Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жадид маърифатпарварлари асарлари олмон тилида чоп этилди

Жадид маърифатпарварлари асарлари олмон тилида чоп этилди

Германиянинг «Edition tethys» нашриётида жадид маърифатпарварлари асарлари таржимаси китоб ҳолида чоп этилди. «Abdulla Qodiriy et seine Zeit» («Абдулла Қодирий ва у яшаган давр») деб номланган тўплам олмон китобхонларида XX аср биринчи чораги ўзбек адабиёти ҳақида жонли тасаввур уйғотса ажаб эмас.

Қарийб 200 бетли салмоқли тўпламга жадид адабиётининг уч азим чинори – Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат ва Абдулҳамид Чўлпон асарлари таржимаси киритилган. Мавзуга доир шарҳ ва мақолалар тўпламнинг илмий аҳамиятини оширган.

Китобга сўзбоши ёзган Ҳумболдт университети профессори, атоқли туркшунос ва исломшунос олима Ингеборг Балдауф замонавий ўзбек адабиёти шаклланишида жадид маърифатпарварлари, хусусан, миллий романчилик мактаби дарғаси Абдулла Қодирийнинг хизмати катта бўлганини таъкидлаган.

Абдулла Қодирий асарлари, хусусан, романлари муаллифнинг ҳаётлик чоғларидаёқ хорижий тилларга ўгирила бошлаган. Масалан, «Ўткан кунлар» романи озарбойжон тилида (1928), «Меҳробдан чаён» романи тожик тилида (1935) чоп этилган. Адиб асарлари  рус, қозоқ, уйғур, татар, араб, итальян, инглиз тилларига ҳам таржима қилинган.

1968 йили Берлинда «Ўткан кунлари» романининг олмонча талқини «Тошкентлик ошиқлар» номи билан нашр этилган. Таржимашунос олим, профессор Хуррам Раҳимовга кўра, роман русчадан ўгирилгани боис таржимада кўплаб жиддий хатоларга йўл қўйилган, мутаржим аслиятдаги миллий колоритни сақлаб қола билмаган.

Хабарларга кўра, Берлиндаги Марказий Осиё семинари ўқитувчиси Барно Орипова бошчилигида «Ўткан кунлар» романининг мукаммал олмонча таржимаси устида ижодий изланишлар олиб борилмоқда.

Кейинги йилларда Қодирий асарлари таржимаси анча жонланди. Хусусан, биринчи ўзбек романи бир пайтнинг ўзида икки муаллиф – америкалик атоқли тилшунос Марк Рис ҳамда британиялик адабиётшунос Кэрол Ермакова томонидан инглиз тилига ўгирилди.

Ўзбекистонлик таржимонлардан Аъзам Обид (инглиз тили), Ойбек Остонов (олмон тили) жадид маърифатпарварлари асарларидан намуналар ўгирган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг