Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дима Қаюмнинг халқ кутубхонаси: Унинг қурилишига ким ёрдам беради?

Дима Қаюмнинг халқ кутубхонаси: Унинг қурилишига ким ёрдам беради?

Фото: «Xabar.uz»

Риштонлик тадбиркор ва блогер Дилшод Болтабоев (Дима Қаюм)нинг хайрия билан қурилган машҳур кутубхонаси бузилишга тушгани ҳақида аввал хабар қилинганди.

Фото: Дима Қаюм

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов фейсбукдаги саҳифаси орқали ушбу масалага муносабат билдириб, Агентлик китобхонликни тарғиб қилишга бел боғлаган ҳар бир кишини ҳимоя қилишга, қўллаб-қувватлашга ва ёрдам беришга тайёрлигини айтганди.

«Биз вилоят ҳокими Шуҳрат Мадаминович билан келишган ҳолда, сизнинг кутубхонангиз ўз фаолиятини давом эттириши учун керакли чораларни кўряпмиз. Кутубхона учун тумандаги энг яхши жойни танласангиз, ўша ерда биргаликда кутубхона қурамиз... Сиз ва сиз каби китобхонликка бефарқ бўлмаган, бу борада ўзининг беғараз хизматини аямаётган инсонлар билан ҳамиша биргамиз», деб ёзганди Комил Алламжонов.

Дилшод Болтабоев бугун «Xabar.uz» билан боғланиб, хушхабар борлигини айтди.

«Яхши хабар! Риштон тумани раҳбарларига шу кутубхона лойиҳаси (фотодаги) маъқул тушди. Худо хоҳласа, жойни ажратиб беришса, қурилишни бошлайман. Эски кутубхонамни 12.5 млн. сўмга насияга бергандим, уни пулини оламан. Подвалим устидаги етита битон плитани 700 долларга сотганман. Ҳаммасини жам қилиб, секин қурилишни бошлайвераман. Қолгани Аллоҳга таваккал, Тошкентдаги раҳбарларимиз ҳам ёрдам берамиз дейишган, кейин халқимиздан, йирик тадбиркор дўстларимиздан ҳам озроқ ёрдам сўраб кўраман... Хурсандман дўстлар... Бу жой ҳеч қачон меники бўлмайди. Бу жой «Рошидоний ХАЛҚ кутубхонаси» бўлади», деди Дима Қаюм.

Шунингдек, у кутубхона лойиҳасини чизиб берган Исмоил Долимовга ташаккурини изҳор қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг