечмай туриб, сиёсий кураш саҳнасига чиққан. У шу йили Чор Русиясини ларзага келтирган мардикорлик қўзғолонини қўллаб-қувватлаш билан бирга, 1917 йил март ойида Мунаввар қори ташаббуси билан тузилган «Шўрои ислом» жамиятига биринчилар қаторида аъзо бўлиб кирган.

Садриддинхон сиёсий-ижтимоий фаолиятининг олий нуқтаси – маслакдошлари Ориф Каримий, Юсуфбек Қурбонов ва Муҳаммадёр Муҳаммадумаров билан биргаликда Буюк Британия ва Япония раҳбарларига «миллий иттиҳод»чиларнинг ватанпарварлик курашида амалий ёрдам сўраб хатлар ёзганидир (1921). Афсуски, мактублар тегишли шахслар қўлига бориб етмади. Уларни кузатиб келаётган ЧК ходимлари Садриддинхон ва маслакдошларини қамоққа олди.

Йўқсилнинг ҳасби ҳоли

Биз, аслида, Маҳмуд Ойқорли номини кейинроқ тилга олмоқчи эдик. Негаки, биз баҳс юритаётган даврда у ҳали дунёга келмаган эди.

Ҳаётнинг ғаройиботи шундаки, дастлаб бир-бирини кўрмаган, ҳатто турли шаҳарларда туғилган кишилар жонажон дўст ёки хундор душман бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Боя қайд этиб ўтганимиздек, Садриддинхон 1878 йили Тошкентда таваллуд топган бўлса, мақоламиз «эшиги»ни чертиб турган Баҳром Иброҳимов 1908 йили Жиззах вилояти Бахмал туманида туғилган. Демак, у қаҳрамонимиздан 30 ёш кичик. Агар муфтий 1934 йилда вафот этган бўлса, Б. Иброҳимов ёруғ дунё билан 1978 йилда видолашган. Улар ўртасидаги фарқ шунча катта. Лекин бу икки тарихий шахс шундай ажабтовур замонда яшадики, бу замон улардан бирини иккинчисига бамисоли соя қилиб қўйди.

Дала-қирда яшаб юрган бахмаллик ота фарзанд кўргач, «Ўғлим менинг ўрнимни босади, қўй-қўзи боқади», дейишни яхши кўрар эди. Фалакнинг гардишини қарангки, беш ёшга тўлганида, ота ҳаётдан кўз юмиб, етим бола амакиси Отажон аканинг уйида ўсади. Отажон ака Баҳромни дастлаб Жомбойдаги, кейин эса Самарқанддаги мактаб-интернатга беради. Илгарилари мактаб битирувчилари Туркиядаги ўқув юртларига юбориларди. Баҳром мактабни тугатганида Туркияга сафар тақиқланган, аммо Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида ўқиш имконияти туғилган эди. У Ганжадаги билим юртида бўлажак машҳур озар шоири Самад Вурғун билан дўстлашади. Ўқишни муваффақиятли тугатгач эса Самарқандга қайтиб, Ўзбекистон Олий Совети Марказий ижроия қўмитасининг раиси Йўлдош Охунбобоевнинг котибларидан бири бўлиб ишлайди.

Замондошлар Баҳром Иброҳимов ўтган асрнинг 20-йилларида Йўқсил тахаллуси билан шеърлар ёзганини эслайдилар. Лекин 30-йилларнинг бошларида у бехосдан ғойиб бўлиб қолган (ўша йилларда бундай ажабтовур ҳолатлар кўп кузатилгани важиданми, ҳеч ким унинг тақдири билан қизиқмаган). Унинг номи орадан қирқ йиллар ўтиб тилга олина бошлаган. «Тошкент оқшоми» газетасининг 1967 йил 27 июль сонида адабиётшунос Муҳсин Зокировнинг Б. Иброҳимовга бағишланган бир саҳифали материали эълон қилинган. «Революциядан кейин Жомбой қишлоғида очилган болалар уйида бошланғич таълимни олди, – деб ёзган эди муаллиф. – 1923 йилда Самарқандга келиб, билим юртига ўқишга кирди ва уни тамомлади. Озарбайжонга ўқишга кетиб, 1930 йилда у ердаги педагогика институтини битирди. Шу йили Самарқандга келиб, педакадемияда ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири вазифасида ишлай бошлади».

М.Зокиров гарчанд маълумотларни Йўқсилнинг ўзидан олган бўлса ҳам, мақоладаги айрим фактлар бизда шубҳа уйғотди. Гап шундаки, Ганжадан қайтган Йўқсилнинг педакадемияда кафедра мудири бўлиб ишлагани ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўша саҳифада Йўқсилнинг «Зафар кунлари» деган каттагина шеъри ҳам берилган. Келинг, шоир ижоди борасида тасаввурга эга бўлиш учун унинг айрим парчалари билан танишайлик:

Тип-тиниқ, чиройли, ёп-ёруғ юзлар,

Тўлқинли денгиздай даҳшатли кўзлар

Нурини, ҳуснини қора тун эмди,

Малоҳат тотини қора сир шимди...

Ёмон эмас-а! Ўқишда давом этайлик:

Озод, яйролмаган пўлат гавдалар,

Кўкармоқ истаган яшил навдалар

Устига ёпилган соядан безди,

Силкиниб қутулиш пайтини сезди.

«Қутулиш», «нажот» деб оқди товушлар...

Поэтик фикрнинг «нажот» мотиви билан узвий боғланганини қаранг!

Яна давом этамиз:

Шимолдан чўзилган қувватли бир қўл

Қаҳҳорлар зулмини тубдан емирди.

Золимлар зулмига сўнг берди бир йўл,

Жаллодлар бошини шерлар кемирди.

Шимол қаҳрамони беллардан суяб,

Қутулиш, озодлик куйин куйлади.

Шимол – Россия образи. Йўқсил бу образ воситасида ўзбек халқи руслар ёрдамида нажот йўлига чиқди, озодлик, бахт ва саодатга эришди деган фикрни илгари сурган. Мазкур мотив 20 – 30-йиллардаги бошқа ўзбек шоирлари ижодида ҳам учрайди. Бу сатрлар ўзига Йўқсил (Пролетар) тахаллусини олган шоир дунёқарашининг моҳиятини ифодалаган десак, хато қилмаган бўламиз.

Замондошларининг нақл қилишларича, Баҳром Иброҳимов Ганжадан бутунлай бошқа одам бўлиб қайтган. Замон нозиклашиб қолганига қарамай, у кўпчилик олдида партия ва давлат раҳбарлари ҳақида салбий фикр айтишдан ҳайиқмаган, ҳатто бошқаларни ҳам шунга ундаган. У кейинчалик қанчалик афсонавор шахслардан бирига айланган бўлмасин, биз унинг 20 – 30-йиллардаги фаолиятидан озми-кўпми хабардор, 60-йилларда эса уни ўз кўзи билан кўрган кишиларданмиз.

«Миллий иттиҳод»чиларнинг мактублари

Буюк Япония ҳукуматининг Ғулжадаги вакили муҳтарамина!

Ўртаосиёлик Туркистон аҳолилари ярим аср муддат ичинда Русия ҳукумати золимонаси таъсири ила ҳунар тараққийсидан маҳрумият чуқурида қолиб, руслик миллати савқи ила руслашдурув сиёсати остинда эзилиб, турк ва ислом миллатлари ҳуқуқи сиёсатдан четка қолиб, зулм ва жабр ичинда умргузар эдилар. Бу ўртада Туркистон аҳолиси ҳукуматнинг бу сиёсатидан норози бўлиб, истиқлол йўлини излаб, Миллий истиқлолият қўмитасини тузиб, шўъбалари ила бутун Туркистонни қоплади. Ниҳоят, ҳукуматнинг бу сиёсати золимонасиға тоқат этолмасдан 1916-санада ислоҳ қути ила ўз ҳуқуқларини ҳимоя этди. Оқибат қизил инқилоб ила бир оз умумий озодлик соҳилига чиққан бўлиб, ҳуқуқи миллияларни янгидан тиргизмак орзуига кирганда, 1917-сана октябрь воқеасидан сўнгра совет ҳукуматининг бошинда ҳукмрон бўлган Лениннинг (манифест) ваъдаси ҳар бир миллат учун миллий озодлик ва ҳуррият эълонига биноан Туркистоннинг эски пойтахти бўлган Хўқанд шаҳрида Ўлка мухториятини эълон этиб, туркистонли турклар маъқул бир ҳукумат ташкил қилган ҳолда, миллатчи большевикларнинг золимона ҳужум ва бераҳимона ҳаракатлари ила шаҳарлар бузилиб, қонлар тўкилиб, хотун ва болалар кесилиб, хоналар ва моллар талон-торож этилиб, ҳукумат арбоблари отилиб-осилиб, ҳукумат тарқатилди ва шул она қадар отув-кесувлар давом этмакдадир.

«Осиё – осиёликларнингдур» деган шиорни лозим тутган Сиз, муҳтарам Япония ҳукуматидан илтимос қилинурким, қардош, ватандош осиёлик Туркистон аҳолисининг бу қадар зулм остинда умр кечирмоқиға розилик кўрсатмай, салоҳ ва пул ва ўзга даркор бўладирган режалар ила ёрдам қўлин узатмоғингизни Ватан ва қардошлик номиндан ўтинамиз. Бу ҳақда сўзлашув учун ушбуни топширувчи том ҳуқуқли тубанда исмлари ёзилган аъзоларини юборадир:

Фарғона край миллия аскари бошлуғи: Шермуҳаммадбек

Бухоро ҳукумати истиқлолия қўмитасининг раиси: Музаффариддин

Хива ҳукумати истиқлолия қўмитасининг раиси: Аннақулов

Туркистон Марказий умумий миллий иттиҳод қўмитасининг раиси: муфтий Садриддинхон.

Буюк Британия ҳукуматининг Кошғар вакили ҳазрати олийларина!

Сиз муҳтарам амният ва ҳуқуқи башарият устози Буюк Британия ҳукуматидан илтимос қилинурким, Туркистон аҳолисининг бу қадар зулм остида яшаб ва Туркистон маданияти, санои нафисалари ботил ва хароб ўлмакиға розилик юзин кўрсатмай, сипоҳ ва ўзга зарур ашё-ла ёрдам қўлин этмоғингизни ҳуқуқи инсоният номиндан ўтинамиз...

Бу икки хат миллат тақдирига куюнган ватанпарварлар томонидан ёзилган, аммо улар шўро ҳокимияти йилларида аксилинқилобчилик ва сотқинликда айбланди. Ҳолбуки, шу вақтгача яшириб келинган хатларда дастлаб Чор Русияси, кейин большевиклар Россияси томонидан эзилган халқнинг дарду аламлари битилган, большевикларнинг мудҳиш жиноятлари фош этилган.

Бу хатни ким ёзган ўзи? Мунаввар қори Москвадаги Бутирька турмасида ёзган хотираларида уни Садриддинхон битган, дейди. Бизнингча ҳам ана шу фикр тўғри. Садриддинхон уни иншо этишда имзо соҳиблари билан маслаҳатлашган, холос. Агар мазкур хат асосида Садриддинхоннинг сиёсий портретини чизишга уринсак, у жасур, эътиқодига содиқ, большевиклар Россиясининг зулм-зўравонликка таянган давлат эканини теран англаган, бутун ҳаётини она юртининг мустақиллигига бағишлаган кишилардан бири бўлгани аёнлашади. Узоқни кўра билган бундай зиёлининг ХХ асрда, айрим сиёсатчилар ва тарихчилар ёзганидек, тарих қаърида қолган Турон мусулмонлар феодал давлатини тиклаш учун курашган шахс сифатида талқин қилиниши ҳеч қандай асосга эга эмас.

Тақдирми ё тасодиф?

Садриддинхоннинг Авлиёота яқинида ЧК ходимлари томонидан қўлга олиниб, Машҳадга қочиб кетгунигача бўлган ҳаёти тасодифий бахтли воқеаларга шу қадар бойки, унинг Мексикага бориб, сургунда яшаётган Троцкийни ўлдириб келган кишиларни доғда қолдирганига ҳатто ишонгингиз ҳам келмайди. Тўғри, Садриддинхоннинг Япония ва Буюк Британия ҳукуматига ёзган хатлари манзилга етиб бормаган. Аммо шундай хатларни ёзгани ва етказмоқчи бўлгани ЧК ёки ГПУ ходимларининг кўзига давлатга қарши қаратилган фавқулодда катта қўпорув иши бўлиб кўринган. Бундай жиноят эса кечирилмаган.

Ўша кезлар сафдошларининг қамоққа олинганидан хабар топган Садриддинхон уларни озод қилиш учун Тошкентга келиб, ўз уйи атрофида тўппонча таққан кишиларни кўради. Тошкентдан қочиб, дастлаб Раҳмонқул, кейин Шермат қўрбошига боради. Улардан садо чиқмагач, Қўқонга, Ҳамдам ҳожи ҳузурига йўл олади. Ҳожи эса уни икки қўллаб ЧКга топширади.

Суд маҳкамаси 1921 йилнинг декабригача давом этади. Ҳарбий трибунал Қурбонбоевнинг ёшлигини инобатга олиб, унга оқлов, бошқаларга турли муддатли қамоқ жазоси, Садриддинхон Шарифхўжаев ва Ориф Каримовга эса олий жазо бериш ҳақида ҳукм чиқаради. Аммо шу йилларда ҳаммани даҳшатга солган трибунал Октябрь инқилобининг 4 йиллиги муносабати билан (1921 йилнинг декабрь ойида!) олий жазони 5 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштиради. Суд залидан олиб чиқиб кетаётганларида икки маҳбус соқчилар кўзига бир-икки кафт нос сочиб қочиб кетишга муваффақ бўлади. Бу воқеа 30-йиллардаги қаҳрамонлар ғалабаси билан тугаган енгил-елпи саргузашт фильмларни эслатади. Б. Ҳасанов бундай ёзади: «Туркистон ҳукуматидаги маҳаллий арбобларнинг барчасининг пири устози бўлган муфтий Садриддинхон ва Ориф Каримий кўп ўтмай Туркистон заминидан чиқиб кетишга муваффақ бўлади. Ориф Каримий кейинчалик Туркияда олим бўлиб етишади ва кейинги фаолиятида ўзини сиёсатдан холи тутади. Муфтий Садриддинхон аввал Афғонистонга ўтиб, 1923 йил ўрталаридан Машҳад шаҳрига жойлашади ва Туркистон озодлиги учун курашчи бўлгани туфайли яхши мавқе қозонади».

Мен бу воқеаларни бир неча марта хаёлан кўз олдимдан ўтказиб, Садриддинхон совет махсус хизмати топшириқларини бажариш учун Машҳадга юборилмаганмикан, деган хаёлга ҳам бордим. Шу савол менга тинчлик бермай қўйди... Даврга доир китобларни варақлай бошладим. Ниҳоят, хорижга қочиб кетишга мажбур бўлган ватандошларимиздан бири – Аҳад Андижоннинг «Туркистон учун кураш» китобидаги нотаниш маълумотлар мени қийнаган саволга ойдинлик киритгандек бўлди. Муаллифнинг ёзишича, 1923 йил ўрталарида Туркистондан Афғонистонга ўтган 49 кишига Кобулга киришга изн берилмаган, улардан бу ўлкани тарк этиш талаб қилинган. Уларнинг бир қисми виза берилгани учун Машҳадга йўл олган. Садриддинхон билан бирга «қўрбоши» Туроббек ҳам шу шаҳарда қўним топган.

«Муфтий Садриддинхон жадидчилик ҳаракатига ёрдам берган фаол ташкилотчилардан бири эди, – деб ёзади олим. – У Тошкентга келган ҳарбий асирлардан бири – собиқ Байбурт ҳокими Юсуф Зиёбей билан бирга Туркиядаги «Иттифоқ ва тараққий» жамиятининг Бухоро бўлимини очади. Ундан сўнгра ташкил этилган Ўрта Осиё миллий авомий жамиятлар иттифоқининг бошлиғи ҳам айни шу муфтий Садриддин бўлган. Нурий пошо қўмондонлигидаги турк ўрдуси Бокуни эгаллаганида, мустамлакадан озод қилинганида, Туркистондаги умумий аҳволни Усмонли ҳукуматига билдириш ва кўмак уюштириш мақсадида Истанбулга юборилган махсус ҳайъат аъзоларидан бири ҳам муфтий Садриддинхон эди. Ушбу ҳайъат аъзолари Истанбулда Усмонли империясининг вазирлари Талъат пошо, Анвар пошо ва хорижия вазири Насимбей ҳамда умумий марказ улуғлари билан ҳам учрашдилар. Музокаралар натижасида Усмонли ҳукуматини бошқараётган «Иттиҳод ва тараққий» раҳбарияти Туркистондаги турумни англатиш учун Оврупога бир ҳайъат жўнатишга қарор қилди. Фуод Кўприли, қози Абдурашид ва Садриддинхон бу ҳайъатга аъзо ўлароқ тайинланди. Бу орада муфтий Садриддинхонга Усмонли салтанатининг паспорти ҳам берилди. Бу ҳайъат Швейцарияга қараб йўлга чиқди, аммо уруш ҳаракатлари туфайли Туркияга қайтишга мажбур бўлди. Муфтий Садриддинхон бир муддат кейин яна ўз ватанида миллий фаолиятини давом эттирди. 1920 йилда Бухородаги марказий қўмита буйруғига кўра, Ориф Каримий ва Юсуфбеклар билан бирга бир ҳайъатга киритилди, уларга Англия ва Япония ҳукуматларига Туркистондаги вазиятни тушунтириш вазифаси топширилди. Бироқ йўлда, Шарқий Туркистонга ўтишда ЧК тарафидан қўлга туширилди ва ўлим жазосига ҳукм қилинди. Ўша пайтларда Туркистонда юрган Жамол пошонинг ҳаракатлари туфайли ўлим жазоси қамоқ жазосига алмаштирилди» (Андижон Аҳад. Туркистон учун кураш. Биринчи китоб. Тошкент, 2017. 349-бет).

Аҳад оғанинг бу сўзларидан кейин мени қуршаган шубҳа булути тарқагандек бўлди. Дарҳақиқат, Садриддинхон ўз эътиқоди йўлида дордан ҳам қўрқмайдиган зотлардан экан!

Муҳожирликда

1917 – 1818 йиллардан бошлаб совет давлатининг зулми ошгани, шунингдек, «қулоқлаштириш» сингари сиёсий кампаниялар сабабли ўзбек халқининг кўплаб вакиллари Кошғар, Эрон, Афғонистон, Туркия сингари шаҳар ва мамлакатларга қочишга мажбур бўлган. Улар орасида совет ҳокимиятига қарши курашган қўрбошилар, «Миллий иттиҳод» сингари ташкилотларнинг аъзолари ҳам оз бўлмаган. Улар хорижда бошпана топиб, ўрнашиб олгач, секин-аста совет давлатига қарши гуруҳ ва ташкилотлар туза бошлаши, бу гуруҳ ва ташкилотларга йўл-йўриқ кўрсатадиган, керак бўлса, пул ва қурол билан таъминлайдиган кучларнинг пайдо бўлиши табиий эди. Англия, Германия сингари Европа давлатлари разведкачиларининг ўйингоҳи бўлган мамлакатларга кўчиб борган ўзбеклар совет давлатига қарши қудратли кучга айланиб, пировардида Ўрта Осиё республикаларини СССРдан ажратиб олиши мумкин эди. Вазиятнинг бундай тус олишидан хавотирланган совет давлати муҳожирликда яшаётган ўзбеклар ёт ғоя ва режалар таъсирига тушиб қолмаслиги учун маҳаллий халқ вакилларидан жосуслар жўната бошлаган. Баҳром Иброҳимов – Йўқсил ана шундай разведкачилардан бири бўлди. У совет давлати махфий идоралари топшириғига биноан 1932 йилда Машҳадга юборилди. Унинг зиммасига қўйилган асосий вазифа ўзбек диаспорасининг сардорларидан бири – Садриддинхоннинг ишончини қозониш, у раҳбар бўлган муҳожирлар уюшмаси фаолиятини кузатиш ва совет давлатига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларни бартараф этиш эди. Баҳром Иброҳимов махфий ишларни бажариш асносида, Марказ билан келишган ҳолда, турли тахаллуслардан фойдаланди. «Маҳмуд Ойқорли» – унинг шундай тахаллусларидан биридир.

«Тез орада Эрондаги бир чойхонада эски-туски кийинган, аммо билимдон ва чаққонгина бола пайдо бўлади, – деб ёзади журналист Холниса Раҳмонқулова. – Буни пайқаган муҳожирлар раиси муфтий Садриддинхоннинг одамлари унга Ўзбекистондан қочиб келган зеҳнли бола ҳақида оғиз очишади. Аслида, унга топширилган вазифа ҳам муфтий билан яқин бўлиш эди. Муфтий Маҳмудбекдан бу ерга нима учун келганини сўраганида, қоидага кўра, «У ерда кофирлар кўпайиб кетди. Кун кўриш учун бу ерларга келдим» деган жавобни беради. Садриддинхон уни уйида сақлайди. Ҳалоллиги ва тарбиясига ишонч ҳосил қилгач, ўзига ўғил қилиб олади» (Раҳмонқулова Х. Ватан учун жонни тикканлар. «Халқ сўзи» газетаси, 2019 йил 3 май).

Шу ўринда Садриддинхоннинг уйи қаерда ва қандай бўлган деган савол туғилмаслиги учун Ойқорлининг жосуслик фаолиятига бағишланган асарлардан бири – «Илон изидан» (А. Ҳакимов) қиссасидаги қуйидаги лавҳа билан танишайлик: «Одатда одамлар бир ҳаёт ва бир қиёфада яшасалар, муфтий Садриддинхон бир неча ҳаёт ва турли қиёфада юрадиган айёр эди. У Машҳадга келиб, бу хусусиятини яна такомиллаштирди. Ўз хўжайинлари – хорижий давлатларнинг разведкалари иродаси билан Машҳадга ўтган муфтий куйиталик инглиз табааси Шайх Файз Муҳаммаджон солган суннийларнинг ягона мачитига имом бўлиб жойлашди. Бу мачитга Ҳиндистондан келган мусулмон савдогарлар ва Машҳаддаги инглиз консулхонасининг мусулмон хизматчилари ҳам қатнаб намоз ўқирди. Муфтий Арка кўчасидаги мачитнинг ҳужраларидан бирида истиқомат қиларди. Аслида мачит имомлиги муфтий учун бир ниқоб, ҳақиқатда у бу муқаддас жойни жосусхонага, чет эл разведкаларининг резиденциясига айлантирган. Аммо меҳробда иблис имом бўлиб олганини қавм, жумладан, суннийлар билармиди?..»

Ҳодисалар давомини А.Андижон талқинида ўқисак: «Муфтий Садриддинхон ўзи ўқиган, илмли бир диний арбоб бўлгани боис, ТМБ (Туркистон миллий бирлиги – Н.К.) аъзоларига ёзган хатларида алам билан энг кўп тилга олган масалалардан бири Эронга ўтган муҳожирлар орасида хат-саводли инсоннинг камлиги ва деярли йўқлигидир. 1932 йилнинг август ойида муфтийни жуда хурсанд қилиб юборган бир ҳодиса юз берди. Баҳром Иброҳимов деган ўқимишли ва, муфтийнинг сўзлари билан айтганда, «қўли қалам тутган бир ёш» Туркистондан қочиб чиқиб, муфтий Садриддинхоннинг ёнига келди. Самарқандлик бу навқирон инсоннинг тахаллуси Йўқсил эди. Баҳром Иброҳимовнинг ўз қўли билан ёзган маълумотга кўра, у ижодкор эди. 1930 йилда баъзи ёзувчилар биргаликда тузган «Миллий истиқлол» жамиятига аъзо бўлган (бу ёлғон маълумот – Н.К.). 1931 йилда ёзган китобининг нашр ишлари билан шуғулланиш учун (бу маълумот ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди – Н.К.) Тошкентга кетади ва айни ўша пайтда «Миллий истиқлол» жамиятидаги ўртоқларининг қамалганини эшитиб қолади ва Самарқандга қайтиб бормасдан, тўғри Ашхободга жўнайди. Ашхободда чегарадан яширинча нарса олиб келиб сотадиган маҳаллий туркманлар билан танишади ва уларнинг ёрдами билан Эронга ўтади.

Садриддинхон Туркистон ичида яшаётган танишлари орқали Баҳром Иброҳимов ёзган ва айтган маълумотларни текширтириб кўради ва ёш йигитнинг барча гапи тўғри эканига қаноат ҳосил қилади. Ҳақиқатан ҳам, шундай исмли ижодкор бор экан: Йўқсил тахаллуси билан битта китоби ҳам босилган. Туркистондаги яширин ташкилотлар билан ҳам алоқаси бўлган. Шундай қилиб, Йўқсил муфтий Садридддинхон билан ёнма-ён ишлай бошлайди ва қисқа вақт ичида унинг барча ишларини юритадиган энг ишончли одамга айланади».

Шундай қилиб, Ойқорли Садриддинхоннинг уйида яшай бошлади. Орадан бирмунча вақт ўтгач, Садриддинхон унга учта биродаридан бирининг қизига уйланишни таклиф этади. ГПУ Ҳамроқулбекнинг қизига уйланишига розилик беради. «Тўйдан сўнг Маҳмудбек Ойқорли Афғонистондаги совет ҳукуматига қарши тузилган муҳожирлар ташкилотидан бирига раҳбар этиб тайинланади», деб ёзади Холниса Раҳмонқулова.

Садриддинхон вазият ўзгаргани сабабли Эронни тарк этиб, миллий озодлик ҳаракати бошланган Шарқий Туркистонга бормоқчи бўлади. Туркиянинг Машҳаддаги консули Ҳаққибейдан турк паспорти, Кашмирга бориш учун эса инглиз консулидан виза олади. Аммо Садриддинхоннинг ТМБдаги маслакдоши Мустафо Чўқай Эрон, хусусан, Машҳад катта стратегик аҳамиятга эга шаҳар эканини эътиборга олиб, шу ерда яна бир муддат яшашни маслаҳат беради.

«Бироқ 1932 йилнинг ўрталаридан сиёсий вазият ёмон томонга ўзгарди, – деб ёзади Аҳад Андижон. – Машҳад шаҳридаги турк консуллигининг ёпилиш қарори чиқиши биланоқ консул Ҳаққибей Туркияга қайтди. Садриддинхон эса шу пайтгача кўмак олиб келган сиёсий таянчдан маҳрум бўлди. Октябрь ойида Эрон ҳукуматининг масъул идоралари Садриддинхонга зуғумни кучайтирдилар. Чунки туркистонлик муҳожирлар орасида юритган фаолиятлари, улар номидан ҳукуматнинг турли идораларига хатлар ва талабномалар ёзиши ҳукуматнинг жиғига тегаётган эди. Унга Эронда яшаб туриш вақти тугагандан кейин виза берилмаслиги билдирилди. Паспортига кўра у Туркия ватандоши ҳисобланарди, шу боис Туркияга қайтишга мажбур эди. Аммо бу паспортнинг муддати ҳам тугаётганди. Муфтий Туркиянинг Теҳрондаги элчихонасига мурожаат этиб, паспорти муддатини узайтириб беришларини сўради. Бироқ элчихонадагилар ҳужжатларда айрим нуқсонлар борлигини рўкач қилиб, муддатни чўзиб беришмади. Садриддинхоннинг Туркия элчиси Хусрав Гарадага ёзган хатлари ҳам жавобсиз қолди».

1933 йил ҳам шундай алғов-далғов воқеалар билан ўтди. Садриддинхоннинг масалани Туркия элчиси ёрдами билан ҳал қилишга уринишлари натижасиз якунланди. У Эрондан чиқиб кетишидан аввал ТМБ ва «Ёш Туркистон» гуруҳи алоқалари узилмаслиги учун турли чораларни кўрди.

Худди шу вақтда туркман «босмачи»си Аннақули ўз лашкари билан Туркманистон ҳудудларидан ўтиб, Машҳадга келади. Эрон ҳукумати уларга қуролсизланишни таклиф қилади. Аммо лашкар қуролсизлантирилгач, совет давлатига қайтариб юборилиши мумкин эди. Масала шу нозик нуқтага келиб тақалганда, Садриддинхон афғон ҳукуматидан изн олиб, Аннақули ва унинг лашкарини Афғонистонга ўтказиб юборди. Бу воқеа Эрон ҳукуматининг сабр косасини тўлдирди: Садриддинхонга, 1934 йилнинг майида ҳам Машҳадда қолгудек бўлса, қамалиши маълум қилинди. Садриддинхон 1934 йил 8 июль куни кечаси котиби билан бирга Машҳадни бир умрга тарк этди.

«Яширин ташкилотларда ишлайвериб пишиб кетган Садриддинхон қачон ва қайга кетишини ҳеч кимга, ҳатто котибига ҳам айтмаган, режасидан ўзидан бошқа ҳеч кимнинг хабари йўқ эди, – деб ёзади Аҳад Андижон. – Бир неча туркистонлик миллий шахсларнинг совет жосуслари томонидан ўғирлаб кетилгани ва шўрога топширилгани эсланса, муфтийнинг бу ҳаракати, яъни оғзи маҳкамлиги балки унинг ҳаётини сақлаб қолгандир. Икковлон икки кун йўл юриб, чегарадан ўтиб, Афғонистонга кирдилар. Уларни шахсан Ҳирот волийси кутиб олди ва жуда катта ҳурмат-эътибор кўрсатди. Муфтий ва котиби бу ерда йигирма кунча меҳмон бўлдилар. Сўнг уларга бир ҳарбий йўлдош тайинланди ва биргалашиб Ҳиротдан Кобулга қараб йўлга чиқишди».

Садриддинхон ва Маҳмуд Ойқорли 1935 йил 31 июлда Кобулга омон-эсон етиб боришди. Муфтий Кобулдан Париждаги дўстлари Мустафо Чўқай ва Абдулваҳоб Ўқтойга бир неча хат ёзди. Хатларнинг бирида бундай сўзлар бор эди: «Маҳмуд Шавкат (Эсандал) билан кўришдим. У зот Туркия элчисидир. Шахсан суҳбат қилдим... Туркиядаги вазият бизнинг мақсадларимизга, фаолиятимизга унчалик уйғун кўринмаяпти. Бизга бир соҳада ёрдамлари тегиши мумкин, яъни у ерда таҳсил олмоқ истаган ёшларимизга имконият берилади. Мен ҳам бу афандиларимиз билан муносабатда ана шу мавзулардан четга чиқмасликка интиламан. Ана шу ниятда бугун Йўқсил билан Туркияга борамиз дея турк паспорти олдик. Йўл учун моддий имконларни ҳал этса, Йўқсилни Машҳад тарафларга юборишни мўлжаллаб турибман. Сиздан бир тилагим – моддий ёрдамни иложи борича тезроқ жўнатсангиз. Машҳадга борса, Сизнинг маслаҳат ва тавсиянгизга кўра у ерда ишларни бажараверади...

...Кошғарга ўз пайтида жуда тезлик билан ўтиб кетиш керак эди, энди эса кеч. Изн берилса, бу йил қишни Кобулда ўтказсам дейман. Шу ҳафта ичида бунинг ҳам натижаси чиқиб қолади. Хўжаниёз Кошғарда истиқлол фикридан воз кечиб, юзини мухториятга бурибди. Чин ҳукумати қўмондони Кошғарга кирай деб турибди... Истиқлолчи лашкарлардан бир бўлаги Помир тоғларида, Тошқўрғон тарафда мингдан ортиқ қўзғолончи бор. Бошлиғи Маҳмуд Юсуф деган зот. Аввалги пайтларда Шермуҳаммадбек қўли остидаги қўрбошилардан бўлган, ҳозирда ҳам ихлоси баланд... Бу тарафларга юбориладиган журналлар сонини орттириш керак. Бу фойдалидир. Бизга жўнатиладиган маблағни Кобул миллий банки Туркистон ашҳами (Туркистон ҳужжатлари бўлими – Н.К.) воситасида олишимиз мумкин».

Камина Садриддинхоннинг ушбу самимий сўзларини ёзаётганимда «Илон изидан» қиссаси муаллифининг боя келтирилган айбномаси ёдимга тушди. Садриддинхон ҳақидаги бу икки нуқтаи назарни қиёслаб бўладими?!

«Йўқсил муфтийнинг барча алоқаларини ҳал этадиган, журнал тарқатадиган ва хабарлашишни уюштирадиган одамига айланган эди, – дея давом этади Аҳад Андижон. – ...Бу чоғда муфтий, бир тарафдан, Андхўй, Ақча, Мозори Шариф ва Хонобод каби шаҳарларда ТМБ номидан иш юритадиган кишиларни танлаш ва тайёрлашни, иккинчи томондан эса, босмачилар ва раҳбарлари билан учрашиб, вазиятни таҳлил қилишни бошлаб юборган эди. Шунга қарамай, Садриддинхон Шарқий Туркистонга боғлиқ режасидан ҳам воз кечмаган эди. У ерларга бориб, миллий мустақиллик курашида қатнашишни истарди. Шу сабабли у Япония элчихонаси ходимлари билан алоқа ўрнатиб, Шарқий Туркистонга боғлиқ ишлари учун замин ҳозирламоққа киришди».

Садриддинхон яқин сафдоши сотқин бўлиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса ажаб эмас. Махфий режани эса 1934 йилда амалга оширишга киришилди. «Ҳаттоки ичкаридан хабар олиш оғирлашиб қолгани учун Шарқий Туркистонга ўтиб олиш ниятида 6 июнда Афғонистон хорижия вазирлигига виза учун мурожаат этган эдим, – деб ёзади Садриддинхон Мустафо Чўқаевга йўллаган хатларидан бирида. – Вазир ҳузурига чақиртириб, совет ҳукуматининг мендан қаттиқ ғазабланганини билдириб, яхшиси, инглизлардан (Ҳиндистон йўли орқали) виза олишни тавсия қилди. Эртасига инглиз элчихонасига бордим. Ҳиндистон визаси беришларини талаб этдим. Элчиликдагилар марказдан сўрашлари кераклигини айтиб, кутасан, дедилар. Шу пайт ҳеч кутилмаганда, 17 июнь куни мени шаҳар миршабхонасига олиб бориб, ...икки кун ичида чегарадан ўтказиб, Машҳадга кузатиш борасида амр борлигини таъкидлашди... Эронга қайтиб юборишса шармандали иш бўлади... Гўё ташкилот қуриб, совет Русиясига қарши иш қилибманмиш. Бу ҳолат менга ва Туркия элчихонасидаги ўринбосарга хорижия вазирлиги тарафидан очиқ айтилди... Узоқбойлар (японлар) билан алоқа юришиб кетса ҳам ёмон бўлмасди. Қани эди имкон топилса!..

Худога шукрки, Маҳмуднинг шошадиган жойи йўқ. Зотан, Маҳмуд бу ерда қолиб, бир ёрдамчиси билан хизматингизга ҳозирдир. Муҳтарам Мустафобек, бундан кейин Маҳмуд билан доим хабарлашиб туришингиз керак... Шак йўқки, эндиги совет ҳукуматига қарши иш қилиш имкони бизда қолмади. Ягона умид шуки, балки истиқболда янги бир инқилоб ёки уруш чиқиб қолар... Ўшанда миллатимизга, тайёрмисан, дейиш учун ҳозирдан чора кўриш лозим...»

Хиёнат қурбони бўлган муфтий Садриддинхон Қандаҳор шаҳрида ғарибликда вафот этади. Қаҳрамонимиз юрагидаги Ватанга муҳаббат, эрк ва озодликка эътиқод алангаси шўролар Туркистонида яшаган ватандошларимизнинг юракларида ҳам ёниб-порлаганида, тарих ғилдираги қай томон айланар эди денг!..

Р.S. Ўтган асрнинг 70-йилларида Ўзбекистон компартияси МҚ биринчи котиби тегишли идоранинг илтимосига кўра, «биринчи ўзбек разведкачиси» ва «ўзбек разведкачилик мактаби асосчиси» Баҳром Иброҳимовга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонини бериш масаласида Москвага мурожаат этган. Марказ ҳужжатларни ўрганиб чиққач, уни хизматларига яраша «Қизил Юлдуз» ордени билан тақдирлаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг