Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Истеъдодсиз йигит» фестивал ғолиби бўлди

«Истеъдодсиз йигит» фестивал ғолиби бўлди

Фото: xabar.uz

Бир пайтлари истеъдодсиз деб топилган йигит фестивал ғолибига айланди.

Хивада икки кун давом этган «Рақс сеҳри» халқаро фестивалнинг ёпилиш маросими Хоразм телевидениесида тўғридан тўғри  намойиш қилинди.

Ғолиб сифатида тақдирланганлар орасида Боғот туманининг Қипчоқ қишлоғида яшовчи Жамшид Жуманиёзовнинг ҳам номи янгради.

Жамшид Жуманиёзов «Энг яхши хорижий рақснинг эркак ижрочиси» номинациясида ғолиб деб топилиб, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

...Жамшид Жуманиёзов Боғот туманидаги 13-умумтаълим мактабининг 9-синфини тамомлагач, М.Харратов номидаги Урганч санъат коллежида ўқиш учун ҳужжат топширади. Бу жараёнда ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Оғзаки суҳбатдан ўтиш учун борганида ҳали у билан бир оғиз гурунглашиб ҳам кўрмаган коллеж директор ўринбосари: «Сендан санъаткор чиқмайди, бориб бошқа ерда ўқи!» дея ранжитган эди.

Тақдирни қарангки, Жамшид Тошкент давлат рақс ва хореография олий билим юртига ўқишга кириб, таҳсил олди. Нуфузли «Лазги» ансамблида фаолият юритди. Бир йилдан буён эса Огаҳий номидаги Хоразм вилоят театрида ишлаб келмоқда.

– Фестивалда қолмиқча рақс ижро қилдим, – дейди Жамшид. – Уни қунт билан ўрганишим ва либослар танлашимда устозим Динара Иброҳимова яқиндан ёрдам берди. Халқимиз  «Интилганга толе ёр» дейишади. Лекин қанчалик интилсанг ҳам орзуларинг рўёбига тўсқинлик қилувчилар ҳам йўқ эмас. Ана шундай одамлар ўқув даргоҳларида ўрнашиб олгани ачинарлидир.

Айтиш жоизки, Урганч санъат коллежида бугун муҳит тамомила ўзгарган. Бу ерда янги раҳбар, янги ўқитувчилар меҳнат қилишади. Афсуски, бир пайтлари бу ерда ўзининг ёрқин истеъдоди билан танила бошлаган кўпгина ёшлар оддийгина сабаб билан ўқишдан ҳайдалган.

Модерн услубидаги насрий асарлари пойтахт нашрларида узлуксиз нашр қилиниб турадиган Маъруф Менгли ҳам мазкур коллеждан бадарға қилинган эди. Оддий баҳоналар билан коллеждан ҳайдалган бир гуруҳ ёшлар бугунги кунда вилоятимизнинг нуфузли идора ва ташкилотларида масъул вазифаларда ишлашмоқда. Шу билан бирга коллеж директорининг маънавий ва маърифий ишлари бўйича ўринбосари М.Омонбоеванинг ҳам мартабаси ошиб, Урганч шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимига кўтарилган.

Эрпўлат Бахт

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг