Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда Хитой деворига тенглашадиган девор борми?

Ўзбекистонда Хитой деворига тенглашадиган девор борми?

Фото: «Xabar.uz»

Туризм - бу барқарор иқтисодиёт, келажакка пойдевор. Бу соҳа ҳеч қандай ишлаб чиқариш, ер усти, ер ости табиий заҳираларисиз ҳам барқарор ривожланиш гарови.

Шунчаки, аждодларнинг юксак интеллектуал салоҳияти ва маданий бойликларини асраб, уни хорижликларга кўрсата билсак, ҳайратлантира олсак, қўпол қилиб айтганда уларни меҳмондўстлигимиз билан «ўзимизники» қилиб олсак бўлгани.

ЎзР.ФА Археология инс.етакчи илмий ходими т.ф.н.доц. Жамолиддин Мирзахмедов изланишда

«Туризм тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонунда кўрсатилганидек, туризмни ривожлантиришда бевосита иштирок этиб, маданий мерос объектларини тарғиб қилиши, соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириши ҳамда амалиётдан келиб чиқиб, туризмни ривожлантириш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар бериш мақсадида Навоий вилоят адлия бошқармаси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Навоий вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда Хаbar.uz ахборот-таҳлилий портали томонидан «Маданий ёдгорликлар давлат ҳимоясида» велосаёҳатчилар гуруҳи ташкил этилди.

Демак, илк жамоатчилик назорати манзили «Кампирдевор» ёки «Кампирак» қальа харобалари бўлди.

Кампирдевор қалъаси

Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган. Ёдгорлик V-VI асрларга оид бўлиб тарихи айнан Эфталийлар даврига бориб тақалади.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон тарихи фанида Канпир девор (Девори канпирак) атамаси Ўрта Осиёда деҳқончилик воҳаларини кўчманчилар ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида барпо этилган мудофаа иншоотлари тизимини англатади. «Канпир девор» сўзининг маъноси қазилган чоҳ демакдир. Талаффузда «н» билан «м» алмашуви кузатилади. «Пир» бўғини эса қадимги пайрйа – айлана, ўров маъносида. Демак, кан(м)пир сўзининг ўзи ҳандақли девор дегани. Девор сўзи канпир сўзининг туб маъноси унутилганда қўшилган.

Археолог ва тарихчи олимлар Ўткир Алимов ва Мирсодиқ Исҳоқовнинг фикрича, илк ўрта асрларда минтақада Бухоро воҳасидан ташқари тўртта Канпирак девори мавжуд бўлган.

Биринчи Канпирак девори - қадимги Бухоро воҳасидаги шаҳар, қишлоқларни ўраб олган мудофаа девори. Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асаридаги маълумотга кўра, Канпирак девори 782 – 831 йилларда қурилган. Араб тарихчиси ва сайёҳи Масъудий (956 йил вафот этган)нинг ёзишича, Канпирак девори қадимги Суғд подшолари замонида (V – VI асрлар) бино қилинган. Бу деворнинг узунлиги 336 км бўлган.

Иккинчи Кампирак девори - Қадимги Суғд воҳасини ўраб олган девор VIII аср охири – IX аср бошларида бино қилинган бўлиб, унинг узунлиги 120 км.

Учинчи Канпирак девори - қадимги Уструшона воҳасини ўраб олган. Бу деворлар сунъий кўтарма ҳолда сақланган.

Тўртинчи Канпирак девори - қадимги Фарғона водийсининг ғарбида VIII аср охири – IX аср бошларида бино қилинган.

Бешинчи Канпирак девори - қадимги Тошкент воҳасини шимол тарафдан ўраган бўлиб, Хўжакентдан Сирдарёгача чўзилган.

VI асрнинг бошлари ва ўрталарида Эфталийлар давлати учун энг катта хавф Эрон Сосонийлар давлати ва Буюк Турк ҳоқонлиги томонидан солинмоқда эди. Айнан шу сабаблар Канпирак девори қурилишига туртки бўлган. Милодий эранинг 563-567 йиллари орасида Бухоро остонасида турклар билан эфталийлар ўртасидаги жангда эфталийлар мағлубиятга учраган ва Эфталийлар давлати 579 йилда бутунлай барҳам топган.

Таъкидлаш керакки, Канпирак девор Бухоронинг V-VI асрлардаги чегараларини аниқлаб берувчи ягона иншоот сифатида қадрланади.

Турк ҳоқонлиги даврида деворнинг аввалги мавқеи йўқолган. Гарчанд ҳоқонликнинг зодагонлар қисми чўл-дашт ҳудудларида яшаган бўлса-да, ҳоқонлик маҳаллий суғдий аҳоли ҳамда кўчманчилар ўртасида тинчлик, ҳамжиҳатлик алоқаларини ўрнатиш, савдо-сотиқни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган.

VII аср охирги чораги ва VIII аср бошларида Турон ҳудудига яна бир сиёсий куч тажовуз қила бошлади. Бу - арабларининг истилочилик юришлари эди. Бу даврда исломга кирган маданий воҳа аҳолиси ва исломни қабул қилмаган чўл-дашт кўчманчи аҳолиси ўртасида қарама-қаршилик кучайиб Канпирак деворга яна эҳтиёж туғилади ва у қайта тикланади.

819 йилда Мовароуннаҳр ва Хуросонда сомонийлар сулоласи ҳокимият тепасига келади. Араб халифалигидан мустақил равишда фаолият кўрсатган Сомонийлар давлатига 874 йилда Исмоил Сомоний асос солган. Бу давлат ўзининг қудрати, ҳарбий салоҳияти, душманга қарши армиянинг мунтазам қурол-яроғ билан таъминланганлиги билан машҳур бўлган. Сомонийлар давлатининг асосчиси амир Исмоил Сомоний «То мен тирик эканман, Бухоро вилоятининг девори мен бўламан» деган ва шу даврдан бошлаб Канпирак девор ўз аҳамиятини тамоман йўқотган.

Аммо бугун Канпирак девори «То мен мен бор эканман, Навоий вилоятининг тарихий ёшини Бухоро-ю Самарқандга тенглаштираман» дея лоқайдлик оқибатидан Қизилтепа кенгликлари яраланиб ётибди.

Шундоққина қадим Буюк ипак йўли ҳозирги халқаро М-37 автойўли бўйида қад кўтарган ноёб меъморий иншоотдан сайёҳлар бебаҳра қолиб келмоқда.

Энг ачинарлиси, Қадимги Бухоро ҳудудининг 430 километрини ўраб олган Буюк Хитой деворига ёки Самарқанддаги девори Қиёматга ўхшаган маҳобатли Канпирак деворининг туманимиздан ўтгани ҳатто унинг халқаро археологик экспедиция томонидан ўрганилган қисми рўйхатга киритилмаган.

Археологик ёдгорликларнинг туман, вилоят, мамлакат, халқаро аҳамиятга эгалиги – мансублик даражаси ҳам белгиланмаган.

Халқаро эътироф
«СЕЗОН 2011 г*...» Агар интернет тармоғида ушбу ёзувга кўзингиз тушса ажабланманг. Бу 2011 йилда Ўзбекистон-АҚШ экспедицияси олимлари Ж.Мирзааҳмедов ва С.Штарк бошчилигида Канпирдевор қалъасида ўтказилган ўрганишларга тааллуқли дегани.

2011 йилда АҚШ ҳамда франциялик археологлар томонидан Канпирдевор маданий ёдгорлиги халқаро миқёсда ўрганилган. Россия, Эрон, Франция, Германия, АҚШ каби давлатларда илмий қўлёзмалар чоп этилган. Халқаро археология институтлари сайтларида «Канпирдевор»нинг меъморий-археологик ноёблиги, мудофаа даражаси бўйича Буюк Хитой деворига тенглаштирилган.

Бизнинг эътироф

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармаси Бухоро ва Навоий вилоятлари бўйича минтақалараро Давлат инспекцияси Навоий вилоят бўлими маълумотига кўра, Канпирдевор қўрғони харобалари давлат кадастр рўйхатига киритилган, давлат муҳофазасига олинган.

Шунингдек, 2019 йил I чоракда муҳофаза белгилари ўрнатилиб консервация қилиш учун 2020 йил республика маданий мерос обеъктларини таъмирлаш дастурига киритиш айтиб ўтилган.

Ваҳоланки, ҳозирга қадар на кадастр, на муҳофаза белгилари ўрнатилган.

Давлат кадастр рўйхатига киритилиш ўрнига, маҳаллий ғишт қуювчи тадбиркорлар учун текин хомашё майдони «рўйхатига киритилган».

Маданий ёдгорлик муҳофаза белгилари билан эмас, аҳоли томонидан ташланган ахлат уюмлари билан «ўраб олинган».

Халқаро эътирофга лойиқ маданий ёдгорлик деворлари консервация қилиш тугул бульдозер ва юк машиналари излари билан «таъмирланган».

Эътироф этиш у ёқда турсин, маҳаллий тадбиркорлар кун сайин қальа деворлари томон бостириб келмоқда. Агар тезроқ ҳаракат қилмасак, кўз ўнгимизда бутун бошли бир тарих йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди.

Қувонарлиси, «Маданий ёдгорликлар давлат ҳимоясида» велосаёҳатчилар гуруҳи томонидан мазкур иншоотни муҳофаза қилиш учун велосипедда босиб ўтилган 114 км масофа машаққати ўз мевасини берди.

Ниҳоят, Канпирдевор қалъа харобалари давлат кадастр рўйхатига киритилди. Асосийси, меъморий иншоотнинг муҳофаза майдони белгиланди.

Энди Буюк Хитой деворини кўриш учун Тошкент-Пекин-Тошкент йўналишини танлаш шарт эмас.

Ҳафсала бўлса, велосипедда келса ҳам бўлади.

Биз йўлга чиқдик. Кейинги манзилимизни кутинг...

Жонибек Шуҳратов,
  Навоий вилоят адлия бошқармаси масъул ходими

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг