Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Ярим тунда фермерни ҳокимликка мажлисга чақирганга жазо белгиланмайдими?

Ярим тунда фермерни ҳокимликка мажлисга чақирганга жазо белгиланмайдими?

Хабарингиз борми, йўқми, билмадиму, 2018 йил сентябрь ойидан бошлаб online.sud.uz порталида айрим суд мажлислари трансляция қилиб борилади (ҳаммаси эмас). Исталган киши бемалол жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича суд мажлисларини томоша қилиши, унда бўлаётган жараёнларни онлайн кузатиб бориши мумкин.

Яхши томони тўғридан-тўғри эфир якунлангач, ўша суд мажлиси видео шаклида порталда сақланиб қолади. Келгусида ҳам архив бўлимидан уларни томоша қилиш мумкин.

Бу интерактив хизмат шаффофлик билан бир қаторда барча фуқаролар, айниқса юридик соҳада таҳсил олаётган талабалар учун, суд мажлисларининг ўтказилиш тартиби ҳақида жонли мисол бўла олади ва уларнинг бу борадаги ҳуқуқий онгини оширади.

Кечки соат 11 да ҳокимиятга мажлисга чақирилган ва маст ҳолда машина бошқарган фермер воқеаси:

Портални кузата туриб, бугун жойланган бир маъмурий ишни томоша қилдим. Унда Шеробод туманида яшовчи фермер акамиз маст ҳолда ўзганинг машинасини ишончномасиз бошқариб кетаётганда ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган ва маъмурий баённома тузилган ҳолат суд қилинибди.

Суд мажлиси жараёнида фермер акамиз воқеани изоҳлай туриб, машина ҳақиқатдан ўзганинг номида эканлиги, аниқроғи деновлик фуқародан машинани сотиб олгану, лекин ҳали ўз номига расмийлаштиришга улгурмаганини айтди.

Ва яна ўша куни ўғлининг туғилган куни бўлгани, уйига меҳмонлар келгани ва ўша зиёфатда алкоголь ичимлиги ичгани, лекин тунги 11 ларда туман ҳокимлигига зудликда мажлисга чақиришгани ва мажлисга боришга мажбур бўлиб қолгани, туман ҳокимлиги жойлашган кўчага бурилганда ЙПХ ходимлари уни тўхтатгани, айбига иқрорлиги ва уни кечиришларини сўради.

Судья мавжуд ҳолатни ўрганиб чиқиб, фермер акамизни МЖтК 131-моддаси 1-қисми (маст ҳолда бошқариш) ҳамда 135-моддаси 1-қисми (ишончномасиз бошқариш) билан айбдор деб топди. Ва унга ҳайдовчилик ҳуқуқидан 1 йилу 6 ой муддатга маҳрум қилиб, ЭКИҲ 15 баравари миқдорида (3 млн сўм) жарима тайинланди.

Судья жаримани тайинлашда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олди. Яъни маст ҳолда машина ҳайдаганлик учун 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача жазо ҳамда 25 минималка жарима белгиланган. Шундан келиб чиқиб, судья ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг энг кам муддатини, жарима жазосини эса белгиланганидан ҳам камроқ (25 эмас, 15 минималка) тайинлади.

Айтганча, машинасини ҳужжатсиз ҳайдаш учун бериб юборган шахс ҳам 202 минг 730 сўм жаримага тортилди.

Лекин ярим кечаси фермерни ҳокимликка мажлисга чақирганларга ҳеч қандай жазо белгиланмайди. Ана шунақа.

Сиз ҳам суд мажлисларининг видеосини кузатиб туринг, анча қизиқ воқеаларга дуч келасиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг