Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Озодбек Назарбеков: «Табиийки, мен бу ойликка қониқмайман»

Озодбек Назарбеков: «Табиийки, мен бу ойликка қониқмайман»

Фото: Youtube

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков «Дарё» интернет-нашри учун интервью берди.

Суҳбат давомида Озодбек Назарбеков «Маданият вазирлигининг ойлик маоши Ўзбекистондаги энг талабгир, энг қиммат хонандаси бўлган Озодбек Назарбековга етяптими?» мазмунидаги саволга қуйидагича жавоб берган:

«Маданият вазирлигига маош учун бормаганман. Худога шукр ўз даврида йўлга қўйган бизнесларим бор. Бугунги кунда оиламни, рўзғоримни эплаб туришга етади. Аввал кимларгадир моддий ёрдам берган бўлсам, бугун ўзимнинг кундалик эҳтиёжимни қоплаяпти. Бундан нолимайман.

Маданият вазирлигига моддий манфаатни кўзлаб келмаганман. «Энг талабгир, энг қиммат хонандалардан бири» деган эътибор билан қарайдиган бўлсак, табиийки, мен бу ойликка қониқмайман. Инсон иқтисодий таъминотига қараб ҳаётини шакллантиради. Ҳамма ҳам шундай. Кеча 2 миллион топаётган одам эртага 20 миллион топа бошласа, 2 миллион топаётган даражада яшамайди. Шундан келиб чиқиб билиш мумкинки, менинг ҳам ўтган давримда моддий таъминотимга қараб ҳаётим шаклланган. Лекин фақат иқтисодий таъминланишнинг ўзи гўзал ҳаёт дегани эмас.

Мен учун гўзал ҳаёт бошқа бировнинг қўлига қарам бўлиб қолмаслик! Ўша даражага тушиб қолмасам бўлди. Кимгадир қарам бўлиш ёки кимнингдир эшиги тагида сарғайиб туриш даражасига бормаслик мен учун гўзал ҳаёт. Шу нарсани ҳар доим ўзимга эслатиб тураман. Иқтисодий тангликка кирган пайтларим ўзимга ўзим бир гапни кўп такрорлайман: Кеча онадан туғилганимда, эгнимда ҳеч нимам йўқ эди-ку, яна нимасига нолишим керак. Эртага яна шу аҳволда кетсам, нимага нолийман.

Маданият вазирлигида ишлаётганим ҳеч қачон иқтисодий норозичиликка олиб келмайди. Чунки бу ерда моддий манфаатдан кўра, маънавий манфаат юқори туради. Бу ерда менга бутун ўзбек санъати ва маданиятини ижобий томонга ўзгартириш ваколати бериляпти. Демак, маънавий манфаат кўриш имкониятим бўлгандан кейин моддий манфаат ўз-ўзидан орқага чекинади», дейди Озодбек Назарбеков.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг