Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёввойи табиатнинг ақлни шоширувчи суратлари

Ёввойи табиатнинг ақлни шоширувчи суратлари

Хитойлик фотограф Юнцин Бао (Yongqing Bao) "Тулки ва суғур олишуви" сурати.

«Ёввойи табиатнинг энг яхши фотосуратчиси» (Wildlife Photographer of the Year) танлови ғолиблари эълон қилинди.

Хитойлик фотограф Юнцин Бао (Yongqing Bao) тулки ва суғур олишуви акс этган ижодий иши билан танловнинг бош совринини қўлга киритди. Ижодкор  ушбу фавқулодда драматик вазиятни фототасмага муҳрлаш учун марказий Тибет тоғларини ойлаб кезди.

«Ёввойи табиатнинг энг яхши фотосуратчиси» танлови 1964 йилдан буён Лондон табиатшунослик музейи томонидан ўтказиб келинади. Қуйида ушбу нуфузли танловнинг асосий номинациялари ғолиблари билан танишинг.

«Бургут ҳамласи». Оден Рикардсен, Норвегия

«Қушларнинг феъл-атвори» номинацияси ғолиби бўлган Оден Рикардсен (Audun Rikardsen) ушбу суратни олиш учун оз эмас, нақ уч йил уринди. Тиниб-тинчимаган фоторассом баланд қоялар тепасига яширин камера қўйиб, ниҳоят бургутнинг ҳамласини муваффақиятли тарзда суратга олишга муваффақ бўлди.

«Издиҳом». Штефан Кристманн, Германия

Антарктика музлигидаги беш мингга яқин император пингвини кучли шамол ва қаҳратонга қарши туриш учун бир тану бир жонга айланган. Жониворлар насл давомчилари – полапонларини ҳам оёғи орасида авайлаб-асрашга уринмоқда. Олмон фоторассоми Штефан Кристманн (Stefan Christmann) ушбу ижодий иши билан «Портфолио» йўналишида ғолиб бўлди.

«Каламушлар галаси». Чарли Ҳэмилтон-Жеймс, Буюк Британия

Британиялик фотограф Чарли Ҳэмилтон-Жеймс (Charlie Hamilton-James) «National Geographic» топшириғи асосида дунёнинг турли шаҳарларида каламушлар ҳаётини тадқиқ қилди. «Шаҳардаги ёввойи табиат» номинациясида ғолиб деб топилган ушбу суратда Нью-Йорк марказидаги меҳмонхона ёнида озуқа қидириб юрган кемирувчилар галаси акс этган. 

 «Чумолилар армияси». Дэниел Кронауэр, АҚШ

Фотограф Дэниел Кронауэр (Daniel Kronauer) фавқулодда бетакрор сурат олиш учун Марказий Американинг Коста-Рика давлатига сафар қилди. Минглаб «аскар» чумолилар буталар устида жамланиб, ўз танасидан уя ҳосил қилган. Жонли уя ичида эса чумолилар маликаси ором олаётир. Бу манзара ҳар куни такрорланади: эрта тонгда қумурсқалар тирикчилик ташвишида ҳар ёнга тарқалади, ором олиш вақти келганда эса яна бир жойда тўпланиб жонли уя ҳосил қилади. Фотограф ушбу ижодий иши учун «Умуртқасизлар» номинациясида ғолиб деб топилди.

«Қор остида». Макс Во, АҚШ

Ёввойи табиатнинг энг яхши сурати танловини қор саҳнасисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Фотограф Макс Во (Max Waugh) Йеллоустон қўриқхонасидаги бизонни сирли-тилсимли алфозда кадрга муҳрлашнинг уддасидан чиқди. Мазкур сурат «Оқ ва қора» номинациясида тенгсиз деб топилди.

«Қор босган ясситоғлар оша». Шанчжэнь Фань, Хитой

Тибетни макон тутган оронго кийиклари қор босган ясситоғ оша илиқ манзиллар сари йўл олган. Совуққа анча чидамли оронго кийиклари 5500 метргача баландликда яшайди. Фоторассом Шанчжэнь Фань (Shangzhen Fan) томонидан олинган ушбу сурат «Табиий муҳитдаги ҳайвонлар» номинациясида ғолиб деб топилган.

С.Салим тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг