Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухоро тиббиёт институтида хорижлик 287 талаба қолган. Уларга онлайн дарс ўтилмоқда

Бухоро тиббиёт институтида хорижлик 287 талаба қолган. Уларга онлайн дарс ўтилмоқда

Бухоро давлат Тиббиёт институтида жорий йилнинг 26 мартидан Талабалар турар жойида карантин туфайли ўз юртига қайтмаган хорижий талабалар учун онлайн дарслар бошлаб юборилди. Бу ҳақда Бухоро давлат Тиббиёт институти ректори Амрилло Иноятов Xabar.uz'га маълум қилди.

Бухоро давлат Тиббиёт институтида Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Белорусия, Покистон Ҳиндистон, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Афғонистон ва Украина давлатларидан жами 309 нафар хорижлик ёшлар таҳсил олмоқда. Айни пайтда карантин туфайли юртига ўз хоҳиши билан жўнаб кетмаган 287 нафар талаба институтнинг Талабалар турар жойида истиқомат қилмоқда. Шулардан 244 нафари туркман талабалари бўлса, 43 нафари ҳиндистонлик талабалардир. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилган.



Жорий йилнинг 26 мартидан бошлаб эса Талабалар турар жойида истиқомат қилаётган хорижий талабалар учун 10 та аудиторияда параллел тарзда онлайн дарслар ташкил этилган. Таълим муассасаси аудио ва видео жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.

Талабалар онлайн маърузаларни ўз хоналаридан туриб кузатишади. Институт профессор-ўқитувчилари эса олий таълим муассасаси бош корпусининг ўзбек, рус ва инглиз тили кафедраларида онлайн дарсларни олиб боришмоқда. Бу, албатта, қийин шароитларда ҳам ўқув жараёнининг тўхтаб қолишига йўл қўйилмаганини кўрсатади. Ушбу ноодатий форматдаги машғулотлардан талабалар мамнун.

Олийгоҳ томонидан талабаларга 16 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказилган. Талабалар турар жойида тиббиёт хонаси ҳам ташкил этилган бўлиб, зарур дори воситалари билан таъминланган. Уларнинг саломатлиги шифокорлар назоратида. Бундан ташқари, Фавқулодда вазиятлар вилоят бошқармаси томонидан Турар жой бинолари ва атроф-муҳитда доимий равишда дизенфекциялаш олиб борилмоқда.

Маълумотга кўра, Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи секретари Шамуҳаммет Муҳаммедов ҳам айни дамда Талабалар турар жойида ёшлар билан бирга. Икки қардош халқлар ўртасидаги ҳамкорлик, ҳамжиҳатликдан миннатдор.

Маълумот ўрнида: Бухородаги 4 та олийгоҳ ҳамда 6 та касб-ҳунар таълими муассасаларида 32392 нафар ёшлар таҳсил олади. Шундан 1270 нафарини турли хориж давлатларидан келиб таҳсил олаётган ёшлар ташкил этади. 634 нафари Олийгоҳларда, 636 нафари эса касб-ҳунар коллежларида таҳсил олади. Карантин мавсумида Бухорода қолган жами хорижлик талабалар 1238 нафардан иборат.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг