Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Коронавируснинг фойдали жиҳати ҳам бўлмоқда

Коронавируснинг фойдали жиҳати ҳам бўлмоқда

Пингвинлар қафасларидан чиқариб юборилди.

Коронавирус инсониятга жуда катта талафот — одамларга касаллик ва ўлим, иқтисодиётга зарар келтирди. Аммо инсоният томонидан бўлаётган шафқатсизларча муносабат туфайли тобора касалланиб бораётган экологияга даво бўлди.

Дунёнинг турли қисмларида жойлашган саноат корхоналарининг вақтинча ёпилиши (карантин чоралари ва маҳсулотларга талабнинг пасайиши натижасида) ва илгари ишлаб чиқарилган глобал етказиб бериш занжирларининг жиддий бузилиши билан биргаликда бу сайёра ва атроф-муҳит билан инсоний муносабатларда янги ҳақиқатни юзага келтиради. Ҳаракат — цивилизациянинг (транспорт ҳаракати, саноат ривожи) кескин «секинлашиши» оқибатида ер қобиғидаги ташқи шовқин сезиларли даражада камайди, бу эса олимларнинг фикрига кўра, сейсмик фаолликни аниқроқ ўлчаш имконини беради. 

Италия. Бутун Италияда карантин бошлангандан бери ҳавонинг ифлосланиш даражаси умуман пасайди. Европа космик агентлигининг маълумотларига қараганда мамлакатда атмосферада азот диоксиди (заҳарли чиқинди) миқдори камайган. Бу, айниқса, мамлакатнинг шимолий ҳудудларида яққол сезилган.

Венеция. Венеция каналларини тўлдирадиган одатий лойқа сув бирдан шаффоф бўлиб, майда балиқларга тўлди. Бунга каналлар бўйлаб транспорт ҳаракати камайгани ва бунинг натижасида одатда сув юзасига кўтариладиган ёғингарчиликлар пастки қисмида қолгани сабаб бўлган.

Хитой. Хитойда ҳавонинг жиддий ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар бутун сайёрани ташвишга солиб келмоқда. Айнан коронавирус хитойликларга ушбу муаммони камида вақтинча ҳал қилишга ёрдам берди. Хитой аҳолиси карантинга ўтгандан сўнг, мамлакатнинг деярли бутун ҳудудини қамраб олган заҳарли газ булути тўсатдан ғойиб бўлди. Карантин даврида Хитойда 200 миллион тонна карбонат ангидрид ҳавони булғамаган. Ҳавода азот диоксиди ва бошқа токсик аралашмаларнинг миқдори ҳам камайди. Хитой экология ва атроф-муҳит вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, «Яхши сифатли ҳаво» кунлари феврал ойидан бери ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳавонинг тозалиги 21,5% га ошган. Ухан каналларида делфинларнинг пайдо бўлиши ва эркин сузиб юриши ҳақидаги хабарлар келгусида эҳтимол, делфинлар атрофдаги сувларда чайқаладиган ва чиройли ёввойи ҳайвонлар йўлда эркин юрадиган янги, тоза дунёни кашф этаётгандек эди гўё.

АҚШ. АҚШда барча гавжум жойлар, шу жумладан ҳайвонот боғлари ва аквариумлар карантин пайтида ёпилган. Чикагодаги Шедд аквариумида ҳайвонлар учун ҳақиқий озод ҳаёт бошланди. Ушбу масканнинг ишчилари пингвинларни қафасларидан чиқариб юборишди ва қушларга бутун паркни ўрганишга имкон беришди. Пингвинлар паркни ўрганиш асносида умрида кўрмаган балиқларни томоша қилишди.

Непал. Худди Хитой каби, коронавирус пандемияси туфайли Эверестга сайёҳларнинг киришини тўсиб қўйди. Жомолунгма тоғи дунёдаги энг баланд полигон ҳисобланади. Ушбу табиий ёдгорликга ташриф буюрган сайёҳлар уни мунтазам равишда турли хил чиқиндилар билан ифлослантириб келганлар.  Вақтинча бўлсада тоғ пластик идиш ва турли зарарли чиқиндилардан тозаланадиган — «дам» оладиган бўлди.

Россия. Йўл ва кўчалар бўйлаб ҳаракатланадиган транспорт воситаларининг сонини камайтириш орқали ҳаво сифати яхшиланди.

Деҳли. Сўнгги йилларда ҳаво ифлосланиши ҳалокатли даражага етган Деҳлида мамлакатда ҳаракатга тақиқ жорий этилганидан бери ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланди. Ҳиндистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам ҳаво тозаланди. Илк бор тунда осмонда юлдузлар кўрина бошлади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, экологиядаги вазиятнинг яхшиланиши оқибатида ҳаво сифати билан боғлиқ юрак-қон томир касалликларидан эрта вафот этиш ҳоллари пасаяди. Масалан 2008 йилда Хитой Пекин Олимпиадасида ҳаво чиқиндиларини кескин чеклаб қўйганида, ҳаво сифати билан боғлиқ юрак-қон томир ва бошқа касалликлардан эрта ўлимлар сонининг камайиши бир неча тадқиқотларда қайд этилган. 2010 йилда Москва табиий ёнғинлардан тутун билан нафас олганда, худди шу касалликлардан шаҳарда ўлим даражаси кескин ошди.

Карантиндан сўнг...

Карантин чекловлари олиб ташлангач «уйда қолиш» тажрибаси келажакда қисман фойдали бўлиши мумкин. Масофадан ишлаш тажрибаси ўзлаштирилгач, транспорт ҳаракати камаяди,  аммо уйдаги электр энергияси ва иссиқлик учун катта харажат кетади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, агар электр буғланиш ёқилғисидан олинадиган бўлса, иссиқхона газлари яна чиқиндиларнинг кўпайишига олиб келади. Қисқа қилиб айтганда, пандемиядан сўнг, иқлим ўзгаришига таъсир этадиган чиқиндилар иқтисодиёт ва саёҳатлардан сўнг яна тикланиши мумкин. Чунки зарар кўрган иқтисодиётни тиклаш учун аввалгидан ҳам кўра кўпроқ ҳаракат талаб қилинади. Шунга қарамай, ҳеч бўлмаганда битта атроф-муҳит яхшиланиши давом этади — бу Хитой томонидан ёввойи ҳайвонлар савдосига қўйилган тақиқ.

Умуман экология маълум муддатгина инсониятнинг унга кўрсатаётган зараридан дам олади. Яъни экологиянинг яхшиланиши бу вақтинчалик. Экология, яъни она табиат қачон бутунлай «тузалади», қачонки одамлар онгли равишда табиатни сева бошласалар, уни ҳис қила бошласалар, дардига дармон бўла олсалар. Балки коронавирус туфайли йўқотишларимиз бизни экологияга нисбатан соғлом фикрлаб бошлашимизга туртки бўлар. Бунга эса ҳозирча фақат умид қиламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг