Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Санитария-эпидемиология хизмати ходимларига қўшимча ҳақ тўланади

Санитария-эпидемиология хизмати ходимларига қўшимча ҳақ тўланади

Жорий йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-4695-сонли қарори қабул қилинди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, қарорда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт ходимларининг:

  • лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар миқдори тегишинча 15 фоиздан;
  • 50 фоизга ҳамда 40 фоиздан 75 фоизга оширилади;
  • меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициенти 5 фоизга оширган ҳолда қўлланилиши назарда тутилган.

Моддий рағбатлантириш чоралари 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб, республикада коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирлари расман тўхтатиладиган ой якунига қадар амал қилади.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб этилган даврда Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт ходимлари учун ойлик лавозим маошига нисбатан 6 фоиз миқдорида кунлик қўшимча тўлов, шунингдек, қонунчиликда кўзда тутилган бошқа устамаларни олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Санитария-эпидемиология хизматида унумдорликка эришиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясининг ҳудудий бошқармаларидан 913 та штат бирлиги Агентлик ихтиёрига ўтказилади.

Шунингдек, Агентликнинг марказий аппаратида Моддий-техника базасини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш бошқармаси ташкил этилди.

Қарор билан Бош давлат санитария врачларига карантин даврида, давлат ва нодавлат тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ва бошқа ходимларини жалб қилган ҳолда эпидемияга қарши вақтинчалик отрядларни ташкил этиш ҳуқуқи берилади.

Карантин даврида вақтинчалик отрядлар таркибига жалб этилган давлат тиббиёт муассасалари ходимларининг асосий иш жойидаги меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби, шартлари ва миқдорлари сақланиб қолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг