Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ашратхона» мақбарасини ким меҳмонхонага айлантирмоқчи?

«Ашратхона» мақбарасини ким меҳмонхонага айлантирмоқчи?

Фото: Маданият вазирлиги

Самарқанд шаҳридаги Садриддин Айний кўчаси, 6-манзилда жойлашган XV асрда барпо этилган «Ашратхона» (Ишратхона) мақбараси Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ комиссарлари Кенгашининг 1923 йил 27 мартдаги 52-сон қарори билан тарихий, меъморий маданий мерос объекти сифатида Давлат муҳофазасига олинган.

«Ашратхона» ҳозирги ҳолида ҳам ўзининг шакли ва безакларининг мукаммалиги, нафислиги билан кишини хайратга солади.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига «Ашратхона» (Ишратхона) мақбарасини таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб боришга ёки меҳмонхоналарга мослаштириш бўйича хорижий давлат томонидан мурожаатлар тушмаган.

Оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган маълумотларга кўра, испанияликлар томонидан ушбу маданий мерос ёдгорлиги меҳмонхонага айлантириш масаласи кўрилаётганлиги ёзилмоқда.

Моддий маданий мерос объектида таъмирлаш-тиклаш ёки меҳмонхоналарга мослаштириш ишларини олиб бориш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сонли қарорига мувофиқ, объект бўйича бирламчи лойиҳа таклифларини, Маданий мерос департаментининг Илмий-эксперт Кенгашига тақдим этилади. (Маълумот учун: Илмий-эксперт Кенгаши таркиби, аъзолари илмий даражага эга бўлган олимлардан иборат)

Ўз навбатида Илмий-эксперт Кенгаш аъзолари объектнинг лойиҳа таклифларини кўриб чиқиб, объект бўйича ўз хулосаларини беришади.

Маълумот учун:

1897 йилги зилзила оқибатида бинонинг гумбаз қисми ўта оғир авария холатига келиб қолиши натижасида 1903 йилда мақбаранинг гумбаз ва гумбазни ушлаб турувчи тиргак қисмлари қулаб тушган.

Бугунги кунгача сақланиб қолган мақбара пойдеворлари квадрат пишиқ ғиштлар билан мураккаб қоришмада терилган. Пойдеворнинг шимоли–шарқий бурчагида сезиларли даражада пойдевор асосини чўкиши оқибатида пойдеворларда 0.5-0.8 см ёриқлар пайдо бўлган. Мақбаранинг сақланган қисмида хавфли конструктив ўзгариш сезилмайди. Ёдгорликнинг жануби–ғарбий бурчагида 3-4 см катталикда ёриқлар мавжуд бўлиб, кейинги 10 йиллар давомида ўзгармаган. Бош кириш пештоқ равоқлари лойиха асосида «кессон» услубида мустаҳкамлаш ишлари 1998-2000 йиллар давомида олиб борилган. Ёдгорликнинг ҳар тўртала томони деворнинг юқори қисми, иккинчи қавати бузилиб кетган.

Бинонинг катта гумбаз қисми сақланмаган. Лойиҳалаш институти томонидан илмий изланишлар олиб борилган. Деворлар орасида иккинчи қаватга чиқувчи зина қолдиқлари сақланган. Деворнинг ташқи тарзлари ғиштли мозаика услубида безатилган. Девор сатҳларида асл нусха пардоз элементлари 30% сақланган.

Бино ички деворларининг безаклари, бадиий нақшлар белгилари усти ёпиқ сақланган хоналарда аслини тиклаш бўйича етарлича даражада элементлар мавжуд.

Бинонинг том қисми профилли тунукалар билан вақтинча қоплаб қуйилган ва ёғингарчилик бино ичига ўтмаслиги таъминланган. 2010 йилда ёдгорликнинг шарқий тарз қисмида усти ёпиқ сақланган ҳужра ичидаги бадиий нақшларни сақлаш ва реставрация-консервация қилиш ишлари олиб борилган.

Мақбаранинг ўлчами 28 х 23 метр, умумий майдони 6750 м2

Мазкур маданий мерос объектини 1996 йилдан буён босқичма-босқич таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

«Ашратхона» маданий мерос объекти жорий йилда таъмирлаш -тиклаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун Давлат дастурига киритилган.

Манба: madaniyat.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг