Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тунисда тана ҳароратини дронлар ёрдамида ўлчайдиган бўлишди

Тунисда тана ҳароратини дронлар ёрдамида ўлчайдиган бўлишди

Фото: «РИА Новости»

Тунис ҳукумати COVID-19 вируси билан боғлиқ вазиятни назорат қилиш учун учувчисиз учар жисмлардан фойдаланишга қарор қилди, дея хабар берди мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Фуқароларнинг тана ҳароратини ўлчаш учун ҳарорат сенсорлари билан жиҳозланган тўртта дрон эпидемиологик вазиятни назорат қилишга ёрдам беради, дейилади муассасанинг «Facebook»даги хабарида. Сешанба куни мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги яна пайдо бўлган касалликни мониторинг қилиш миллий маркази билан қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик вазирлиги ўртасида тегишли келишув имзоланди.

«Янги коронавирусни мониторинг қилиш ва олдини олиш миллий режасини қўллаб-қувватлаш мақсадида фуқароларнинг ҳароратини ўлчаш учун тўртта учар жисмдан фойдаланиш тўғрисида келишув имзоланди, — дейилади хабарда. — Келишув соғлиқни сақлаш вазирлигининг COVID-19 эпидемиясига қарши курашда фуқаролар ҳароратини кенг миқёсда ўлчаш орқали қўллаб-қувватлаш учун дрон ва ҳарорат сенсорларидан фойдаланишни назарда тутади».

Бундан ташқари, дронлар карнай билан жиҳозланган бўлиб, унинг ёрдамида аҳоли эпидемиологик хавф-хатардан огоҳлантирилиши ва профилактик қоидаларга амал қилишга чақирилиши мумкин.

Айни вақтда мамлакатда 1087 кишида коронавирус қайд этилган, 965 киши тузалган, 49 киши вафот этган.

4 майдан Тунис ҳукумати иқтисодиёт соҳасидаги чекловларни босқичма-босқич бекор қила бошлади — коронавирус пандемияси туфайли тўхтаб қолган саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш, шунинглек, давлат муассасалари фаолияти қисман тикланди. 15 майдан барча зарур санитария меъёрларига амал қилган ҳолда йирик савдо марказлари ҳамда бозорлар фаолиятига тақиқ олиб ташланди. 18 майдан 15 ёшгача бўлган болалар ва 65 ёшдан катталар карантиндан озод қилинди. Тунис ҳукумати, шунингдек, 27 июндан коронавирус туфайли ёпиб қўйилган мамлакатнинг барча чегараларини очмоқчи.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг