Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Чет элликлар нима деб ўйлашади? Авлодларчи?

Чет элликлар нима деб ўйлашади? Авлодларчи?

Фото: nuz.uz

Кеча, 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги моддий маданий мерос объектлари, чунончи, Қорақалпоғистондаги Қизилқалъа ёдгорлиги ва Шамун Набий мақбараси ҳамда Бухородаги Абдулазизхон мадрасасини асраш масалаларига бағишлаб матбуот анжуманини ўтказди.

Фото: Маданият вазирлиги

Ўтказмаса ҳам бўлмасди-да. Оммавий ахборот воситалари бежиз жар солдими ахир? Минг йиллик тарих-а! Увол-а!..

Фото: Маданият вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари Камола Акилова:

— Тан олиш керак, бизда маданий мерос обидаларини реставрация ва консервация қилиш ишлари талаб даражасида эмас. Икки жараённи бир-бирига аралаштириб юбориш оқибатида маданий ёдгорликларимиз ўз аксини йўқотмоқда. Бу соҳада айни кундаги муаммо реставрация ва консервация қилишнинг туб моҳиятини тушунадиган мутахассисларнинг етишмаётганлигидир. Биз маданий ёдгорликларни ямаб, бўяб эмас, балки, асл ҳолатини сақлаган ҳолда келажак авлодга етказишимиз лозим. Бу каби масалаларни илмий ёндашувларсиз ҳал қилиб бўлмайди.

Фото: Маданият вазирлиги

Маданият вазирлиги жамоатчилик кенгаши раиси Зафар Ҳакимов:

— Маданий мерос обидаларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш ёки таъмирлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ёдгорликларни реставрация ва консервация қилиш дегани уни янгитдан қуриш дегани эмас, балки аслини ўзгартирмаган ҳолда таъмирлаш демакдир. Аммо Шамун Набий мақбараси қайси даврда қай ҳолатда ўзгарганлиги тўғрисида бир нарса дейиш қийин. Бу жиддий масала, ушбу ҳолатни текшириш ва ўрганишларсиз бир қарорга келиш ноўрин. Мақбаранинг аввалги ҳолатида ҳеч қандай безакларнинг мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда, унинг конструкцияси ва ички кўриниши сақланиб қолинган бўлса ҳеч қандай катта хато йўқ.

Фото: Маданият вазирлиги

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг Қорақалпоғистон Республикаси инспекцияси бошлиғи Қуанишбек Шарипов:

— Хўжайли туманидаги Миздакхон комплексидаги Мазлумхон сулув қабристони авария ҳолатига келиб қолганлиги сабабли маҳаллий зиёратчиларнинг оғзаки мурожаатларини инобатга олган ҳолда, қайта таъмирлаш таклифи берилди. Мақбара ачинарли ҳолатга келиб қолганди, хусусан, ички томонига ёмғир ўтиб ўртадаги икки гумбаз ғиштлари қулаб тушганлиги сабаб атрофида айланиб юриш имкони йўқ эди. Мақбаранинг кириш қисми ҳам қулаб қолган бўлиб, ичкарига кириш хавфли эди.

Фото: Маданият вазирлиги

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Бош бошқармаси бош инспектори Ғиёсиддин Режабов:

— Бу масала бўйича малакали, билимли экспертлар комиссияси тайинланади. Архив ҳужжатларини қиёсий таҳлил қилиш натижасида экспертиза хулосаси пайдо бўлиши лозим. Агар экспертлар ушбу ҳолатнинг тўғри ёки нотўғрилигини исботласа қонуний чора кўрилиши шарт. Текширув комиссияси ва эксперт хулосаси чиқмагунча хулоса чиқариш ноўрин деб ўйлайман.

Фото: Маданият вазирлиги

Матбуот анжуманида Маданият вазирлигининг матбуот котиби ОАВ вакилларига шундай мурожаат қилган:

— Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва асраб-авайлашга барчамиз масъулмиз, чунки улар бизнинг дунёга машҳур бойликларимиз, сиз билан биз ҳар бир мақолани ёзишдан ва уни оммалаштиришдан олдин асл далилларга суянишимиз лозим, агарда ҳар бир ёдгорлик халқимизга бузиб ташланган деган номлар билан тарқатилса, халқимиз ва Ўзбекистонда маданий мерос объектларининг ҳолати юзасидан хориж давлатларидаги кузатувчилар қандай хулосаларга эга бўлишади?

Шунақа гаплар...   

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг