Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда аёллар ва болалар озиқланиши тўғрисидаги маълумот берди

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда аёллар ва болалар озиқланиши тўғрисидаги маълумот берди

ЮНИСЕФ ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги Озиқлантириш бўйича Ўзбекистон миллий тадқиқотининг натижаларини эълон қилди. Аёллар ва беш ёшгача бўлган болаларнинг озиқланиши бўйича ўтказилган сўровда барча 14 вилоятидаги 3874 та уй хўжаликлари вакиллари иштирок этди.

Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда болаларнинг нормал ўсишдан орқада қолиши кўрсаткичлари ижобий томонга ўзгарган. Ҳозирги вақтда бу кўрсаткич 8,7 фоизни ташкил этади. Болаларнинг вазн йўқотиш даражаси 1,9 фоизни, кам вазнли болалар эса 2,6 фоизни ташкил этади.

Гўдакларни кўкрак сути билан озиқлантиришни эрта бошлаш бутун мамлакат бўйлаб кенг тарқалган бўлиб, 91 фоизни ташкил этади. Бироқ, олти ойликкача бўлган болаларни фақатгина кўкрак сути билан озиқлантириш даражаси 50 фоизни ташкил этади. Ўнта боладан деярли тўққизтаси бир ёшгача ҳамда 40 фоизга яқини икки ёшга тўлгунча кўкрак сути билан озиқлантирилган.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, ёш болаларнинг атиги 30,3 фоизи минимал даражадаги хилма-хилликка эга бўлган озуқа оладилар. 6–23 ойлик болаларнинг 94 фоизи оптимал ўсиши ва ривожланишини таъминлаш учун етарлича овқатланмайдилар.

Болалар орасидаги яна бир муаммо ортиқча вазн ва семизликдир. Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистондаги болаларнинг 4,6 фоизи ортиқча вазнга эга. Бу келажакда турли муаммоларга, жумладан 2-типдаги диабет, бепуштлик ва юрак касалликларига олиб келиши мумкин. Тадқиқот шуни ҳам кўрсатдики, 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган ҳомиладор бўлмаган аёлларнинг 40,7 фоизи ортиқча вазнли ёки семиз. Аёлнинг ёши қанча катта бўлса, у шунчалик семизликка мойил эканлиги аниқланган бўлиб, бу соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммо деб қаралиши мумкин.

Тадқиқот Ўзбекистонда озуқа микроэлементлари танқислиги масаласига алоҳида эътибор қаратади. Афсуски, икки ёшгача бўлган ҳар тўрттадан бир болада камқонлик аниқланди. Ушбу ҳолатларнинг 75 фоизи темир моддасининг етишмаслиги билан боғлиқ. Беш ёшгача бўлган болаларнинг 50 фоизида темир моддаси етишмаслиги аниқланган. Камқонлик аниқланмаган бўлса-да, темир моддасининг паст даражада бўлиши болаларда когнитив ривожланишнинг кечикишига олиб келиши мумкин.

Ўсмир қизларда темир моддасининг танқислиги даражаси ташвишга солувчи даражада бўлиб, деярли 50 фоизни ташкил этади. Репродуктив ёшдаги аёлларнинг бештадан ҳар иккитасида темир моддаси етишмовчилиги аниқланган. Ҳомиладор бўлмаган ҳар беш аёлдан биттасида камқонлик, ҳар бештадан бирида эса В12 витамини етишмовчилиги мавжуд.

Сўровда қатнашганларнинг 90 фоиздан кўпи йодланган туз истеъмол қилишларини билдиришган ва қадоқланган туз идишларининг 80 фоизидаги ёрлиқлар буни тасдиқлаган. Бироқ туз намуналарининг таҳлили уларнинг атиги 40 фоизида етарли даражада йод мавжуд эканлигини кўрсатди. Мамлакат бўйлаб ҳомиладор аёллар етарли миқдорда йод истеъмол қилмаслиги аниқланди.

«Турли кўринишлардаги нотўғри ва етарлича бўлмаган озиқланиш профилактикаси боланинг эрта ёшдан ўсмирлик вақтигача ривожланишида муҳим аҳамият касб этади», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. «Соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва санитария, таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида болалар озиқланишини устувор масала қилиб қўйиш кўп тармоқли ҳамкорликни талаб қилади. Уларнинг ҳар биридаги муваффақият барча соҳалардаги муваффақиятни қўллаб-қувватлайди», — деб таъкидлади у.

ЮНИСЕФ тўғрисида

Ўз фаолияти орқали ЮНИСЕФ ҳар бир боланинг ҳуқуқ ва фаровонлиги таъминланишига эришишга ҳаракат қилади. Ушбу мажбуриятни амалий ҳаракатларга айлантириш мақсадида ЮНИСЕФ ҳамкорлар билан биргаликда дунёнинг 190 мамлакати ва ҳудудларида иш олиб боради ва дунёдаги барча болаларнинг, хусусан, ижтимоий жиҳатдан яккалаб қўйилган, алоҳида этибор ва ёрдамга муҳтож болаларнинг манфаатлари йўлида ҳаракат қилади.

ЮНИСЕФ ва унинг Ўзбекистондаги фаолияти тўғрисида тўлиқ маълумот олиш учун www.unicef.uz сайтига ташриф буюринг.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг