Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коронавирус билан юзма-юз курашаётган шифокорларимиз шарафига

Коронавирус билан юзма-юз курашаётган шифокорларимиз шарафига

Фото: ССВ матбуот хизмати

15 кундан бери АОКА штабида ҳар куни касаллик аломатлари мутлақо йўқ ва соғлом 5-10 нафар журналист орасидаман. Азбаройи зарурат туфайли. Нимаики хавфсизлик талаби бўлса риоя қилаяпман, ҳеч кимни яқинимга йўлатмайман, ниқоб билан қўлқопни керак бўлса, ҳар соатда алмаштираман. Аммо, барибир, кечқурун уйга қайтганимда қизимни қучишга, ўғлимни эркалашга иккиланаман. Аллоҳ асрасин!..

Энди бутун дунёни даҳшатга солаётган коронавирусга чалингани аниқ, ҳатто касалликнинг оғир босқичини бошидан кечираётган беморларга муолажа қилаётган шифокорлар ҳолатини кўз олдингизга келтиринг. Юзидаги ниқобини бир лаҳзага ечса, бу лаънати вирусни юқтириб олиш хавфи муқаррар бўлган ҳамшираю санитаркалар хаёлидан нималар кечяпти экан?!

Ҳар куни интернетда фалон давлатдаги врачлар иш ташлаш эълон қилибди, фалон давлатнинг дўхтирлари касални даволашдан бош тортибди, деган узун-юлуқ гаплар келиб турибди. Лекин бизга «Мен шу шифокорлар орасига қўшилишим учун кимга мурожаат қилай?» — деб савол бераётган врачларимиз кўп. Шукрки, ҳали шу пайтгача фалон дўхтирлар ишидан бош тортибди, деган гапни эшитмадик. Эшитмайлик ҳам!

Азиз шифокорлар, ҳамширалар!

Шуни билингки, тинч-омон кунларда қилинган катта жасоратлар балки унутилиши мумкин, лекин оғир ва синовли дамларда Сиз қилаётган мардликни ҳеч ким унутмайди. Ишонинг, бу синов сизга пастроқ ёки бошқачароқ кўз билан қараб юрган инсонларга сабоқ бўлади. Худо хоҳласа, бу кунлар бошимиздан тезроқ ариса, энг катта мукофотлар сизники бўлади.

Унгача бардам бўлинг! Қалбан биргамиз!

Аҳмаджон Юсупов,
Koronavirus Info канали муҳаррири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг