Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухородаги масжидлардан биридан ноёб қайроқтош топилди

Бухородаги масжидлардан биридан ноёб қайроқтош топилди

Фото:«Xabar.uz»

Бухорода қаровсиз ҳолга келиб қолган масжидлардан бирида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганда араб ёзуви битилган қайроқтош топилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ўзбекистон тарихчилари жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси Азалшоҳ Ҳамроев маълум қилди.

Бухоронинг қадимий гузарларидан бирида жойлашган, пойдевор қисми XIV- XV асрларга, устки қисми эса XIX асрда тикланган «Мулла Пайравий» масжиди (айрим манбаларда чиллахона ёки кутубхона, деб юритилган) узоқ йиллардан буён эътиборсизлик натижасида қаровсиз ҳолга келиб қолган эди. Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси томонидан масжидда ободонлаштириш ишлари бошланган.  Тадқиқотларга кўра, масжиднинг пойдевори ҳам изланишлар жараёнида топилган.

Ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган вақтда вилоят Маданий мерос бошқармаси ходимлари 13х48 сантиметр бўлган ва сиртига араб ёзуви битилган қайроқтош топишган. Топилма бошқарманинг реставрация ва консерватория лабораториясига юборилган  ҳамда у бошқарма реставратори Дилмурод Холов томонидан тозаланиб, экспертиза қилинган. Тош юзасига ўйиб ёзилган ҳарфлар кўрингач, топилма текшириш учун Тошкент Шарқшунослик институтига юборилган.

- Мутахассис экспертлар томонидан ўрганилганда қайроқтошда эски араб ёзувида «насх» хатига мансуб битик борлиги аниқланди. Унда «Ал-фақих Аҳмад Аммор ал-Ансори, Аллоҳнинг раҳматидан қўрқувчи, унга қайтувчи, ҳижрий 563 йилнинг ражаб ойи/милодий 1168 йилнинг май ойида оламдан ўтди» деган битик туширилган экан. Айни пайтда Фақих Аҳмад Аммор ал-Ансорий шахси ҳақидаги тўлиқ маълумотларни ўрганмоқдамиз. Қатор тарихий китобларга, турли манбааларга мурожаат қилдик. Изланишларимиз самарасизх кетмади. Мазкур матн босма матбуотда О.А.Сухарева томонидан «Квартальная община позднефеодального города Бухары» (М:1976,220 стр.) ҳамда «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: Бухоро» (Т:2016,378 бет.) китобларида тадқиқ этилган экан. Эътиборлиси, бундай ноодатий топилма Бухоро мақбараларида қайроқ ишлатилган бирдан-бир ҳолат бўлиб, XI-XIV асрларда қайроқ, асосан, Самарқанд, Фарғона водийсида ва қисман Тошкент атрофларида  қабр тош сифатида ишлатилгани маълум бўлди,-деди Азалшоҳ Ҳамроев суҳбатда.

Айни пайтда Мулла Пайравий ҳамда унинг номидаги кўҳна ёдгорлик – масжид тўғрисидаги тарихий манбалар ўрганилмоқда.

Маълумот ўрнида: Мулла Пайравий ҳазратлари ҳақида фақатгина «Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги зиёратгоҳлар тарихи» ҳамда Садриддин Салим Бухорийнинг «Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари» китобларида жуда қисқа маълумот келтирилган. У XIV асрларда яшаган сўфийлардан бўлган. Фиқҳ илми билан шуғулланган ва машҳур шайх сифатида тилга олинган.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг