Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Байрам тантанасида иштирок этиш учун санъаткорлар пора берармиди?

Байрам тантанасида иштирок этиш учун санъаткорлар пора берармиди?

Яқин-яқингача Мустақиллик ва Наврўз айёмларига бағишланган тантаналар мисли кўрилмаган даражада ўтказилар эди. Буни тайёргарлик ишларига ойлаб вақт сарфланишининг ўзидан илғаш қийин эмасди. (Эндиликдаям бундай тадбирлар катта иштиёқ билан, бироқ анча камтарона, халқ сайли шаклида ўтказилмоқда, аҳоли ҳам шунисини маъқул кўраётир). Бундай тадбирларда иштирок этиш кўп санъаткорлар учун орзу эдики, унинг  рўёби йўлида «айланмай йўллардан» юришгача бориши ҳақида гап-сўзлар қулоққа тез-тез  чалиниб қоларди.

Ўша гаплар бежиз эмас экан. 

Ўз вақтида мазкур тантаналарга бош режиссёрлик қилган Ўзбекистон халқ артисти Рустам Ҳамидов ЎзА мухбири билан бўлган суҳбатда тантаналарга санъаткор танлашда ғалати-ғалати ўйинлар бўлганини очиқ-ойдин эътироф этади: «...баъзи бир артистлар байрамга чиқаман, деб, таниш-билиши орқали ҳаракат қилди. Маданият ва санъат соҳасига яқин бўлган баъзи раҳбарлар ҳаттоки пул, яъни пора, «чойпули» олиб, уларни олиб чиқишди. Каттароқ раҳбарлар ҳам аралашган эди бу ишга. Қўшиқларни эшитиб, мусиқаларни танлаётганимизда мен «Буниси бўлмайди, бунисининг овози йўқ, манавининг мусиқаси тўғри келмайди. Уларни қисқартирайлик, катта саҳнага олиб чиқмайлик», дея эътироз билдирсам, ўша «катталар» «Ҳозирча тураверсин, кейин бир гап бўлар», дейишган. Мен қилган саралашни – раҳбарлар қилиши ўрнига, қайтанга уларнинг ўзи шунақа сифатсиз асарларни, талантсиз «санъаткорлар»ни тиқиштирган. Баъзан ҳатто «Бу — «юқори»дан, фалончининг топшириғи» дея айтишгача боришган...».

Бундан ташқари режиссёр байрам тантаналарига ажратилган маблағлар «туя қилганини» ҳам  суҳбатда яшириб ўтирмайди: «...Қизиғи шундаки, бош режиссёр, бадиий раҳбар сифатида (раҳбарлардан) — тузилган сметалар асосидаги пул маблағларини мен сўрайман. Чунки минглаб кийим-кечаклар, пойабзаллар тикилиши, саҳна безаклари ясалиши лозим. Овоз кучайтиргичлар, ёриткичлар — ҳаммаси валютага сотиб олиниши керак. Кейин ўша сиз айтган нарсалар бошланди. Бизни ижодий ишга жавобгар, дея молиявий ишларга яқинлаштиришмайди. Бир неча бор шунақа воқеаларни сездим. Баъзилар билан анча курашдим. Кейин билсам, бу ишлар «газак олиб кетган» экан. Ҳаттоки бир-иккитаси қамалиб ҳам чиқди».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг