Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаҳонгир Мирзаалиев: Ижтимоий тармоқ — ижодкор учун катта майдон (видео)

Бадиий ҳуштак устаси, карикатурачи, портретчи рассом ва шоир Жаҳонгир Мирзаалиев Тошкент вилоятининг Қибрай туманида туғилган.

«Онам менинг рассом бўлишимни истагани учун Театр ва рассомчилик институтида ўқишимни истаган. Аммо мен ҳарбий бўлиш мақсадида айтмасдан Киевга кетиб қолганман. Киевдан 34 километр узоқликдаги Авиация техниклари ҳарбий билим юртига ўқишга кирганман. Ўқишни тугатгач, ядро полигони ёнидаги аэродромда ишлай бошлаганман», — деди қаҳрамонимиз.

Хўш, нега ҳарбий бўлиш учун уйидан қочиб кетишга журъат қилган Жаҳонгир Мирзаалиев ҳарбийликдан кетди? Ва нима учун ҳеч қандай дипломи бўлмаса-да, таниқли нашрларда карикатуралар чизди, шеърий китоблар чиқарди, бадиий ҳуштак санъатини ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилмоқда.

Жаҳонгир аканинг санъатга қайтиши ва бир неча санъат турини бирваракайига олиб боришдан мақсади онасининг орзуларини рўёбга чиқариш эдими?  

Мувашшаҳда кўкка тик ўсар,

Устун бўлган сўзга, шеър асир!

Ҳарфлаб терар шоиринг ўжар,

Алифбодан қургунча қаср!

Бахтинг тиниқ кўзгуга ўхшар

Боқмоқ бўлган кўзлардан яшир

Армонларга тўла қалб бўшар,

Тўпламлари этилгач нашр!

Эътибор берган бўлсангиз қаҳрамонимиз мувашшаҳ жанрида шеър битган.

Энциклопедияда мувашшаҳ шеър жанрига шундай таъриф берилади (араб. — безатилган, зийнат берилган), акростих — Шарқ халқлари (араб, форс, эски ўзбек) мумтоз шеъриятида бадиий-ифодавий усуллардан бири. «Тавшиҳ» (араб. — «боғламоқ») деб ҳам юритилган. Мувашшаҳ асосан қасида жанрида ишлатилиб, унда шеърнинг ҳар бир байти ёки мисрасининг биринчи ҳарфларидан бирор сўз ёки жумла (кўпинча шеър бағишланган шахснинг номи) ҳосил бўлади. Мувашшаҳдан оят, қадис ва ҳикматли сўзларни шеър таркибига жойлаш мақсадида ҳам фойдаланилган. Ўзбек адабиёти тарихида шеърнинг бош қисмида киши исми берилган мувашшаҳлар кенг тарқалган. Муқимий, Фурқат каби шоирлар кўплаб мувашшаҳлар ёзишган.

Ушбу видеолавҳа орқали сиз «Хаbar.uz» меҳмони чизган ажойиб карикатуралар, портретлар, шеърлар ва ҳуштак орқали чалинган куйлардан баҳраманд бўласиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг