Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош прокурор «тез ёрдам» 15 дақиқада боради, деганди. Хўш?

Бош прокурор «тез ёрдам» 15 дақиқада боради, деганди. Хўш?

Фото: «Kun.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтган 15 июль кунги видеоселектор йиғилишида кўпгина мутасаддилар «оладиганини олгач», пандемия билан боғлиқ аҳволни янада яхшилаш борасидаги ишларда силжиш кузатила бошланди. Айниқса,  «тез ёрдам» чақируви билан боғлиқ муаммоларни бартаф этиш борасида фавқулодда чоралар кўришга тушилди.

Бу жараёнга прокуратура органлари ходимлари жалб этилиши селектор йиғилишидан кейинроқ маълум бўлганди. Негаки, Президент видеоселекторидан сўнг Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев махсус интервью бериб, давлат раҳбари кўндаланг қўйган муҳим топшириқларни санаб ўтаркан, чақирув билан боғлиқ масалага ҳам тўхталди ва бундан кейин «тез ёрдам» 15 дақиқада айтилган манзилга етиб боражагини маълум қилди.

Ўша кунлардаги таранг вазиятдан келиб чиқиб, бош қонун посбонининг мазкур баёнотига шубҳа билан қараганлар кам бўлмади, рости. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни-ку, айтманг. Бироқ, кўз тегмасин, энди вазият (хусусан, чақирув билан боғлиқ) нисбатан ўзгарган.

Албатта, ҳалво дегани билан оғиз чучимайди. Бош прокуратура матбуот хизматининг «Xabar.uz»га бу борада амалга оширилган ва оширилаётган ишлар ҳақида берган маълумоти тизим ходимлари яхшигина тер тўкаётганига далолат қилади.

Демак:

  1. Қўнғироқларни қабул қилиш учун марказий станцияда қўшимча
    70 та жой ташкил қилиниб, унга 70 та кўнгиллилар жалб этилди. Кўнгиллилар учун тезликда операторлик фаолиятини юритиш учун махсус ўқув курслари ўтилди. (Дарвоқе, кўнгиллилар асосан Чилонзор Тиббиёт коллежи, Тошкент Тиббиёт Академияси, Врачлар малакасини ошириш институтининг ўқитувчи ва ходимларидан иборат)
  2. Прокуратура органлари томонидан уларга (кўнгиллиларга) 150 та махсус кийимлар олиб берилиб, кунлик иссиқ овқат билан таъминланмоқда.
  3. Станцияни электр энергия билан узлуксиз таъминлаш мақсадида электр қувватини ошириш учун 10 млн. сўмлик «АВР» ускунаси олиб келиниб, ўрнатилди. Станциядаги мавжуд таъмирталаб 2 та генератор мутахассислар томонидан «одам қилиб» берилиши таъминланди (шу пайтгача шугинага жиддий эътибор берилмаган чоғи? - таҳр)
  4. Чақириқлар сони охирги 10 кунда 2200 тадан 4800 тага ошиб кетиши сабабли, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 100 та «Дамас» автомашинаси станцияга ажратилиши ҳамда давлат рақамлари олиб берилиши таъминланди.
  5.  Бош прокуратура ташаббуси билан «Shifoxona info» телеграм-бот канали лойиҳаси устида ишланмоқда. Бунда ҳар бир касалхонага бириктирилган прокуратура ходимлари юритаётган мавжуд бўш ўринлар (койка) ҳисоби мунтазам равишда «call» марказдаги чақирувларни мувофиқлаштирувчи диспетчерларга тақдим этилади.
  6. Ўз навбатида «Сall» марказдаги чақирувларни мувофиқлаштирувчи диспетчерларга етказилган маълумотлардан келиб чиқиб, чақирувга чиққан тез ёрдам бригадаси (заруратга қараб) беморни касаллиги бўйича бўш жой мавжуд бўлган яқин орадаги шифохоналарга йўналтириш имконияти ҳавола этилади.

Хўп, натижа қандай?

Амалга оширилган ишлар натижасида мурожаат этувчиларнинг ҳақли эътироз ва норозигарчилигини бартараф этишга эришилмоқда. Хусусан, бугунга (22 июль) келиб, чақирувлар тахминан 2000 тага камайгани айтилмоқда.

Қисқаси, ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Дарвоқе, яқинда маҳкама масъули прокуратура органлари ваколати доирасига кирмайдиган ишлар билан тизим ходимлари шуғулланаётганига изоҳ сўраб берилган саволга «ҳозирги пайтда ишларнинг «сеники-меники»си борми, умумманфаатга хизмат қиладиган масалаларга ҳамма бирдек масъул-ку?!» дея жавоб берганди.

               

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг