Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янгиариқда аҳоли томорқаси ким ошди савдосига қўйиб юборилди

Янгиариқда аҳоли томорқаси ким ошди савдосига қўйиб юборилди

Янгиариқ тумани ҳокимлиги биноси.

Хоразмнинг Янгиариқ туманидаги Гулланбоғ қишлоғи ҳудудидаги «Дўстлик» маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг шахсий томорқаси туман ҳокими қарори билан ким ошди савдосига қўйилганидан норози бўлишмоқда.  

1

Аҳоли мурожаатини ўрганарканмиз, дастлаб уларнинг сўзларига қулоқ тутамиз:

– Бизнинг уйларимиз «Остона» канали бўйида жойлашган. Шу каналнинг нариги томонида қўшимча томорқамиз бўлиб, ундан бинойидай фойдаланиб келаётган эдик. 2014 йилда Янгиариқ туман ҳокимлигидан ишчи гуруҳ келиб: «Сизларнинг томорқаларингиз зарур оилаларга олиб берилади. Бунинг ўрнига сизлар эшигингиз олдидаги канал бўйидаги муҳофаза зонаси саналган ерлар хатлаб берилади», дейишди. Биз бунга рози бўлдик, – дейди Музаффар Бобожонов.

Мавжуд тартиб-қоидага мувофиқ ҳар бир сув иншоотининг муҳофаза зонаси бўлади. «Остона» каналининг муҳофаза зонасидан сўнг бир вақтлари захкаш ҳам бўлган экан. Эндиликда унинг чала-ярим қолдиқлари қолган холос. Қоидага кўра бундай коллекторнинг ҳам муҳофаза зонаси  бўлиши шарт. Захкаш «Остона» канали қазув-таъмирлаш жараёнида кўмилиб кетгач, ҳар бир хонадон эгаси ўз уйи олдидаги ерларни текислаб, экин экиб, боғ яратган.

2014 йилдан эътиборан қўшимча томорқасини бошқа хонадон эгаларига топширган фуқаролар эшиги олдидаги «қўриқ ерлар»ни обод қилиб, фойдаланиб келишарди. Ҳатто бунинг учун улар давлатга ер солиғи ҳам тўлашган. Эндиликда бу ерлар ким ошди савдосига қўйилгани кўпчиликни, айниқса, кўп сонли аъзолар яшаётган оила соҳибларини ташвишга солмоқда.

2

«Дўстлик» фуқаролар йиғини раиси Шокир Машарипов билан учрашиб, фуқароларнинг ер мулки тўғрисида маълумотлар қайд этилиб бориладиган «Хўжалик дафтари»ни кўрсатишни сўрадик. Мақсадимиз аризагўйлар ҳақиқатан неча сотих ерга солиқ тўлаб келаётганини билиш эди. Фуқаролар йиғини раиси: «Бизда бундай дафтар йўқ. Маҳалламиз янги ташкил қилинган. Бу дафтар Гулланбоғ қишлоқ фуқаролар йиғини мавжуд пайти бўлган бўлса керак. У даврдаги ҳужжатларнинг барчаси Хонқа туман архивига топшириб юборилган», деди. Хонқа туман архиви мутасаддиларига учрашганимизда  «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини бу яқин йиллар ичида ҳеч қандай ҳужжатларни сақлаш учун топширмаганини айтишди.

Хафсаламиз пир бўлиб, яна Янгиариққа отландик.

Аҳоли эшиги олдидаги ерлар нимага таяниб ким ошди савдосига қўйилгани, бунинг ҳуқуқий асослари билан танишиш мақсадида Янгиариқ туман ер-кадастр бўлими раҳбари Мақсуд Ражабов билан учрашганимизда у саволларимизга жавоб беришни истамади. Ажаб...

Назаримизда Янгиариқ тумани ёпиқ жамият ҳукм сураётган ҳудудга ўхшаб кетди. Чунки ахборот олиш эркинликлари ва кафолатини кундуз чироқ ёқиб топиш амримаҳол. Оддий фуқаролар йиғини ёки ер-кадастр бўлими масъуллари марказий оммавий ахборот воситаси вакилига бюрократларча муносабат билдириб турса, бошқалардан яна нимани кутиш мумкин?

Маълум бўлишича, аризагўйлар Янгиариқ туман ҳокимлиги архивига зарур ҳужжатлардан нусха олиш учун ҳафталаб мурожаат қилишган экан. Бу ердагилар эса уларнинг қонуний талабини ҳануз пайсалга солиб келишади. Анча-мунча тажрибага эга мендек журналист учун Янгиариқда ахборот олиш, журналистик суриштирув учун манбалар йиғиш шу даражада қийин кечдики, она сутим оғзимдан келди десам, лоф эмас.

 

3

«Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинига такрор борганимизда бу ерда қоғоз қоралаб ўтирган аёл бизга ҳеч қандай ҳужжат билан таништирмаслигини, чунки юқоридан шундай топшириқ борлигини иддао қилишга тушди. Анча тортишдик. Фуқаролар йиғини раиси Ш.Машарипов аралашгач, неча ҳафтадан буён сўроқлаб юрган «Хўжалик дафтари» қўлимизга тегди.

«Хўжалик дафтари»га бир қур назар соламиз. Ундаги бизга арзиҳол қилаётган фуқароларнинг умумий ер мулки 25 сотих деб қайд этилганини кўриб, маълумотларни телефонимизга суратга оламиз.

4

Хулласкалом, Янгиариқ тумани «Дўстлик» маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар муаммолар гирдобида қолмоқда.  Юқорида айтдик, 2014 йилда туман ҳокими қарори билан (1990 йилларда берилган қўшимча томорқаси олиниб, бошқа фуқароларга берилиши эвазига) аҳолига ўз уйи олдидаги ерлар томорқа сифатида берилгани иддао қилинмоқда. Бу гаплар ҳақиқат эканини ўша даврда қишлоқда ер тузувчи вазифасида ишлаб келган мутахассислар ҳам тасдиқлади. Бироқ... томорқалар алмаштирилишига оид собиқ туман ҳокимининг 2014 йилда чиқарган қарори бугунга келиб ҳудуднинг янги раҳбари учун бир тийинлик қадр-қиммати йўқдай гўё...

Мамлакат раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифи (2020 йилнинг 13 март)  вилоятда қанча камхарж оила брлиги рўй-рост айтилганди. Яъниким, бугунги кунда  Хоразмда 58 минг оила камбағаллик бўсағасида яшамоқда. Шуларнинг 856 тасининг аҳволи ўта ночор...Камбағаллик қисқартириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётган бир паллада Янгиариқда уни кўпайтиришга уринишлар бўлаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Ахир томорқаси тортиб олинган оила камбағаллик жабрини тормайди деб ким кафолат беролади? Ачинарлиси шуки, ана шу томорқаси билан ҳам ўта ночор аҳволда яшаётган оилалар йўқ эмас.

5

Муаммони ўрганар эканмиз, Янгиариқ туман ҳокими учун ким ошди савдосига қўйишга ҳайҳотдай ҳудудда бошқа ер қурибдими, дегимиз келади.

Дарвоқе, фуқаро Жамол Бобожонов 2020 йилнинг 8 майида мавжуд муаммоларни айтиб Ўзбекистон Республикаси Президенти порталига мурожаат қилган эди. Ушбу мурожаат юзасидан Янгиариқ туман ҳокими М.Худайберганов: «...Сиздан ушбу ер майдони сизга тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар сўралганда тақдим қила олмадингиз ва ҳужжатларингиз йўқлигини оғзаки равишда маълум қилдингиз...» , дея жавоб қайтарган.

Ахир ернинг фуқароларга томорқа сифатида берилганини  тасдиқловчи ҳужжат ҳокимлик архивининг темир сейфида турсаю, ундан нусха олиш учун одамлар тиз чўкиб тавалло қилаётган бўлса, туман ҳокимлиги расмийлари учун яна нима керак?

Энг ёмон жиҳати шуки, Вазирлар Маҳкамаси қарорида аукционга бўш турган ерлар қўйилиши таъкидланган. Ваҳоланки, «Дўстлик» маҳалласидаги ерлар учун одамлар томорқа сифатида ер солиғи тўлаб келишган. Солиқ тўлаганлиги, «Хўжалик дафтарида»да умумий ер ҳажми 25 сотих қилиб кўрсатилгани, нима бу, ҳоким жаноблари учун ҳужжат эмасми?

6

Мавжуд низом ва тартиб-қоидаларга кўра ерларни ким ошди савдосига қўйишдан олдин ҳайъат аъзоси объектни пухта ўрганиб чиқиши талаб қилинади. Ҳайъат аъзолари орасида экология ва табиатни асраш ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси бўлими бошлиғи Мадамин Қурбонов ҳам ўз хулосасини берган. Нима дейсизки, у одамлар йиллар давомида парваришлаб, дарахтзорга айлантирган боғни бўм-бўш ерлар деган хулосани берган. Ўзбекистонда, айниқса, Оролбўйи минтақаси саналган Хоразмда бир дона дарахтни кесиш қанчалик фожеага сабаб бўлишини мазкур шахсга тушунтириш зарур бўлмаса керак.

7

Ҳайъат таркибида Мадамин Қурбоновдан ташқари яна олти нафар мутахассис бор. Улар балки дарахтлар мороторийси ҳақида билишмас, бироқ мазкур шахс экология ва табиатни асраш ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб туриб табиатга – яшнаб, барқ уриб турган боғларга қирон келтириш, иморатлар қуриш баҳонасида ўнлаб боғларни чопиб, йўқ қилиш тарафдори бўлса?!

– Мадамин Қуронов бизнинг олдимизга келиб: «Сенинг боғингдаги бу дарахтлар  менинг учун бир тийинлик аҳамияти йўқ. «Қизил китоб»га киритилган дарахтларни чопмасак бўлгани», деган фикрларни айтди, – дея нолинади тағин Музаффар Бобожонов. – Ахир ноёб мевали дарахтларни парваришлаш учун ўн йиллар давомида меҳнат қилиш зарур.   

8

Хуллас, Янгиариқда аҳвол шундай. Муаммо бор, ечими йўқдай. Маҳаллий бошқарув идораларида  очиқлик ва шаффофликдан асар  бўлмагандан кейин муаммо устига муаммо туғиладеради-да. Туман идора ва ташкилот масъуллари пойтахт ОАВ вакили бўлган журналистга  «ўйинлар» қилиб турган бир паллада ҳуқуқий саводхонлиги бир нави бўлган оддий фуқароларга қандай муносабатда бўлишини тасаввур қилаверинг. Масалага адолат билан ёндошилганида эди, ўнлаб фуқароларни қийнаётган муаммонинг ечими 2014 йилда қабул қилинган собиқ ҳоким қароридан топилган бўлармиди?!

Дарвоқе, ўша қарорни ҳокимлик архивининг темир сандиқларидан олишга кимнинг кучи етар экан?

Эрпўлат БАХТ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг