Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ёпишмаган гажжак». Андижон ҳокимининг «қимматбаҳо машинаси»га оид хабарларга изоҳ берилди гўё...

«Ёпишмаган гажжак». Андижон ҳокимининг «қимматбаҳо машинаси»га оид хабарларга изоҳ берилди гўё...

Фото: Водий бозор канали

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қимматбаҳо «TAHOE» (нархи салкам 800 миллион сўм!) хизмат машинаси харид қилганига оид хабарлар тарқалганди. Ҳокимнинг котиби Мирзохид Ботиров маҳаллий телеканалга берган интервьюсида  айни мазмундаги хабарларга изоҳ берди гўё...

Унинг айтишича, ҳокимнинг хизмат машинаси техник носозлиги сабаб  ўша кунлари «UzAuto Motors» балансидаги «TAHOE»дан вақтинча фойдаланиб турган. Вассалом!

Бу мазмундаги гап ўта ишончсиз, ҳатто кулгули эканини бир қарашда илғаш қийин эмас.

Биринчидан, вилоят ҳокимининг хизмат машинаси ростанам техник носоз бўлса, ҳокимликда фойдаланишга бошқа машина йўқмиди?

Иккинчидан, «UzAuto Motors» — Андижон вилояти ҳокимлигининг «шахсий томорқаси» эмас, шу маънода ўз балансидаги қимматбаҳо машинани вақтинча фойдаланиб туриш учун ҳокимга қўш қўллаб топширилганига ишониш қийин.

Ниҳоят, учинчидан, тарқалган суратларда автомашинага давлат рақами (60 001 ААА) қадалганини кўриш мумкин. Билишимизча, айни давлат рақами вилоят ҳокимининг «техник носоз» хизмат машинасига тегишли. Энди савол: бошқа юридик шахс балансидаги машинага мутлақо бошқа ташкилотга қарашли автоуловнинг давлат рақамини қадаб юриш бориб турган қонунсизлик эмасми?! Агар «изоҳ»га ишониладиган бўлса, ҳокимнинг ўзи (ёки ҳайдовчиси) йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилиши керак. Бироқ Андижонда бунга «духи» етадиган валломат  борми — гап шунда!

Биласиз, ўтган йили ҳоким вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғини вазирига қўшиб сўкар экан, «власть қўлида экани»ни алоҳида таъкидлаган эди...

Хуллас, ҳокимнинг матбуот котиби берган изоҳини «ёпишмаган гажжак»ка ўхшатиш мумкин, холос.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг