Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Китобдаги дунёнинг энг ноёб қўриқхонасида турфорум бошланди

Китобдаги дунёнинг энг ноёб қўриқхонасида турфорум бошланди

Xabar.uz

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамкорликда Қашқадарё вилоятида I Халқаро геотуристик форумини ташкил этмоқда.

1-3 август кунлари ўтадиган форум экологик ва геологик туризмни оммалаштириш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, юртимизнинг ташқи ва ички бозорлардаги сайёҳлик салоҳияти ва табиий имкониятларини тарғиб этишни мақсад қилган.

Caption

Илмий тадқиқотларни ўрганиш натижаларига кўра, Китоб давлат геология қўриқхонаси дунёдаги ягона тўлиқ Эталон - Эмс яруси стандарти ҳисобланади. Бу ушбу маконнинг дунё океанидан ажралиб чиққан дастлабки қуруқлик майдони эканига ишора қилади. Мазкур жойни халқаро олимлар ҳамжамияти дунё океанидан қуруқликка чиқиш жойи сифатида қайд этди.

Келтирилган фактларни, шунингдек, ушбу объектнинг юқори маркетинг ва сайёҳлик аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, Форум ташкилотчилари янги сайёҳлик брендини илгари суриш бўйича махсус "Ҳаётнинг бошланиши. Ўзбекистон" дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилишди.

Китоб давлат геологик қўриқхонаси Ўзбекистоннинг ноёб табиий қўриқхоналаридан биридир. Қўриқхона Қашқадарё вилояти Китоб туманида, Зарафшон тоғининг жануби-ғарбий қисмида, Қашқадарё дарёси ҳавзасида жойлашган. Қўриқхона 1979 йилда ташкил этилган.

Қўриқхона Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасига қарашли бўлган ягона қўриқхона ҳисобланади. Ушбу манзил қадимий даврда яшаган жониворлар ва ўсимликларнинг қолдиқлари сақланиб қолган тош қотмаларини ва ноёб стратиграфик кесмаларни ҳимоя қилиш учун барпо этилган. Палеозой кесмалари бу ерда ўзига хос геологик тузилмалардан иборат бўлиб, Ернинг геологик тарихига оид 130-170 миллион йил давом этган муҳим вақт оралиғида энг бой ва ноёб маълумотларни ўз ичига қамраб олган.

Бугунги кунда қўриқхона 3938 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, у ўз ичига палеонтология ва биология музейини олган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг