Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Элчи ташвиш тортмасин — Бухородаги Карвонсаройда ресторан очилмайди

Элчи ташвиш тортмасин — Бухородаги Карвонсаройда ресторан очилмайди

Бухородаги маданий мерос объектларидан бири – Карвонсаройда ресторан очилиши ҳақида хабарлар тарқаб, бу Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен де Вильморда ҳам хавотир уйғотган эди.

22 июль куни Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноевнинг Виолен де Вильмор билан бўлиб ўтган учрашувидаги мулоқот Франциянинг «Карвонсаройлар» нотижорат ассоциацияси томонидан таъмирланган тўрт карвонсарой, жумладан, «Аёз» карвонсаройида ресторан очилиши хусусидаги миш-мишларга ойдинлик киритди: карвонсаройда ресторан очилмайди.

Қадимий карвонсарой Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақалараро давлат инспекцияси томонидан рўйхатга олинган. Бундан объектлар Бухорода 660 тани ташкил этади. Шундан, 231 таси археология объекти, 364 таси архитектура ёдгорлиги, 19 таси монументал санъат асари, 22 таси архитектура ансамбли ва 24 таси диққатга сазовор жойлардир.

Уларни асл ҳолича сақлаш, қадимий меъморчилик талабларига мос равишда таъмирлаш борасида мунтазам иш олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилда вилоятдаги моддий маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация ишлари учун жами 10 миллиард 700  миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

— Бундан 20 йил олдин таъмирланган мазкур карвонсаройлар ўз ҳолича сақланмоқда. Бу ерда ҳеч қандай ресторан очиш режаси мавжуд эмас. Аксинча, бугунги кунда ишламай турган бу объектларнинг асл кўринишини сақлаб қолган ҳолда уларда сайёҳлар ташриф буюриши учун қулай имкониятлар яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, — деди вилоят раҳбари ўзаро мулоқот чоғида.

Давлат тасарруфида ва муҳофазасида бўлган бу объектлар бўйича ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигига амин бўлган Виолен де Вильмор хоним Бухоро вилояти маъмурияти билан Франция маданий-тарихий обидаларни сақлаб қолиш ва таъмирлаш бўйича ўз тажрибасини ўртоқлашишга ҳамда Версаль университети етакчи мутахассислари иштирокида семинар-трененинглар ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.

Мулоқот якунида икки томоннинг бу борадаги ўзаро ҳамкорлиги маданий мерос объектларини сақлаш ва келажак авлодга етказишда катта аҳамиятга эга бўлиши таъкидланган.

Маълумот учун: Бухоронинг Лаби-Ҳовуз мажмуаси атрофидаги қадимий объектларидан бирининг орқа ёнида очилган «Будриддин» кафеси ҳам бузилиб, фаолияти тўхтатилган.

Лайло Ҳайитова,
Бухоро вилояти

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг