Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коронавирус туфайли нечта журналист вафот этди?

Коронавирус туфайли нечта журналист вафот этди?

Фото: «Nv.ua»

Ўтган уч ой давомида дунёнинг 31 та давлатида 127 нафардан зиёд журналист COVID-19 туфайли вафот этди, дейилади штаб-квартираси Женевада жойлашган «Press Emblem Campaign» (PEC) мустақил журналистлар уюшмаси баёнотида. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берган.

PEC хабарига кўра, 1 мартдан 31 майга қадар энг камида 127 нафар журналист, улардан учдан икки қисми касбий фаолиятини бажариш чоғида COVID-19 туфайли ҳаётдан кўз юмган. Биргина май ойининг ўзида 72 та журналист вафот этди.

«Оммавий ахборот воситалари ходимлари янги вирусга қарши курашда муҳим роль ўйнайди. Улар касалликнинг тарқалиши ҳақида хабар бериши зарур. Улардан айримлари ўз вазифасини бажариш чоғида керакли ҳимоя воситалари йўқлиги сабабли ҳалок бўлишган», — деди PEC бош котиби Блейз Лемпен.

Энг кўп журналистлар ўлими Лотин Америкаси ҳудудида қайд этилди. Нохуш кўрсаткич бўйича Перу биринчи ўринда — 15 киши, сўнгра Бразилия ва Мексика (13 кишидан). АҚШда вирус туфайли 12 нафар, Россияда эса 5 нафар ОАВ ходими вафот этган, дейилади баёнотда.

Аслида журналистлар орасида ўлим кўрсаткичи бундан анча юқори бўлиши мумкин. Чунки бу даврда вафот этган журналистларнинг ҳаммаси ҳам COVID-19 таҳлилидан ўтишмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг